Бобур Алихонов: «Қуруқ ахборотлар эмас, чуқур таҳлилий материаллар устида ишлаяпмиз...»

01:12 02 Май 2018 Сиёсат
1240 0

Президентимизнинг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органларининг ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедия маркази ташкил этилди. Айни пайтда мазкур марказ республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, нотўғри маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф қилиш учун юз бераётган воқеалар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор этиш, жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни, қонунга ҳамда инсон ҳуқуқларига ҳурмат муносабатларини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш йўлида изчил фаолият юритиб келмоқда. Мухбиримиз шулар ва соҳага доир бошқа масалалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедия маркази директори, қатор йирик медиалойиҳалар муаллифи Бобур АЛИХОНОВ билан суҳбатлашди.

— Аввало, мазкур Ахборот-таҳлил мультимедия маркази иш фаолиятини йўлга қўйишда ёндашув қандай бўлгани ҳақида гапириб берсангиз.

— Мутлақо бошқача, яъни креатив, инновацион ҳамда прагматик. Марказга профессионал продюсер, муҳаррир, мухбир, оператор ва бошқа техник ходимлар, яъни моҳир ижодкорлар ишга қабул қилинди. Амалдаги идоравий матбуот хизматларидан фарқли равишда, ишлаш принципи ҳам ўзгарди. Яъни бу ерда барча телевизион ишлаб чиқариш технологияларига асосланган ижодий жараёнда якуний медиамаҳсулот тайёрланади. Марказимиз давлат муассасаси сифатида шакллантирилиб, унга Бош прокуратура бошқармаси мақоми берилган. У бошқа бошқармалар билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Масалан, ахборот ёки матбуот хизматлари фақат маълумот ёки янгилик бериш билан чекланса, Мультимедия маркази асосий урғуни таҳлилга, мавзуларни экспертлар фикр-мулоҳазалари билан таққосда ёритишга қаратади. Зеро, бизнинг вазифамиз замонавий технологиялар ҳамда ёндашувлардан фойдаланган ҳолда, ахборот-таҳлилий ва турли форматдаги медиаматериаллар, шу жумладан, телекўрсатувлар, видеошарҳлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажлар тайёрлаш ҳамда эфирга, шунингдек, интернетга узатишдир.

— Тизимдаги ислоҳотлар прокуратура органлари ходимлари дунёқараши, фаолиятида қандай акс этмоқда?

— Ҳамкасбларим билан Бош прокуратура тизимида деярли ярим йилдан буён ишлаб келаётганим боис шуни аниқ айтишим мумкинки, соҳа хизматчиларининг нафақат дунёқараши, ишга ёндашуви, фаолият услуби, балки тимсоли ҳам ўзгарди. Бугунги прокуратура бир пайтлардаги ҳаммани зириллатадиган, жазоловчи орган эмас, балки халқнинг ичига кириб бориб, одамларга яқиндан ёрдам бераётган идорага айланди. Ходимлар “Оддий инсонларга қандай кўмак берсам экан, жамиятга қандай наф келтирсам экан?!” деган тафаккур билан яшашаяпти, меҳнат қилишмоқда. Нафақат прокуратура, балки бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг психологияси, ишга муносабати, давлат ва жамиятдаги ўз ўрнини тўғри аниқлаб, равон юриши бўйича нуқтаи назари тамомила ўзгармоқда. Бинобарин, Президентимиз айтганидек, улар адолат посбони, ҳақиқат ҳамда одамларнинг ҳимоячиси бўлиши керак. Айни ушбу тамойиллар ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг чинакам ҳаётий мезонига айланиб бораётганини кузатиш мумкин. Масалан, олдинлари улар одамлар билан суҳбатлашганда ёки фуқароларни қабул қилганда, асосан, расмий гаплашган бўлса, эндиликда халқ билан сайёр учрашувларда, бевосита очиқ мулоқотларда, телекамера олдида самимий, оддий ва халқчил мулоқотга киришишга ўрганишмоқда.

— Қайд этиб ўтганингиздек, бугун жамият ҳамда одамлар ҳаётида салбий маънодаги қолиплар, қотиб қолган ақидалар йўқолиб бораяпти. Хусусан, Мультимедия маркази бу борадаги ишлар самарадорлигини юксалтиришда қандай ишларни амалга ошираяпти?

— Албатта, сўнгги икки йилда муайян стереотиплар барҳам топаётганини кўраяпмиз. Шу нуқтаи назардан, бевосита фаолиятимизга тўхталиб ўтсак, яхши биласиз, илгарилари Президентнинг Фармон ва қарорлари ойнаи жаҳонда сухандон томонидан ўқиб берилар ҳамда шу билан чекланиларди холос. Лекин “Томошабин бундай муҳим ҳужжатларни қандай қабул қилаяпти, қай даражада англамоқда, тушунмоқда?!” деган саволлар баъзида очиқ қоларди.

Маълумки, ҳар бир инсон расмий услубдаги матнни тинглар экан, маълум вақт ўтиб мияси уни қабул қилмай қўяди. Бу табиий физиологик жараён. Шундай экан, ҳар қандай медиамаҳсулот, аввало, одамлар руҳияти, психологияси, ҳиссиётларига таъсир этиши лозим. Бинобарин, марказимиз шу каби муҳим ҳужжатлар шарҳини тайёрлашда айнан мазкур жиҳатларга, жумладан, нейролингвистик омилларга, компьютер графикасига, инфографик тасвирларга ҳам алоҳида эътибор қаратаяпти.

Юртбошимиз томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар моҳиятини халққа етказишда ҳаётий мисоллар, кундалик турмушимиздаги жараёнлар, ҳолатлар, тенденциялар, инсонлар тақдири ва фаолияти орқали, соҳа мутахассислари фикрини инобатга олиб, оддий, аммо матн мазмунини бойитадиган медиашакллардан фойдаланишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Зеро, ҳар қандай Қонун, Фармон ёки қарорнинг амалиётга тўғри жорий қилиниб, самарали ишлаши ҳамда ижро этилишида мана шундай ноанъанавий ва ўзига хос тарғибот усуллари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Моҳиятни етказиш қанчалик самарали бўлса, амалда вазифаларни бажариш ҳамда шу йўлда жамиятни сафарбар қилиш шунча осон кечади. Бу борадаги телешарҳларимиз, медиаматериалларимиз “қотиб қолган” муайян қарашларни йўққа чиқариб, ўз кутилган натижасини бераётганини телетомошабинлар, интернет аудиторияси томонидан билдирилаётган ижобий фикрлар мисолида ўрганиб бормоқдамиз.

Кези келганда айтиш керакки, Мультимедия маркази расман 8 январдан иш бошлаган бўлса, ўтган давр ичида ана шундай инновацион усулларда телевидение каналлари орқали шарҳлар, лавҳа ва репортажлар, кўрсатув ҳамда давра суҳбатлари, ижтимоий роликлар каби турли форматдаги 200 дан ортиқ медиамаҳсулотларни эфирга узатдик. Айни чоғда интернет, хусусан, бугун омма онгу шуурига жуда катта таъсир кўрсатиб келаётган ва нафақат ички, балки ташқи ахборот маконида ҳам кенг қамровга эга ижтимоий тармоқларга ўз маҳсулотларимизни мунтазам жойлаштириб бораяпмиз. Мисол учун, Фарғонадан тайёрланган, эшак гўшти билан боғлиқ фош қилинган жиноят иши бўйича материалимизни “Facebook” ҳамда “Youtube” саҳифаларида жами ярим миллиондан зиёд фойдаланувчилар кўрди. У виртуал медиамайдонда ҳам жуда катта акс садо берди.

Яна бир бор қайд этишни истардимки, материалларни тайёрлашда шунчаки ахборот етказиш эмас, балки таҳлил, таҳлил ва яна бир бор таҳлилга жиддий эътибор қаратаяпмиз.

Шу ўринда бир мисолни келтирмоқчиман. Айни вақтда матбуот ҳамда эфир тўлқинларида томорқадан фойдаланиш масаласи ҳақида кўп гапирилмоқда. Бироқ бизнинг назаримизда, бу вазифани тўла адо этишга фақат тарғибот ва ташвиқот ёхуд кампаниябозлик билан эришиб бўлмайди. Инсонларимиз онгига таъсир этишнинг энг самарали усули — қиёсий таҳлил ҳамда кўргазмали таққос. Мана, ўзингиз тасаввур қилинг: расмий маълумотларга кўра республикада 440 минг гектар майдон шахсий томорқалар ихтиёрида. Аниқланишича, аҳоли уларнинг 20 фоизидан деярли фойдаланмаяпти. Ўз навбатида, мухбиримизнинг Паркент туманидаги оддий хонадонларнинг биридан тайёрлаган лавҳасига кўра, оила аъзолари 2 сотих ерга экилган помидор ва бодринг ҳисобидан 5 миллион сўм соф фойда олар экан. Демак, шу аснода ҳисобланса, бир гектар майдондан ўртача 250 миллион сўм даромад олиш мумкин. Энди буёғи оддий арифметика: мамлакат миқёсида 88 минг гектар ишлатилмаётган ерлардан кўриладиган фойда 22 триллион сўмни ташкил қилиши мумкин экан. Ўт босиб ётган томорқа эгалари қанча маблағдан бебаҳра қолаётганларини бир ўйлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмасди.

— Студиянгиз мўъжазгина экан.

— Мўъжаз бўлгани билан шинам, барча шарт-шароитга эга. Моддий-техника базаси мустаҳкам. Бу ерда LED-экранлар, камералар, ёритиш, овоз беришнинг ягона инновацион тизими кўп функционаллик хусусиятларини ўзида уйғунлаштирган. Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, телевизион ускуналар жамламаси, хусусан, турли эффектлар берадиган тасвирга олиш, компьютер, дастурий таъминот, алоқа ҳамда бошқа техника воситалари, рақамли ускуналар, транспорт, учувчисиз парвоз қиладиган тасвирга олиш аппаратлари (дронлар) олинди. Эндиликда интернетдан кенг фойдаланиш шароитлари яратилди. Буларнинг барчаси АКТдан оқилона фойдаланиш, ишга тезкор ва самарали ёндашиш имкониятини бераяпти. Албатта, ҳар қандай технологияни бошқариш ўз-ўзидан инсон омилига бориб тақалади. Бу ерда ишлайдиган мутахассислар етук, исталган вазифани қисқа муддатда сифатли бажара олиши лозим. Зеро, ОАВга медиамаҳсулот берар эканмиз, у, албатта, бошқа муқобилларига нисбатан ҳар томонлама сифатли бўлиши керак. Шунга яраша ходимларимизнинг моддий-маиший аҳволини мунтазам ошириб бориш, уларнинг ижодий камолоти ҳамда бардавомлигини таъминлаш Бош прокуратура раҳбариятининг доимий диққат-эътиборида.

Студиямизда “Кун мавзуси — долзарб муаммо” рукнида интервьюлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказамиз. Уларда мутахассислар иштирокида тўйлардан тортиб, цемент нархигача бўлган мавзулар муҳокама қилинаяпти. Ҳали ҳеч кимга айтилмаган бир янгиликни сиз билан бўлишаман. Яқин кунларда мамлакатимизнинг тўртта ҳудуди — Нукус, Самарқанд, Фарғона ва Термизда мухбирлик пунктлари очилади. Бу дастлабки қадамлар. Кейинчалик бошқа вилоятларда ҳам ана шундай барча техник воситаларга эга бўлган бўлинмаларимиз ташкил этилади. Мухбирлар, операторлар бевосита ўзига бириктирилган минтақалардан вилоят прокуратуралари билан ҳамкорликда материаллар тайёрлаб узатади.

Асосий хулосалардан бири шуки, биз изланмасак, жойимизда депсиниб тураверсак, ҳеч қачон олдинга силжимаймиз. Бир қадам бўлса ҳам, фақат олдинга юриш керак. Айниқса, жамият кўзгуси ҳамда энг илғор вакиллари бўлган бизнинг касб ходимлари учун бу ўта зарур. Чунки жамият ҳаёти тез илдамлаб кетаяпти. Мен тўла масъулият билан айтаманки, бугун журналист учун ҳеч қандай чегара ёки тақиқ йўқ. Ҳар қандай мавзу бўлса, уни қонун доирасида ва умуммиллий манфаатлар йўлида бемалол кўтариб чиқишимиз мумкин. Кимки маълумотни биринчи бўлиб берса ёки долзарб материали билан ўз мухлисларини топса, бу фақат биргина ОАВнинг эмас, балки барчамизнинг, умуман, жамиятимизнинг ютуғи. Зеро, барчамиз битта мамлакат, ягона юрт равнақи учун ишлаяпмиз.

«Халқ сўзи» мухбири
Саиджон МАХСУМОВ суҳбатлашди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019