Боқийсан, ифтихоримсан, муқаддас она тилим

17:01 17 Октябр 2019 Жамият
261 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5-октабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида» ги қонуни қабул қилинганлигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида «Боқийсан, ифтихоримсан, муқаддас она тилим» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад она тилимизнинг халқаро миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш, ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз кераклигини ёш авлодга тушунтиришдан иборатдир.

Миллий ўзлик, аввало, қадрятларга муносабатларда намоён бўлади. Биз она тилимизни қанчалик севамиз? Қачон таваллуд кунларда ўзбек тилида қутлашни одат қиламиз? Тадбиркорларимиз ишлаб чиқарган маҳсулотларига, бино ва ташкилотлар пештоқига қачон ифтихор билан ўзбекча ном танлаб ёздиради?

Тадбирда сўзга чиққанлар она тилимизни асраб-авайлаш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида таъкидлаб ўтишди.

-Ҳамиша шундай тилимиз борлигидан фахрланаман. Мен Навоий ғазалларини, Бобур байтларини куйлаб эл ичра ҳурмат топдим. Хорижий мамалакатларда бўлганимизда она тилимизда куйлар эканмиз, тилимиз сеҳрига маҳлиё бўлганларни нигоҳига боқиб, ичим ғурурга тўлган пайтлар кўп бўлган. Бизнинг тилимиз ардоқланишга муносиб ва бу барча соҳа вакилларининг вазифасидир. дея таъкидлади, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева биз билан суҳбатда…

Бугун ер юзида 6000 га яқин тил ва лаҳжа бўлса, улардан бор йўғи 178 таси давлат тили мақомига эга. Улар орасида ўзбек тили борлиги бизнинг фахримиздир…

ЮНEСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонлй миллатларнинг тилларидир.

Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас.

Тадбирда маънавиятимиз ходимлари томонидан тилнинг жамиятда тутган ўрни ҳақида айтиб ўтилди.

Заҳриддин Муҳаммад Бобур ўз асарларидан бирида Алишер Навоий турк назмида байроқ кўтариб, битта қалам билан довруғини дунёга ёйиб, турк тилининг ўлган руҳига Масиҳ нафасдек жон ато қилганлигини ёзган эдилар.

Ҳозирги кунда ҳам тилимиз билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бу муаммоларнинг ечими эса-она тилимизни севиш, уни ардоқлаш билан боғлиқдир.

Ўқилган шеърлар, янграган оҳанглар талаба-ёшлар орасида тилга нисбатан эътиборлироқ бўлишга, уни ардоқлашга чорлади.

Тадбирда айтилганидек, ҳайкал қўйишга арзигулик тилимиз бор, биз бу ҳайкални аввало, қалбимизда унга бўлган чексиз ҳурмат орқали қўймоғимиз лозим, сўзлаётган сўзларимиз ва қилаётган амалларимиз билан она тилимиз қадрини юксалтирайлик!

Соҳибжон ҲОТАМОВ,
журналист


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019