Жисмоний шахслар томонидан айрим товарларни божхонадан олиб ўтиш нормалари тасдиқланди

10:39 24 Июнь 2018 Жамият
1301 0

2018 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди.

Рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари жой олган бўлиб, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.

Шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланди. Яъни, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 килограммгача олиб ўтишга рухсат берилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги керак.

Ушбу товарлар сирасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 февральдаги қарори 1-иловасида келтирилган товарлар кирмайди.

Ушбу иловада алкогол маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 граммгача божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.

Олиб ўтилаётган товарлар қиймати республикага жисмоний шахслар томонидан пиёда, автомобильда, темир йўл ёки дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни божхона тўловлари ундирмасдан олиб ўтишнинг чеклаган меъёрларидан ошмаслиги керак.

Мазкур меъёрлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.

Товарларни божхона тўловлари орқали тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади.

Мисол учун, жисмоний шахс июнь ойи давомида чегарани пиёда равишда биринчи марта 5 июнь санасида кесиб ўтса, демак айни шу ўтишида унга нисбатан рўйхатдаги 1-20 қаторларда кўрсатилган товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари қўлланилади. Яъни, мана шу биринчи ўтишда 300 АҚШ долларигача бўлган қийматдаги товарларни божсиз олиб кириши мумкин. Жисмоний шахснинг июнь ойи давомида чегарани кейинги кесиб ўтган ҳолатларида ушбу нормалар татбиқ этилмайди. Шунингдек, жисмоний шахс 1 календарь ой давомида 300 АҚШ долларидаги мейўрдан бўлиб-бўлиб фойдалана олмайди. Шунинг билан у бу имкониятдан кейинги календарь ойида фойдалана олади.

Рўйхатда қайд этилган ҳар қандай товар белгиланган норма ва даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Мазкур нормалар 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, кучга киради.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар