Бош прокуратура: “Ўзбекистон вазир ва оддий фуқаро бирга яшай оладими? Видеони кўриб фикр билдиринг!” сарлавҳали видеороликнинг жиноят ишига алоқаси мавжуд эмас”

09:42 07 Август 2019 Жамият
496 0

“Озодлик” радиосининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 12 июнь куни «Ўзбекистон вазир ва оддий фуқаро бирга яшай оладими? Видеони кўриб фикр билдиринг!” номли видеохабар чиққанди. 6 август куни блогер Нурбек Алимовнинг каналида “Озодлик”да чиққан видео муаллифига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, у гумонланувчи сифатида сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар чиқди.

“Дарё” манбаси жиноят иши ҳақида маълумот беришни сўраб Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди ва фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши 12 июнь куни эълон қилинган видеога алоқадор эмаслиги маълум бўлди. Бош прокуратура изоҳи билан қуйида тўлиқ танишиш мумкин:

“Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 24 июль куни фуқаро М.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши қўзғатилишига Ўртачирчиқ тумани «Қурама овул чувулдоқ» маҳалла фуқаролар йиғини Саховат кўчасида яшовчи Н.С. ва унинг укаси Р.М.нинг 3 июль куни Ўртачирчиқ туман прокуратурасига фуқаро М.Х. фарзандларини кўриш баҳонасида яшаш хонадонига келиб, жанжал чиқариб, оиласини шарманда қилиш мақсадида мунтазам равишда турли идораларга туҳматдан иборат аризалар билан мурожаат қилиб келаётганлиги боис унга нисбатан чора кўришни сўраб йўллаган аризалари асос бўлган.

Жумладан, фуқаро М.Х. 6 май куни Ўртачирчиқ тумани ИИБга, 14 май куни  Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонига, 19 май куни туман ИИБ бошлиғи номига, 16 июнь куни Ўртачирчиқ тумани ИИБга, 7 июнь куни Тошкент вилоят прокуратурасига, 17 июнь куни Ўртачирчиқ туман прокуратурасига йўллаган аризаларида собиқ турмуш ўртоғи Н.С., собиқ қайнонаси Л.С. ва собиқ қайнукаси Р.М.нинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилган. Лекин ўрганиш жараёнида (хусусан, видеокузатув камераси орқали олинган тасвирлар орқали) ушбу аризаларда келтирилган важлар ўз исботини топмаган, аксинча уларга нисбатан туҳмат қилганлиги аниқланган.

Аниқланишича, М.Х. 22 январь куни Ўртачирчиқ туман маъмурий судининг қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат), 41-моддаси (ҳақорат қилиш), 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисмида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, тайинланган 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Мазкур жиноят иши қўзғатилишига ижтимоий тармоқларда 12 июнь куни эълон қилинган “Ўзбекистон вазир ва оддий фуқаро бирга яшай оладими? Видеони кўриб фикр билдиринг!” сарлавҳали видеоролик асос бўлмаган ҳамда видеороликнинг жиноят ишига алоқаси мавжуд эмас”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019