Бобур ва Бобурийлар мероси – фахр-ифтихор манбаи

17:18 13 Февраль 2020 Маданият
1013 0

ТОШКЕНТ, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон давлатчилиги тараққиётида Амир Темур ва Темурийлар сулоласи муҳим ўрин тутади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу буюк аждодларга муносиб шоҳлардан биридир.

Улуғ бобомизнинг серташвиш ҳаёти ва жўшқин фаолияти сиёсий жиҳатдан инқирозга учраган Темурийлар давлатининг сўнгги даврига тўғри келди. Ушбу давр барча азоб-уқубатларини бошдан кечириш Бобур Мирзо чекига тушди. Тарих майдонида кечган турли қарама-қаршиликлардан сўнг Бобур Кобул сари йўл олди. Она юрт соғинчи ва қайтиш истаги унга бир умр ҳамроҳ бўлса-да, ҳозирги Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг тарихий ҳудудларида улкан салтанат ташкил этди. Тарих зарварақларида бу давлат Бобурийлар сулоласи номи билан битилди.

Бобур ота-боболарининг илм-маърифат ва мамлакат ободлиги йўлидаги эзгу ишларини давом эттириб, келгуси авлодларга катта мерос қолдирди.

Ҳиндистонлик тарихчилар Бобур ҳукмронлик даврини турлича талқин қилса-да, у асос солган сулола ушбу мамлакат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганини эътироф этади. Бобомиз ҳарбий юришлар билан бирга, Агра ва Деҳлида йирик боғлар, ариқ ва ҳаммомлар қурдирди, масжид, мактаблар бунёд этди. Илм-маърифатга катта эътибор қаратди.

Бугунги кунда Бобур ва Бобурийларга тааллуқли кўплаб моддий бойлик ва асарлар, қўлёзмалар дунё бўйлаб кенг тарқалган. Масалан, унга тегишли ноёб қилич Нью-Йоркнинг Метрополитен музейида сақланади. Бобомизга инъом қилинган Кўҳинур олмоси эса Буюк Британия қироллик оиласи томонидан тасарруф этилади. Буюк саркарда ва давлат арбоби Бобурнинг тарихий ашёлари дунё музейлари ва шахсий коллекциялардан жой олган.

Шунингдек, Ҳиндистонда ҳам Бобур ва Бобурийларга тегишли буюмлар, тарихий манбалар жуда кўп. 1528 йилда ёзилган “Девони Бобур”нинг асл қўлёзмаси ва 1640 йилда чизилган “Шаҳзода Доро Шукуҳнинг тўй маросими” миниатюрасининг нусхалари шулар жумласидан. Ушбу ноёб асарлар нусхалари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида мамлакатимизга олиб келинди.

Маълумотларга кўра, Бобур ҳаётлик чоғида иккита девон тузган. Уларнинг бирига Мовароуннаҳр ва Афғонистонда, иккинчисига эса Ҳиндистонда ёзган шеърлари киритилган. Бу ҳақда “Бобурнома”нинг милодий 1519 йилдаги (ҳижрий 925 йил) воқеалар баёнида шундай дейилади: “Ҳофиз Мир котибнинг оға-иниси Самарқандтин келиб эрди, бу фурсатта Самарқандға рухсат бериб, Пўлод Султонға девонимни йибордим”.

Бобур девони Шарқ мумтоз лирик жанрлардаги асарлар мажмуасидан иборат тўплам. Ҳозирги кунгача дунё қўлёзма фондлари ва кутубхоналарида Бобур девонининг 9 та қўлёзма нусхаси борлиги аниқланган.

Бугунги кунда Бобурийлар қолдирган меросни ўрганиш ва халқимизга етказиш борасида Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Ҳиндистон ва Покистондаги элчихоналари томонидан изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун арафасида Ҳиндистондаги элчихонамиз билан Рампур Раза кутубхонаси ҳамкорлигида Бобурийлар даврига оид қўлёзма ҳамда миниатюралар кўргазмаси ташкил этилди. Бобур асарларидан парчалар, Aмир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Шоҳжаҳон ва Aврангзеб тасвирланган миниатюра, китоблардаги расм, бадиий асарлар кўргазма экспозициясидан жой олди.

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистон тарихида алоҳида ўрин олган шахслардан бири, – дейди ижтимоий фанлар доктори, филолог-шарқшунос Наки Aббос Каифи (Ҳиндистон). – Шоҳ ва шоир, унинг авлодлари Ҳиндистон ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ривожига муносиб ҳисса қўшган. Бобурийлар кўплаб иншоотлар бунёд қилди. Ҳинд халқи улар билан ҳамиша фахрланиб келган.

Қайд этиш жоиз, Ҳиндистонда 1774 йилда ташкил этилган Рампур Раза кутубхонасида Бобурга тегишли кўплаб қўлёзма, нодир экспонатлар сақланади. Музейнинг Бобурийлар даври тарихи, адабиёти ва санъати билан боғлиқ бўлими кўпчиликда алоҳида қизиқиш уйғотади. Машҳур “Девони Бобур“нинг асл нусхаси ҳам шу ерда сақланмоқда. Бобур унда ўз қўли билан битган сатрлар мавжуд.

– Бобурийлар Ҳиндистон тараққиётига улкан ҳисса қўшган шахслардир, – дейди Рампур Раза кутбхонаси масъул котиби Санам Aли Хон. – Бу тарихий ҳақиқат. Бобурий подшоҳлар илм-фан, бунёдкорлик соҳасида бошқаларга ўрнак ҳисобланади. Улар ҳомийлигида қурилган бинолар бугун Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш халқларининг фахридир. Шунингдек, Бобурийлар ақл-закавот, ижодий ишларда кўпчиликка ўрнак. Ушбу сулола вакиллари томонидан қолдирилган бебаҳо маънавий мерос ҳинд ва ўзбек халқлари бойлиги. Рампур Раза кутубхонасида сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласига оид тарихий ашёлар маданий илдизларимиз, тарихимиз ўхшашлигидан далолат.

Тадбир доирасида кутубхона раҳбарияти ва олимлари билан мутахассислар алмашиш, ҳужжатли фильмлар суратга олиш, китоблар ва илмий асарлар нашр этиш, шу орқали тарихий меросни ўрганиш ва уни оммалаштириш соҳасида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга оид келишувга эришилди.

– Кутубхонамизда Бубур ва Бобурийларга оид кўплаб асарларнинг асл қўлёзма нусхалари сақланади, – дейди кутубхона катта техник ходими Саййид Тарик Aзҳар. – Ушбу маданий мерос намуналаридан дунё аҳлини баҳраманд қилиш мақсадида турли нусхалар олиниб, улар рақамли формати шакллантирилмоқда. Келажакда бу борадаги ишларни Ўзбекистон билан давом эттириш, ҳамкорликда кўргазмалар ташкил қилиш ва тарихий обидаларни сақлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ниятидамиз. Зеро, Бобурийлар қолдирган бебаҳо мерос – бу улар бунёд этган иншоотлардир. Бугунги кунда Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистонда Бобур, унинг авлодлари томонидан қурилган кўплаб обидалар дунё жамоатчилиги эътиборини қозониб келаётир.

Дарҳақиқат, халқлар ўртасидаги маънавий-маърифий, илм-фан соҳасидаги яқинлик буюк аждодлар қурдирган иморатларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, Деҳлидаги Ҳумоюн мақбараси, “Қизил қалъа”, “Кўҳна қалъа”, Аградаги “Тож Маҳал” ва Акбаршоҳ мақбараси каби мажмуалар Ҳиндистон ва Ўзбекистон умумий тарихи, маданий анъаналари ҳақида сўзлайди.

Қайд этиш даркор, замонавий Покистон ҳудудида ҳам Бобурийлар томонидан қурилган 10 дан ортиқ машҳур иншоот сақланиб қолган. Жумладан, Шоҳжаҳон даврида қурилган Акбар саройи, Аврангзеб ҳукмронлиги даврида Лаҳорда қад кўтарган Бадшохи Масжиди Бобурийлар салоҳиятидан дарак беради. Хусусан, 1673 йилда қурилган Бадшохи масжиди катталиги жиҳатидан дунёда 1986 йилга қадар биринчи ўринда турган эди.

Бобурийлар сулоласининг буюк намояндаларидан Акбаршоҳ даври обидалардан бири – Лаҳор қалъасидир. У 1566 йилда барпо этилган.

Жаҳонгир ҳукмронлиги даврида қурилган “Хирон-минор”, Жаҳонгир мақбараси, Шоҳжаҳон ҳукмронлик йиллари барпо этилган Шоҳжаҳон масжиди ва Шалимар боғлари жаҳон меъморчилигининг нодир дурдоналари ҳисобланади. Шалимар боғлари 1981 йили ЮНЕСКО рўйхатига кирилган.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Покистон ҳудудида Бобурийлар томонидан бунёд этилган иншоотларнинг катта қисми Лаҳор шаҳрида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, ушбу шаҳар ўз даврида Бобурийларнинг йирик ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий марказларидан ҳисобланган.

Юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тарихимизни, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёшларни буюк аждодлар қолдирган мерос ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиляпти.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари томонидан қолдирилган бебаҳо илмий ва маънавий-маданий мерос эса буюк бобокалонларимиз билан фахрланиш, юртни, Ватанни севиш туйғуларини янада жўш урдиради.

Жобир Хўжақулов, “Дунё” АА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?