“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” нега фаоллашмоқда?

16:28 15 Август 2019 Жамият
118 0

Одатда халқимиз оилани муқаддас масканига қиёслайди. Зеро, оила жамиятнинг ўта муҳим бўғини ҳисобланади. Оила деб аталмиш даргоҳни қуриш учун аввало унинг пойдеворини мустаҳкамланиш лозим. Шу боис қадим-қадимдан ота-боболаримиз фарзандига жуфт танлашда жуда кўп нарсаларга эътибор қаратишган. Қуда томонлар бир-бирини ўзаро тушуниши, турмуш-тарзи ҳар томонлама яқин бўлиши, қиз ва йигитнинг ақлан, жисмонан соғломлиги, руҳиятлари бир-бирига мослиги инобатга олинган. 

 Рўзғор тебратиш, фарзанд тарбиялаш эса, биргина орзу-ҳавас билан бўладиган иш эмас. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан олиб борилган қатор ўрганиш ва суровлар натижалари ҳали оиланинг, турмушнинг паст-баландлигини теран тушуниб етмаган ёшларнинг оила қуриши, кейин эса, ҳаёт ташвишлари олдида ожиз қолиши натижасида ҳам жуда кўп ажримлар келиб чиқаётганлиги кўрсатмоқда.

 Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, оилаларнинг замон билан ҳамнафас қадам ташлашига эришиш мақсадида “Оила” маркази томонидан республиканинг 96 та туман ва шаҳарларида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” ташкил этилди. Ушбу мактабларда никоҳдан ўтувчи 12 минг 564 нафар йигит-қизлар билан замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда машғулотлар ўтказилди.

 Мактабда бўлғуси келин-куёвларга оила психологияси, диний-маънавий тарбия, оиладаги ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик, оила бюджети ва иқтисодиёти ва оиланинг мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалланинг ўрни каби мавзуларда юқори малакали профессор-ўқитувчилари томонидан дарслар ўтилади.

“Оила” маркази матбуот хизмати хабарига кўра, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” самарадорлигини янада ошириш, мактаб фаолиятини такомиллаштириш ва доимийлигини таъминлаш бўйича “Оила” маркази томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда мазкур инновацион мактаб фаолиятининг ҳуқуқий шаклини белгилаш, молиялаштириш масалалари ҳал этилишини назарда тутилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019