Боғотлик депутатлар “Оролга мадад” хайрия ҳашарида фаол иштирок этишмоқда

18:03 02 Март 2020 Жамият
173 0

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда 700 минг гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорларни барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу, ўз навбатида, Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг миқдорини камайтириш, аҳолининг ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсирини янада юмшатиш имконини беради.

Халқ депутатлари Боғот туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси аъзолари, бешта сиёсий партиялар туман кенгашлари томонидан Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Оролга мадад” шиори остида хайрия ҳашари ўтказилди.

- Орол денгизининг қуриган ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этишдек хайрли ва эзгу тадбирда биз ўтган йилдан буён фаол иштирок этиб келяпмиз, — дейди Халқ депутатлари Боғот туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси аъзоси Улуғбек Иброҳимов. – Оролбўйига бу галги сафаримизда 200 кг. саксовул уруғи ҳамда кўчатлари олиб келдик. Ҳашарчилар учун дошқозонларда ош дамлаб, туманимиз санъаткорлари ижросида бадиий дастур намойиш этдик. Бизни ҳайратлантирган нарса шу бўлдики, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқ туманида қисқа даврда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди.Бир пайтлар эътиборсиз қолган ҳудуд, яна ҳаёт қайнаётган гавжум масканга айланибди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, қуриган денгиз тубидан ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ қум ҳамда туз зарралари минтақага ва ер куррасининг бошқа ҳудудларига тарқалмоқда. Заҳарли тузларнинг ҳавога кўтарилишини олдини олишнинг энг мақбул йўли қуриган денгиз ҳудудига саксовул уруғини экиб ўрмонзорлар барпо этишдир.Мутахассисларнинг фикрича,агар саксовуллар 3 қатор қилиб экилса қум кўчиши 30 фоизга пасаяди, 7 қатор қилиб экилганда эса бу кўрсаткич 90 фоизга етади. Саҳрода саксовул, қандим, черкез каби ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этиш натижасида ҳудудда ўзига хос экотизим пайдо бўлиб, иқлим ўзгаришларининг олди олинади.

Одилбек Одамбоев

(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019