Бокс бўйича “Мудофаа вазири кубоги” мусобақаси ўтказилди

12:34 07 Июнь 2018 Спорт
410 0

Тошкент ҳарбий округига қарашли Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда махсус бўлинмалар ўртасида бокс бўйича “Мудофаа вазири кубоги” чемпионати ўтказилди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Тўрт кун давом этган нуфузли мусобақада чарм қўлқоп усталари 6 вазн тоифаси бўйича беллашди. Мусобақанинг финал баҳсида 64 кг. вазн тоифасида куч синашган Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси Шахбоз Қаландаров мезбон боксчи Достонбек Набиевга имкониятни бой берди. Шиддаткор ҳужумлар уюштирган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Ҳасанбой Муйдинжонов (69 кг.) муддатидан олдин муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскар Муҳаммаджон Муродовни енгиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Шунингдек, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Мирзаолим Неъматжонов (75 кг.),  Исломбек Мўминов (81 кг.), Ғиёс Фозилов (91 кг.гача) ҳамда Шерзод Расулов (+91 кг.) ўз вазн тоифасида тенгсиз эканлигини исботлашди. 

Турнир якунида ғолиб ва совриндорларга медаллар ҳамда Мудофаа вазири номидан фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. Умумжамоа ҳисобида ғолиблик эса 4 олтин медал жамғарган Сирдарё вилоятидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларига насиб этди. Ҳарбий жамоа “Мудофаа вазири кубоги” билан тақдирланди.

Чемпионат доирасида Мудофаа вазирлиги жанговар тайёргарлик бош бошқармаси, вазирлик спорт клуби спортчи ва мусобақа иштирокчилари биринчи ўзбек жаҳон чемпиони, фахрий боксчи Руфат Рисқиев уйига боришди.

Ўзбек деган номни дунёга танитган ва “Ўзбек йўлбарси” дея эътироф этилган жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев билан ҳарбийлар бир дастурхон атрофида самимий суҳбат қуришди. Бундан бир неча ой муқаддам оғир хасталикка учраган фахрий боксчи меҳмонларга тарихий ғалабаларини, ўтган асрнинг мураккаб шароитларда, айниқса, ўзбек спортчиларининг нуфузли мусобақаларда иштирок этиши, ўсишига қўйилган тўсқинликлар даврида бошидан ўтказган воқеаларни сўзлаб берди. 

Ташриф якунида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан Руфат Рисқиевга моддий ёрдам кўрсатилиб, эсдалик совғалари улашилди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар