“Бобурнинг портрети нотўғри — унга шиалар салласи ўралган, Амир Темур тожи эса — насронийларники”

15:54 14 Февраль 2020 Маданият
2887 0

Адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Шоҳ, адиб ва шоир” мавзусида давра суҳбати вақтида бир қатор фикрларни билдириб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда Бобурнинг умуман нотўғри бўлган портретидан фойдаланиб келинмоқда.

“Телевидениеда ҳам, китобларда ҳам, интернетда ҳам, ҳамма жойда Бобурнинг бир хил портретини кўрамиз. Бу портрет аслида нотўғри портрет, — деди Зуҳриддин Исомиддинов. — Чунки Бобур у ерда шиаларнинг салласини ўраб олган. Шиа рассоми чизган. Бу Бобурнинг бир муддат Исмоил Сафавий билан ҳарбий масалада ҳамкорлик қилиши билан боғлаб талқин қилинади. Ҳали бирорта ўзбек рассоми йўқки, Бобурнинг шу расмида салласини суннийларга мувофиқ ишлаб берса.

Ёки мана, ўзимизда яратилган Амир Темур образининг бошидаги тожини кўргансизларми? Бу христиан оламининг тожи. Бирорта шарқ подшоҳи бошига бунақа қўнғироқли нарса таққан эмас. Буни Герасимов ясаган, у Европа одами-да, Москвада келган, шуни чизиб қўйган. Лекин бу тимсол шу даражада оммалашдики, Темурийлар музейининг шакли ҳам Герасимов чизган Амир Темур бошидаги қалпоқ билан бир хил. Ўрганадиганларимиз жуда кўп, ҳали кўп ишлар қилишимиз керак. Биз Бобурни тўғри англаяпмизми деган масалага ҳам худди шу нуқтаи назардан ёндашишимиз керак”, дея гапириб ўтди олим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?