Болалиги автобусда ўтган "Фиръавн". Ёхуд ўғрига кўмаклашиб, одамийликдан сабоқ берган қаҳрамон

09:31 08 Сентябр 2020 Спорт
536 0

Машғулотга ҳар куни 4,5 минг километр йўл босиб борган ўсмир жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бирига айланди. Унгача эса ўғрига кўмаклашиб, одамларга одамийликдан сабоқ берди.

Муҳаммад Салоҳ 1992 йилда Мисрнинг Басюн шаҳрида туғилган. Англиянинг «Ливерпул» клуби аъзоси. Дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири. ”Фиръавн”, «Миср қироли» деган лақаблари бор. Уни 2019 йилда Time журнали жаҳоннинг 100 энг обрўли одами рўйхатига киритган. Шу йилнинг январида эса Лондондаги Тюссо музейида Салоҳнинг қиёфаси акс этган ҳайкал қўйилиши маълум қилинди.

Мисрнинг чекка бир гўшасида туғилиб ўсган болакайнинг ҳали ўттиз ёшга кирмай туриб дунё миқёсида шу қадар шон-шуҳрат қозониши ақл бовар қилмайдиган ҳоллардан биридир. У бундай юксак эътирофга қаттиқ меҳнат, тиришқоқлик,ўз устида ишлаш эвазига эришди.

Келинг, унинг ёшлигига бир қур назар ташлайлик. Унинг отаси билан тоғаси футболчи бўлишган. Ҳаваскор клубларда тўп суришган. Муҳаммаддаги истеъдодни пайқаган отаси уни «Иттиҳад Басюн» клуби футбол академиясига олиб боради. Ўйинларнинг бирида у Қоҳиранинг «Мокавлун» клуби скаути назарига тушади. Шу тариқа ушбу клуб машғулотларига қатнай бошлайди. Лекин қанақасига, денг. Муҳаммад истиқомат қилаётган шаҳар билан Қоҳира оралиғи машинада 4,5 соатлик йўл эди. У ҳар куни эрталаб соат 8 да мактабга борар, икки соат ўқигач, Қоҳира сари йўлга тушарди. Бунинг учун бир эмас, икки эмас, учта автобусга чиқишига тўғри келарди. Уйига тунда қайтарди. Ҳафтанинг беш-олти куни шу зайлда кечарди.

— Бу кўп вақтимни олишидан ташқари катта куч сарфлашимни талаб қиларди, албатта, — дея эслайди Англия матбуотига берган интервьюсида қаҳрамонимиз. — Автобусда йўловчилар кўплигидан тик оёқда келган пайтларимни айтмайсизми? Лекин менда иштиёқ кучли эди.

Бизда Муҳаммад Салоҳ бошидан кечирган бу қийинчиликни соддагина қилиб «Йўл азоби — гўр азоби», дейишади. Аммо ҳар қандай азобнинг ҳам охир-оқибат роҳати бор. Бу ҳақда қисман тўхталдик. Кейин бу мавзуга яна қайтамиз.

Клуб базасидан унга хона ажратилгач, йўл билан боғлиқ қийинчилик ортда қолди.2010 йилнинг 3 майида Миср чемпионати доирасида «Ал Мансури» жамоасига қарши кечган учрашувда у илк бор захирадан майдонга тушди. Уч мавсум ичида команданинг асосий таркибидан мустаҳкам ўрин олди. 2012 йилнинг бошида Порт-Саидда юз берган фожиа сабабли Миср чемпионати ўйинлари тўхтатилди. Шунда Швейцариянинг «Базел» клуби Мисрнинг 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказди. Муҳаммад учрашувнинг 2-бўлимида майдонга тушди. Шунга қарамай икки тўп киритиб жамоасининг 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишига катта ҳисса қўшди. Унинг ўйини рақиб жамоа раҳбариятига катта таассурот қолдирди. Ўша йилнинг 10 апрелида Салоҳ «Базел» билан тўрт йиллик шартнома тузди.

— Европа клубига ўтишим мен учун жуда катта синов бўлди, — дейди у. —​ Аввало тил муаммосига дуч келдим. Швейцария кўчаларида одамларга араб тилида мурожаат қилишга мажбур бўлардим. Елка қисиб ўтиб кетишарди. Қолаверса, бу ерда менталитет ҳам, тартиб ҳам батамом бошқача эди. Машғулотларга кечикиб келишни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Хаёлимни «Бу ердаги ҳаётга мослашаман, акс ҳолда Мисрга қайтиб кетишим зарур» деган фикр чулғаб олди. Тил ўрганишга жиддий киришдим. Европадаги ҳаётга мослаша бошладим.

Салоҳ «Базел» сафида қаторасига икки бор мамлакат чемпиони бўлди. 47 та ўйинда 9 та гол урди. Боз устига Чемпионлар лигасида ҳам ўзини кўрсата олди. Айниқса, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Челси» дарвозасига гол киритиб, жамоасининг шундай кучли рақиб устидан ғалаба қозонишига ҳисса қўшгани кўпчилик эътиборини тортди. Кутилганидек, 2014 йилнинг январида «Челси» уни тахминан 11 миллион фунт стерлингга сотиб олди. Жозе Моуриньо қўли остида юлдуз футболчилар жамланган жамланган жамоада Салоҳ барқарор ўйин намойиш эта олмади. Талабчан мураббийнинг ундан кўнгли тўлмаётганди. Бу эса пировардида Салоҳнинг 2015 йилнинг 2 февралида Италиянинг «Фиорентина» клубига ижарага берилишига олиб келди. ”Фиорентина”да у сермаҳсул футбол намойиш этишга киришди. Хусусан, Италия кубоги ярим финалида «Ювентус» дарвозасига 2 та гол киритди ва айнан шунинг эвазига «фиалкалар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. ”Фиорентина” Салоҳни олиб қолишга ҳарчанд уринмасин, футболчи фаолиятини «Рома»да давом эттиришга қарор қилди. Пировардида Муҳаммад Салоҳ 2016 йилги мавсум якунига кўра, «Рома»нинг энг кучли футболчиси деб топилди. У барча мусобақаларда 15 та гол киритиб, 6 та голли узатма берди. Рим клуби унинг ҳақ- ҳуқуқини тўлиғинча сотиб олди.

2017 йилнинг 22 июнида эса «Рома» Салоҳнинг «Ливерпул»га ўтиши билан боғлиқ олди-сотди хусусида маълумот тарқатди. Қўшимча бонусларни ҳисобга олмаганда «қизиллар» унинг трансфери учун 42 миллион евро тўлашди. Бу ўша пайтда «Ливерпул» тарихидаги рекорд кўрсатгич бўлганди.

— Бу ерда ажойиб жамоа шаклланган, — деганди ўшанда Салоҳ. — Ўтган мавсумда жамоанинг ўйинларини кузатиб, клубда ҳамма нарса ғалаба қозониш учун йўналтирилганини ҳис этдим. Мен биргаликда ниманидир ютамиз, деб умид қиламан.

Муҳаммаднинг умидлари ушала бошлади.”Ливерпул” 2017/2018 йилги Чемпионлар лигаси мавсумида финалда Мадриднинг «Реал»ига қарши майдонга тушди. Аммо Серхио Рамос билан тўп учун курашда Салоҳ қаттиқ жароҳат олиб, биринчи бўлимдаёқ майдонни тарк этди. Ўйин «Ливерпул»нинг 1:3 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди. Аммо келаси мавсумда жамоа ниятига етди.Финалда «Тоттенхэм» 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Салоҳ пенальтидан гол киритди. У Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан биринчи мисрлик футболчига айланди. Орадан кўп вақт ўтмай «Ливерпул» билан Европа суперкубогини ҳам боши узра кўтарди.

Муҳаммад Салоҳ жуда тезкор ва меҳнатсевар футболчи саналади. Дриблинг устаси. Универсал ҳужумчи. Ўзи учун ҳам, шериклари учун ҳам голли вазият ярата олади. ”Ливерпул”да у нисбатан ҳужумкорроқ ўйин кўрсата бошлади. Бош мураббий Юрген Клопп уни рақиб дарвозасига яқинроқ позицияда ўйнашини маъқул кўрди. Салоҳнинг сермаҳсул футбол намойиш этишида шу мураббийнинг улуши катталигини бугун ҳеч ким инкор қилолмайди. Боз устига ўта меҳнаткаш. Уйида ҳам дарвоза ўрнатиб, аниқ зарба йўллаш борасидаги маҳоратини чархлаб борганига нима дейсиз. Мухбирлар «Дарвозада ким туради?», дея сўрашганида у ўзига хос табассум билан «Дарвоза тўрининг уч-тўрт жойидан тешиб қўйганман. Айнан шу тешикларни мўлжаллаб зарба йўллайман», дея жавоб берди.

У Англия чемпионатида кўплаб рекордларни ўрнатди. Масалан, дебют мавсумида «Ливерпул» сафида 44 та гол киритди. Бир мавсумда чап оёғи билан энг кўп (22 та) гол киритган футболчи бўлди. Умуман, унинг ютуқларини санаб адоғига етиш қийин.

Қаҳрамонимизнинг хайрли ишлари ҳам бениҳоя кўп. Миср чемпионатида ўйнаб юрган кезларида Салоҳнинг оиласини тунаб кетишади. Ўғри топилади ва полиция томонидан қўлга олинади. Отаси ўғрига қарши айблов эълон қилишни сўрашга ҳозирланганида Муҳаммад Салоҳ ишни ёпишни сўрайди. Шундан кейин ўғрига моддий ёрдам кўрсатади ва унинг иш топишига кўмаклашади. Футболчи она шаҳридаги 450 нафар эҳтиёжманд оилага ўз шахсий хайрия жамғармаси ҳисобидан моддий ёрдам беряпти. Шунингдек, молиявий қийинчиликларни енгишга кўмаклашиш ниятида Миср ҳукуматига 300 минг доллар ҳадя қилган.

Дунёда, хусусан, Мисрда унинг обрўси жуда катта. Минглаб мисрлик ёш болалар худди Салоҳ каби кучли футболчи бўлиш орзуси билан тонгни қаршилашмоқда. Дарвоқе, айнан унинг голи эвазига Миср терма жамоаси Россия майдонларида ўтказиладиган жаҳон чемпионати финал қисмига йўл олганди. Бу Мисрда чинакамига байрам қилинди. Терма жамоа 1990 йилдан кейин биринчи марта мундиал йўлланмасини қўлга киритганди-да. Айтмоқчи, шунда футболчининг шарафига Қоҳирадаги мактабларнинг бири Муҳаммад Салоҳ деб номланди.

Бундан атиги ўн икки-ўн уч йилча муқаддам тирбанд автобусларга чиқиб, минглаб чақирим йўл босган, машғулотларни канда қилмаган, ҳали- ҳануз ўз устида қаттиқ ишлайдиган Муҳаммад Салоҳнинг фаолияти шубҳасиз, бизнинг футболсевар ёшларимиз учун ҳам ибратлидир.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?