БМТ Бош котибининг инсоният хавфсизлиги бўйича махсус маслаҳатчиси Ўзбекистонга келади

18:11 01 Июнь 2018 Сиёсат
456 0
Фото: CA-News

Жорий йил 8 июнь куни Тошкент шаҳрида “Орол ҳалокати асоратларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги фаолият: янги ёндашувлар, инновацион ечимлар, инвестициялар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати матбуот хизмати маълумотларига кўра, бундан кўзлаган мақсад Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти доирасида минтақа давлатлари томонидан Оролбўйидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бўйича келишувга эришишдир.

Унда Орол фалокати асоратларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар таҳлил этилади, минтақадаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар бўйича ҳамкорлик йўллари аниқлаб олинади.

Форумда Марказий Осиё давлатлари парламентлари депутатлари, вазирлик ва идора, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, 20дан ортиқ мамлакатлардан экспертлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар иштирок этади.

БМТ Бош котибининг инсоният хавфсизлиги бўйича махсус маслаҳатчиси Юкио Такасу анжуманнинг юқори мартабали меҳмони бўлади. У БМТ Бош котиби табрик сўзини ўқиб беради.

Нуфузли тадбир қатнашчилари 7 июнь куни Оролбўйи ҳудудига, жумладан, Нукус ва Мўйноққа ташриф буюради, Оролнинг қуриб қолган тубидаги кемалар қабристонини бориб кўради, ҳудуддаги экологик ҳолат билан таништирилади, маҳаллий аҳоли, давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари билан суҳбатлашади.

Форум Экоҳаракат, ташқи ишлар, инновацион ривожланиш вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ташкил этилади. Бу борада бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳам ҳамкорлик қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар