«БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар» номли онлайн халқаро форуми бўлиб ўтди

09:25 27 Июнь 2020 Сиёсат
465 0

2020 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси томонидан «Ўзбекистон ва БМТ: барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ҳамкорлик» мавзусидаги «БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар» номли онлайн халқаро форуми ўтказилди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари, масъул вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари, БМТ ва қатор халқаро ташкилотлар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Қайд этилганидек, БМТ тузилган 1945 йилдан буён ўтган давр мобайнида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида марказий роль ўйнайдиган том маънодаги универсал халқаро тузилмага айланди. Ўзбекистон Бош котиб Антониу Гуттеришнинг БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлайди. Бугунги кунда ташкилот олдида бутун инсоният учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб вазифалар турибди. Булар турли можароларни ҳал қилиш, халқаро терроризм ва экстримизмга қарши курашиш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини бартараф этиш, пандемияларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш каби вазифалардир.

Форумда Ўзбекистоннинг БМТ билан саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди. Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда турли йўналишларда, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, камбағалликни қисқартириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилиб келинаётгани таъкидланди.
 

Шу билан бирга, тадбирда БМТ Бош котиби мазкур ташкилотнинг 75 йиллигига бағишлаб йўллаган табриги ҳам тингланди.

Бундан 75 йил олдин БМТ Низомининг қабул қилиниши жаҳонда ўрнатилган ҳозирги тартибга мустаҳкам асос бўлгани, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги глобал муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликнинг илғор тамойилларини белгилаб бергани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қатъий содиқлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари БРМ билан тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева нутқ сўзлади. Бирлашган миллатлар ташкилоти Низомини қабул қилинган куни билан самимий табриклаб, БМТ билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш муҳимлигига урғу берди.

– Ўзбекистонда БМТ томонидан тасдиқланган Барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 мақсадларни бажариш учун 169 та вазифа ва 206 та миллий индикатор белгиланган, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Улар Ўзбекистон Республикасининг тараққиёт стратегиялари ва дастурларининг 84 фоизини қамраб олган ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ҳамда қонунларни шакллантиришда асосий мезон бўлиб келмоқда. Миллий мақсад ва вазифаларни амалда муваффақиятли татбиқ этиш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Ҳукумат томонидан қабул қилинган тегишли «йўл харитаси» ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилиши»ни назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Унинг асосий вазифаларидан бири – Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ижро ҳокимияти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ушбу мақсадлар ҳар бир ҳудудда бажарилишини таъминлашдан иборат. Бу йўлда Парламент комиссияси Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини қўллаб-қувватлайди, назорат қилади ва унга кўмаклашади. Бугунги кунга келиб Парламентимиз барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги ҳамма вазифаларни бажарилишини таъминлашга қаттиқ киришган.

Барқарор ривожланиш соҳасида миллий мақсад ва вазифалар доирасида белгилаб олган режаларимизни БМТ ва унинг барча ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликда оғишмай амалга оширамиз, деб ўз ишончимни билдираман. Сабаби, мамлакатимиз аҳолиси БМТ фаолиятига катта қизиқиш билдириб, Ташкилотнинг Бош котиби жаноб Антониу Гетерриш ҳар бир ташаббусига катта эътибор билан ёндашади.

Шунингдек, онлайн форумда БМТ Бош котиби томонидан эълон қилинган «Келажагимизни бирга қурамиз» шиори остида ўтказилаётган сўровномада аҳолимиз фаол иштирок этиб, дунё мамлакатлари миқёсида 3-ўринни эгаллагани ҳам алоҳида эътироф этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?