Бош прокуратура 423 нафар фуқарога уйларни хусусийлаштириш масаласида ёрдам берди

19:01 30 Август 2018 Жамият
86 0

Бош прокуратура томонидан ётоқхоналардаги хонадонларни хусусийлаштириш бўйича таклифлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши таъминланди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва яшаш шароитини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган 2 та ётоқхонада яшовчи фуқароларнинг мурожаати бўйича уларнинг яшаш жойига мулк ҳуқуқини бериш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги фармойишига мувофиқ, Сергели тумани, Спутник-4 мавзеси, 50-уйда жойлашган 2-сонли ётоқхона ва Сергели тумани, Қурувчилар мавзеси, 32-уйда жойлашган 3-сонли ётоқхона Тошкент шаҳар ҳокимлигига тасарруф этиш ҳуқуқисиз ўтказилган.

Ушбу ётоқхоналардаги хонадонлар сони 134 тани ташкил этиб, ҳозирда уларда 423 нафар фуқаролар истиқомат қилиб келмоқда.

Мутахассислар томонидан юқоридаги ётоқхоналар ўрганилиб, уларни турар жой тоифасига ўтказиш мумкинлиги ҳақида хулосалар берилди.

Шу муносабат билан Бош прокуратура томонидан ётоқхоналардаги хонадонларни хусусийлаштириш бўйича таклифлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши таъминланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 августдаги фармойиши қабул қилиниб, унга кўра мазкур ётоқхоналар уларда узоқ йиллар давомида истиқомат қилиб келаётган фуқаролар манфаатида мулк ҳуқуқини белгилаш бўйича зарурий чора-тадбирларни кўриш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига тасарруф этиш ҳуқуқи билан ўтказилди.

Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Сергели туман ҳокимлигининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, уларга асосан ётоқхоналарнинг тоифаси турар жойга ўзгартирилди ва уларда узоқ йиллар давомида яшаётган фуқароларга хонадонларни хусусийлаштириш имкони пайдо бўлди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар