Болалигида чиқинди тўплаб сотган йигитча қандай қилиб ҳафтасига 120 минг фунт стерлинг маош оладиган футболчига айланди?

09:30 17 Октябр 2020 Жамият
546 0

Нголо Канте 1991 йилнинг 29 мартида Парижда туғилган. Унинг ота-онаси Мали ( Ғарбий Африка)дан бўлиб, тузукроқ ҳаёт кечириш илинжида 1980 йилда Францияга кўчиб келишган. Нгола оиладаги тўрт фарзанднинг тўнғичи. Отаси вафот этганида қаҳрамонимиз ҳали жуда ёш эди. Онаси болаларни боқиш учун фаррошлик қилар, оила жуда қашшоқ яшарди. Болакай англаган ҳақиқат шу эдики, қаттиқ меҳнат қилиш керак. У меҳнатни ҳаётда нимагадир эришишнинг ягона йўли деб биларди. Шу боисдан рўзғорга нафим тегсин дея кўчада чиқинди йиғиш билан шуғулланди.

Бунинг учун эса болакай шарқий Париж кварталлари бўйлаб бир неча километр йўл босарди. Бекорчиликдан эмас, албатта. Нисбатан қиммат турадиган чиқиндиларни излаб топар ва уларни қайта ишловчи кичик корхоналарга топширар, аммо кўнглининг бир четида "Бу йўл билан ўзим ва оилам келажагини тўкис қила олмайман", деган ўй бор эди. Худди шу нарса уни молиявий жиҳатдан эркин бўлиш, пул топишнинг муқобил йўлларини излашга ундарди.

Биласиз, футбол бўйича 1998 йилги жаҳон чемпионатига Франция мезбонлик қилди. Нечоғли ғайритабиий туюлмасин Канте худди шу мундиал чоғида анча-мунча пул ишлаб олди. Стадионлар, фанатлар тўпланадиган кўчаларда фаррош учун исталганча иш топиларди-да. Жаҳон чемпионатидан сўнг Канте тамоман бошқа Францияни кўрди. Унинг кўз ўнгида имкониятларга тўла мамлакат намоён бўлди. Ўз келажагини футболда деб билди. Шуниси қизиқки, Франция терма жамоасини жаҳон чемпионлиги сари бошлаб келган футболчиларнинг кўпчилиги мигрантлар эди. Тьери Анри, Зинедин Зидан, Патрик Виейра, Лиллиан Тюрам, Николя Анелька номлари бутун дунёга таниш эди. Қолаверса, келиб чиқишлари Африкага бориб тақаладиган бу футболчиларнинг ғалабага қўшган ҳиссалари мигрантларнинг француз футболида иштирокига оид қарашларни ижобий томонга ўзгартириб юборди.

Шу жаҳон чемпионатидан сўнг қаҳрамонимиз ҳаётини футбол билан боғлашга аҳд қилди. Париж яқинидаги клублардан бирининг академиясига борди. Рўйхатдан ўтгани заҳоти жамоадаги ўртоқлари уни энг кичкина ва ёш юлдуз эканини эътироф этишди. Аввалига кичкина гавдаси ва ташқи кўринишини кўриб, қандай қилиб у майдонда охиригача тура оларкин, деганлар ҳам бўлди. Жумладан, клуб менежери ёрдамчиси Пер Вилленинг сўзларига қараганда, кичик гавдали бўлгани туфайли Канте катта жамоалар радаридан четда қолган. Вилленинг айтишича, йигитча жисмоний жиҳатдан бақувват бўлиши учун машғулотлардан кейин ўз устида қаттиқ ишлаган. Тўп билан у дарвозадан бу дарвозага қадар қайта-қайта боравериб, роса қора терга ботган.

Айнан қора меҳнат миниатюр кўринишдаги ярим ҳимоячини кучли футболчига айлантирди. Кантенинг эски қадрдонларидан бири Франсуа Лемуан шундай деганди: ”Канте биздан уч ёш кичик. Бу унинг биз билан бирга ўйнашига халақит бермасди. Гавдаси кичик бўлганига қарамай, рақиб футболчиларидан ҳеч ким уни алдаб ўтолмасди”. Клуб ўсмирлар жамоасининг ютуқлари бевосита Канте билан боғлиқ эди. Лекин жамоадошлари ғалабани нишонлашаётган паллада у четда қимтинибгина турарди. Бу одат уни ҳали-ҳануз тарк этган эмас.

Ёшлар жамоаси мураббийи Воктин шундай эслайди: “Ўша пайтларда Канте сўралган ҳамма нарсани бекаму кўст бажара биладиган ягона футболчи эди. Бир куни мен ҳазиллашиб, "Сизга икки ой муҳлат бераман. Шу вақт ичида тўпни ерга туширмай чап оёқда 50, ўнг оёқда 50, бош билан 50 марта ҳаракатни амалга оширасиз" дедим.Икки ой ўтгач, у буни эплади. Мен чинакамига ҳайратда қолдим. Ўша лаҳзадан бошлаб мен унга бирор иш буюрмадим. Ўз ҳолига қўйиб бердим.”

Ўз устида шу тариқа қаттиқ ишлаши қаҳрамонимизни Булон шаҳрига кўчиб келишига туртки берди. У 2010 – 2012 йилларда шу шаҳар клуби, кейин «Кан» жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Шундан сўнг эса Англияга йўл олиб, «Лестер» клуби аъзосига айланди. Бу жамоа билан 2015 – 16 йилги мавсумда мамлакат чемпиони бўлди. Ярим ҳимоячи шунақанги ўйин кўрсатдики, синчиклаб кузатганда у кичик жуссаси билан майдон марказининг катта қисмини ўзиники қилиб олгандек тасаввур уйғонарди. Бу эпчил ва тиниб- тинчимас ўйинчини 2016 йилда «Челси» сотиб олди. Бу орада Роман Абрамович жамоасида бир неча мураббий алмашди. Қанчадан қанча ўйинчилар келиб кетди. Аммо Канте асосий таркиб ўйинчиси сифатида мавқеини йўқотмади. Уни ўз жамоаси сафида кўришга иштиёқманд топ – клублар сони эса камайган эмас.

Қаҳрамонимиз Франция терма жамоаси сафида 2018 йилда жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Бу ғалаба ҳақида сўзларкан, Канте уни болаликдаги орзуим, дея эътироф этди. ”Франция жаҳон Кубогини қўлга киритганида мен 7 ёшда эдим. Шунақанги ҳаяжонланган эдимки, асти қўяверинг. Ўшанда дўстларимга "Бир кун келиб мен ҳам жаҳон Кубогини қўлга киритаман" деганман.

У ўз сўзининг устидан чиқди.Лекин болалигидаги одатини ташламади. Эсласангиз, Россияда бўлиб ўтган мундиал финалида Франция Хорватия терма жамоасини мағлуб этганди. Учрашувдан сўнг ғолиб жамоа футболчилари жаҳон Кубогини бошлари узра кўтаришар, Канте эса бир четда тортинибгина турарди. ”Энди менинг навбатим” дейишга ботина олмасди. Бир маҳал жамоадошлари унинг қўлига Кубокни тутиб, «Қани, ола қол. У – сеники» дейишди. Буни алоҳида таъкидлашимизнинг боиси шундаки, тортинчоқлик ҳаётда муваффақиятга эришиш учун ғов бўла олмайди. Буни Канте бутун дунёга кўрсатиб қўйди.

Айтмоқчи, уни 100 миллион фунт, дея баҳолашганига қарамай, қаҳрамонимиз қимматбаҳо машиналарда юрмайди, ҳатто нархи осмонда бўлган либосларни киймайди. Ҳаётда жуда оддий, камтар йигит. ВВС Sport нашри репортёри Пол Флетчернинг сўзлари билан айтганда, ҳафтасига 120 минг фунт стерлинг олишига қарамай, бойлигини кўз-кўз этиш Канте учун мутлақо ёт.

Қизиғи, болалигида чиқиндини тўплаб, оиласи учун бир бурда нон топган Кантенинг трансфер нархи ҳозир 100 миллион еврога тенг. Ваҳолонки, бундан етти йил муқаддам уни 400 минг евро туради, дея баҳолашганди. Айтмоқчи, қаҳрамонимиз юқорида таъкидланганидек, Франция терма жамоаси сафида 2018 йилги жаҳон чемпионати ғолиби, 2016 йилги Европа чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлган. ”Лестер” ва "Челси" билан Англия премьер-лигасида ғолиб чиққан. 2018 йилда Англия Кубогини, 2019 йилда эса Европа Лигаси бош совринини боши узра кўтарган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?