Бобур Алихонов: ОАВга ҳақиқий ва фидойи журналистлар керак. У ўз соҳасини ипидан игнасигача билсин...

17:24 14 Декабрь 2018 Жамият
618 0

Фото: ХПК

Айни пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази таниқли режиссёр ва киноижодкорлар иштирокида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрламоқда.

Унинг дастлабки қисми Марказ ташкил этилган кун арафасида эфирга узатилиши кутиляпти. Фильмларда Марказнинг йил давомида амалга оширган ишлари, прокуратура органлари томонидан очилган жиноятлар ва бошқа масалалар қамраб олинади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтказилган семинарда маълум қилинди. Унда қатнашган маҳаллий ва хорижий экспертлар, давлат идоралари вакиллари, журналистлар мавзу доирасида ўз муносабатларини билдирдилар.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари — матбуот, теле ва радио, интернет сайтлари орқали ҳуқуқий мавзуларни ёритиш борасида ўсиш кузатилган. Журналистларнинг давлат идоралари ва бошқа муассасалари матбуот хизматлари билан ҳамкорлиги ҳам фаоллашган. Аммо буни соҳа ривожи учун етарли, деб бўлмайди. Айрим муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Хўш, улар нималарда кўринади?

Бобур АЛИХОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази директори:

— ОАВга ҳақиқий ва фидойи журналистлар керак. У ўз соҳасини ипидан игнасигача билсин. Лекин афсуски, ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Улар орасида журналистикада ўқимаган, соҳани яхши тушунмайдиган бошқа соҳа вакилларини ҳам кўрасиз. Бу ҳолат соҳа тараққиётига путр етказади.

Бугунги кунда Марказда нафақат ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳлар, содир этилган жиноятларга оид, балки аграр тармоғи бўйича ҳам алоҳида йўналиш очилиб, таҳлилий материалларни тайёрлаяпмиз. Шу кунгача Марказ томонидан 500 дан ортиқ турли мавзудаги шарҳлар эълон қилинди. Бунда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ва бошқа нашрлар, ахборот агентликлари билан тузилган ҳамкорлик меморандумлари уларнинг янада кенгроқ ёритилишида муҳим ўрин тутмоқда.

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, “Халқаро пресс-клуб” раиси:

— Тезкорликда биринчи бўламан, деб холислик ва ҳаққонийликни қўлдан бой бериш, бу — журналистика қонун-қоидалари ҳамда этикасига ҳам тўғри келмайди. Ахборот ортидан қувиш керак, лекин журналистиканинг олтин қоидаларини четлаб ўтмаслик лозим. Бугун юртимизда фаолият юритаётган баъзи ижтимоий тармоқлар, хусусан, интернет сайтларида ана шундай ҳолатлар кузатиляпти. Журналистлар малакасини оширишни тизимли йўлга қўйиш керак. Шу мақсадда университетимиз қошида ҳуқуқий ва журналистиканинг бошқа йўналишларида малака ошириш курсларини ташкил этмоқчимиз. Қолаверса, ҳарбий журналистларни тайёрлайдиган йўналишни ҳам очишни режалаштирганмиз.

— Юрген БЕКЕР, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори лойиҳалар бўйича катта маслаҳатчи:
— Ўзбекистонда сўз эркинлиги таъминланган. Айниқса, бу борада ОАВда сезиларли ўзгаришлар кузатиляпти. Давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар эса ОАВ учун очиқ. Биз ушбу йўналишда ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда ўзаро тажрибалар алмашиш, янги лойиҳаларни татбиқ этишдан манфаатдормиз.

Конструктив тарзда ўтган семинарда муаммо ва камчиликлар ечимига доир таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилиб, шу асосда ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019