Бош прокуратура: “Идоралараро тезкор-тергов гуруҳи томонидан 5 187 та оғир ва ўта оғир жиноят фош этилди”

08:35 06 Июнь 2018 Сиёсат
1333 0

Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида прокуратура ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан қуйидагиларни гапириб берди.

“Ўйлайманки, бугунги брифинг прокуратура органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида хамкорликни янада жонлантириш, жамоат назоратининг самарали механизмларини йўлга қўйишга хизмат қилади.

Халқимизни қизиқтираётган масалалар жуда кўп. Ҳаракатлар стратегиясида шу йилнинг ўзидаёқ суд ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга оид 45 та мавзу кўзда тутилган. Уларнинг моҳиятини, мамлакатдаги янгиланишларнинг ажралмас қисми эканлигини халқимизга тушунарли қилиб етказиб бера олсак, биз ҳам, сиз, матбуот ходимлари ҳам жамият олдидаги бурчимизни бажарган бўламиз” деди у.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Фармони билан халқ манфаатларига хизмат қилиш прокуратура органларининг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Бинобарин, Халқ билан бевосита мулоқот, унинг оғирини енгил қилиш, мурожаатларини одилона ҳал қилиш асосий давлат идоралардан бири бўлган прокуратуранинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Чунки ҳар бир мурожаатга, кимнингдир хуқуқлари бузилгани ёки камситилгани ҳолати сабаб бўлади.

Бош прокуратуранинг мурожаатларни қабул қилиш марказининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасига интеграция қилинганлиги фуқаролар томонидан Виртуал қабулхонага юборилган мурожаатларни қисқа муддатда қабул қилиш ва тезкор ҳал этиш имконини яратди.

Эркин Юлдашевнинг айтишича, биргина 2017 йилнинг ўзида прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали қабул қилинган 144 686 та мурожаат кўриб чиқилиб, улардан 138 403 тасининг ҳал этилиши таъминланди. Ушбу даврда бевосита прокуратура органлари томонидан 235 мингдан зиёд фуқаролар қабул қилинган.

Аҳоли билан бевосита мулоқотни амалга ошириш мақсадида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, жами 10 мингдан зиёд фуқаролар қабул қилинди. Қабуллар жараёнида 2 092 нафар фуқаронинг турли ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа муаммоли масалалари юзасидан ижобий ечим топишга эришилди.

- Вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари муҳофазаси масалалари ҳам прокуратуранинг доимий диққат марказида бўлмоқда. Прокуратура органлари вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан яқиндан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда, деди Бош прокурор ўринбосари. - Хусусан, жорий йил давомида амалга оширилган назорат тадбирлари натижасига кўра, 2 594 нафар вояга етмаган шахснинг ижтимоий ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

2017 йил 8 августда қабул қилинган “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда ишларни ташкил этишнинг мутлақо янги тизими ва шакли жорий этилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудлари тегишлича ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга ажратилди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан прокуратура органлари томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 69 841 оилага турмуш шароитини яхшилашга қаратилган манзилли ёрдам кўрсатилди, иши тўхтаб қолган 4 539 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди, 10 841 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, 11 015 нафар тадбиркорга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, 91,4 минг нафар тадбиркорлар тўлов терминаллари билан таъминланди.

Бундан ташқари, 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринлари яратиш Дастурини ижро этиш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида, айниқса, коллеж битирувчиларининг иш билан таъминланиши, бу соҳага оид ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан 10 571 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ҳамда 9 292 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди.

Эркин Юлдашев жиноятчиликка қарши курашда энг асосий вазифа бўлган жиноятларни барвақт олдини олишнинг самарали чоралари хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган идоралараро тезкор-тергов гуруҳи томонидан 5 187 та оғир ва ўта оғир жиноят фош этилди, ўндан ортиқ босқинчилик, талончилик ва ўғирлик жиноятларини содир этган жиноий гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Узоқ вақт мобайнида очилмай келаётган 25 та жиноят иши, шу жумладан, содир этган шахс номаълумлиги сабабли иш юритувдан тўхтатиб қўйилган 7 та жиноят иши қайта тикланиб, ишга алоқадор бўлган шахслар фош этилиб, айбдорларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди. Қидирувда бўлган 5 789 нафар шахс ушланди, айбланувчилардан 271 млрд. 8 млн. сўм миқдоридаги зарар ихтиёрий равишда қопланишига эришилди.

Прокуратура органлари томонидан жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув ва тергов фаолияти соҳасини мувофиқлаштириш борасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг 11 715 та қарори бекор қилинди, зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида 58 436 та ёзма кўрсатма берилди.

Энг муҳими, 2017 йил ва жорий йилнинг 4 ойида айбсиз бўлган 434 нафар фуқаро судлар томонидан оқланди. Бу суд процессларида прокурорларимиз қатнашиб, илгари чиқарилган асоссиз суд ҳукмларини бекор қилиб оқлов ҳукми чиқариш лозимлиги тўғрисида фикр билдиришмоқда, протестлар киритишмоқда.

Умуман олганда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамиятнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида118 200 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, 155 643 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди. Қонун талабларига хилоф бўлган 9 339 та ҳужжат бекор қилиниб, 18 527 таси қонунга мувофиқлаштирилди, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида 22 800 та тақдимнома киритилди, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 3 164 та жиноят иши қўзғатилди.

Шу тариқа кўплаб фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, уларнинг адолат қарор топишига бўлган ишончи мустаҳкамланди.

Шу вазифаларни янада самарали бўлишини таъминлаш мақсадида, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан прокуратура органлари фаолиятини янада такомиллаштирилди.

Президентимизнинг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органларининг ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бош прокуратураси ҳузурида энг янги ахборот технологиялари ва рақамли ускуналар билан жиҳозланган Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилди.

Бундан ташқари, Юртбошимиз Фармони билан Бош прокуратура ҳузурида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси тузилди, Бош прокуратура Академияси ташкил этилди, Департаментнинг фаолияти тубдан такомиллаштирилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг байроғи ва эмблемаси тасдиқланди, ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш чоралари кўрилди.

Брифинг давомида Бош прокурор ўринбосари ва бошқа мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар