Болалар оромгоҳлари интеллектуал ривожлантириш марказлари сифатида фаолият кўрсатади

10:40 30 Май 2018 Жамият
368 0

Бу йил улар ўғил-қизларни интеллектуал ривожлантириш марказлари сифатида ҳам фаолият кўрсатади.

Ушбу фикрлар болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил қилинган ҳудудий семинарларда таъкидланди. 

Жорий йил мамлакатимиз оромгоҳларида 301 минг 500 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 7 минг 600 нафар кўп. Шу мақсадда 1 минг 313 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Улардан 26 таси стационар, 978 таси кундузги, 129 таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир. 

Яна бир эътиборга молик янгилик шундан иборатки, бу йилги ёз мавсуми давомида республикамиз ҳудудларида 15 та интеллектуал ривожлантириш, 14 тадан ҳарбий спорт ва ўлкашунослик, яна шунча техник ҳамда бадиий ижодкорлик, 7 та ижтимоий мослашув оромгоҳлари ташкил этилади. Шунингдек, ўсмир ёшдаги болаларни қамраб олиш мақсадида меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари сони 129 тага етказилади.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, ҳудудий мувофиқлаштирувчи гуруҳлар раислари, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, идора ва бошқарма масъуллари, стационар турдаги оромгоҳлар бошлиқлари ҳамда уларда фаолият юритувчи ходимлар иштирок этган ана шундай семинарларнинг бири Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлик” оромгоҳида бўлиб ўтди. 
Унда болаларнинг ёзги дам олиш мавсуми давомида барча турдаги оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш, болаларнинг сифатли, мазмунли дам олишларини таъминлаш йўналишидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш билан бирга, уларнинг санитария-гигиена талабларига мослигини назорат қилиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлик масалаларига урғу берилди. 

Бу йилги мавсумда Тошкент вилоятидаги 19 та стационар оромгоҳида 15 минг 14 нафар, мактаблар қошидаги 160 та кундузги оромгоҳда 17 минг 770 нафар ўғил-қизни соғломлаштириш мўлжалланаётгани айтиб ўтилди. 

— Ҳудудий семинар доирасида уюштирилган кўргазмаларда Болаларни соғломлаштириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар, тарқатма материаллар, плакатлар, оромгоҳларда фаолият юритиши режалаштирилган тўгарак ва кутубхона, шунингдек, ўтган йилги соғломлаштириш мавсуми якунларига кўра, энг намунали, деб топилган оромгоҳлар фаолиятига оид стендларни ҳам намойиш этдик, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси масъул ходими Муҳаббат Ўрмонбекова. — Тадбир иштирокчилари бу ердан керакли билим ва кўникмалар билан қайтдилар.

Ана шундай семинарлар Тошкент шаҳрида, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ҳам ўтказилди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар