“Бори элға яхшилиқ қилғил”

13:46 14 Февраль 2020 Маданият
368 0

Шоҳ ва шоир, буюк саркарда, давлат арбоби, олим, таржимон Заҳириддин Муҳаммад Бобур бутун башариятга улкан ижодий-маънавий мерос қолдирган. Уни бугун бутун дунёда ардоқлайдилар, ўқийдилар. Унинг биргина “Бобурнома” асарини шарқона қомусий асарларнинг энг яхши намунаси, десак янглишмаймиз. Ушбу асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилингани ҳам сир эмас.

Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган адабий кечалар, анжуманлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда. шу муносабат билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида “Бори элға яхшилиғ қилғил” номли адабий кеча бўлиб ўтди. тадбирда ёзувчи-шоирлар, афғонистонлик адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берди. Шунингдек, анжуманда филология фанлари доктори Олимжон Давлатов, афғонистонлик олим Саййид Ҳожиддин, Тошқин Баҳойи, шоир Муҳаммад Козим Аминий, Фороб давлат университети ўқитувчиси Муҳаммад ашраф Шарифий Бобурнинг улкан саркардалик ва санъаткорлик жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдиргани ҳақида сўз юритди, ғазал ва рубоийларидан айтди. Ниҳол мукофоти совриндори Илёсбек Арабов томонидан Бобур ғазали хиргойи қилинган барча меҳмонларни хушнуд этди. Ёш ижодкорлар томонидан шоҳ ва шоирга бағишланган шеърларини ёддан айтиб берди.

Адабий кечада “Бобурнома” ҳақида адабиётшунослар батафсил маълумот бериб ўтишди. Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқлангани ҳамда девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олганлиги баён қилинди.

Афғонистон тарихини, жуғрофиясини, умуман, кўп жиҳатдан юртимни ўрганишда “Бобурнома” асари асосий манба ҳисобланади. — дейди афғонистонлик олим Тошқин Баҳойи. — Сабаби буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Бобур учта ўлкани: Моварауннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон маданиятини шакллантирди ва бирлаштирди, десам муболаға бўлмайди. Биз афғон халқи ҳам ҳамиша Бобур таваллудини катта адабиёт, маънавият байрами сифатида нишонлаймиз, шоирни, унинг асарларини тадқиқ этамиз, қадрлаймиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимларида ҳам мазкур санага бағишлаб, қатор тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?