Бойсунга юз йиллар давомида кутилган обиҳаёт келди

18:03 04 Ноябрь 2018 Жамият
345 0
Иллюстратив фото

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Бойсун тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича топшириқ берган эди. Бу бежиз эмасди, албатта.Чунки сув, айниқса, тоза ичимлик суви мазкур туман аҳли учун орзу эди. Шу пайтгача туман аҳолиси истеъмол учун сувни вақти-вақти билан келадиган махсус транспорт воситаларидан сотиб олар, улар учун бир челак ёки бир коса сувнинг қадри жуда баланд эди.

Қайд этиш керакки, ушбу масъулиятли вазифа “Ўзбекистон темир йўллари“ акциядорлик жамияти жамоаси зиммасига юклатилди. Шундан келиб жамият мутахассислари ўтган вақт мобайнида Бойсун тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашдек эзгу вазифани адо этдилар. Куни кеча туман аҳли учун мўлжалланган лойиҳа рўёбга чиқарилиб, бу ерга оби ҳаёт етказиб бериладиган бўлди. Гап шундаки, умумий қиймати 58 миллиард сўмни ташкил этувчи мазкур лойиҳа доирасида Хўжа Майхона булоғидан туман марказигача 36,4 километр масофада ичимлик суви қувури тортилди. Қурилиш-монтаж ишлари Махсус механизациялашган йўл станцияси мутахассислари томонидан амалга оширилди. Бунёдкорлик жараёнида 29,3 км. темир, 7,1 км. полиэтилин қувурлар жаҳон андозалари даражасида ётқизилди.

Шунингдек, бу ерда сувни аҳоли яшаш пунктига етказиб берувчи махсус насос станцияси ҳам барпо этилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир байрамона тус олди. Бойсун аҳли сув иншооти фойдаланишга топширилиш маросимини одамлар катта қувонч ва шодиёна, ўйин-кулги билан қарши олишди.

Чиндан ҳам, бу бойсунликлар учун чинакам байрам, қувонч ва шодиёна олиб келди. Зеро, Бойсунга юз йиллар давомида кутилган обиҳаёт келди. Шу орқали бу ерга қут-барака кирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси одамларга шундай қувонч ва бахт бахшида этмоқда.

Ҳозирча, ушбу лойиҳа асосида туманнинг учта қишлоғи ичимлик суви билан таъминланди. Кейинчалик сув бошқа қишлоқ аҳолисига ҳам етказиб берилади.
Дилшод Улуғмуродов,
“Халқ сўзи “мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар