Бола ҳуқуқлари бўйича Вакилга қандай ҳуқуқлар берилмоқда?

18:44 29 Май 2020 Сиёсат
282 0

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Унга кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича Вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.

Хусусан, Вакилга ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

— Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

— Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;

— Давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

— Ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;

— Болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам равишда ва монеликсиз кириш.

Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради.

Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек, унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

Фармон билан, шунингдек, Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда.

Маълумот учун:  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилган эди.
Акмал БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?