“Бойсун баҳори” — миллий анъана ва қадриятлар тараннуми

16:06 30 Апрель 2018 Маданият
811 0

Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилди.

Тамаддун бешиги, тилсимотлар маскани Бойсун 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдонаси” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Таъкидлаш жоизки, бу йилги фестивалга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга доир ишлар ҳар қачонгидан юқори савияда амалга оширилди. Хусусан, тумандаги Паданг қишлоғи кенгликларига 200 га яқин ўтов тикилди. Маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларга кўтаринки кайфият улашувчи бир-биридан қизиқарли тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳар бир ҳудудга хос қадрият, урф-одат ва анъаналарни кенг намойиш этиш мақсадида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги, миллий таомлар, либослар кўргазмалари ташкил этилиб, халқ ансабллари ва бадиий жамоаллари, бахши-оқинлар чиқишлари ҳамда анъанавий майдон томошаларига кенг ўрин берилди.

— Фестиваль учун ҳозирланган майдон гўё эртаклар оламини ёдга солади, — дейди чехиялик археолог Ладислав Станко. — Бундай тадбирлар ўтмиш ва бугун ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Юртингизнинг бой моддий ва номоддий меросига бўлган катта қизиқишим мени фестиваль тадбирларига бошлаб келди. Ватанимга қайтгач, бу ерда кўрганларим ҳақида яқинларим, шунингдек, ўзим фаолият олиб бораётган Карлова университети ўқитувчи ва талабаларига мамнуният билан сўзлаб бераман.
Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Бес перде”, “Зилол”, “Вардонзе наволари”, “Боғдон гуллари”, “Ванғози”, “Ёр-ёр” сингари энг намунали фольклор жамоаларининг 250 нафардан ортиқ қатнашчилари ўзларининг ранг-баранг репертуарларини намойиш этишди. Бундан ташқари, фестиваль доираси халқимиз суйган санъаткорлар ҳамда Тожикистон Республикасининг “Падида” театр жамоаси ва машҳур хонанда Шабнам Сурайё, афғонистонлик ҳофиз-хонандалар Абдумажид, Абдурауф Адлхуий иштирокидаги гала концерт санъат ихлосмандларини хушнуд этди. Қолаверса, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахшилар терма, достонлар куйлаб, байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлади. 

Халқаро аэронавтика ассоциацияси делегацияси томонидан тантаналар бўлиб ўтган майдон узра 6 та ҳаво шарининг осмонга кўтарилиши, Бойсун осмонини безаган ранго-ранг мушаклар ёғдуси дилларга ажиб кўтаринкилик, жўшқинлик бахш этди.

Бундан ташқари фестиваль кунлари кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, хўроз уриштириш, варрак сайли каби турли халқ ўйинлари ҳам ташкил этилди. Кураш мусобақасида эса термизлик Самижон полвон Убайдуллаевга бас келадигани топилмади ва у ғолиб сифатида “Нексия-Равон” автомашинаси соҳибига айланди. 
Фестиваль доирасида Термиз давлат университетида “Бойсун — моддий ва номоддий маданият бешиги” мавзуида илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди.
“Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали якунида энг яхши фольклор-этнографик жамоалар ва бахши-оқинлар аниқланиб, улар махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар