Бизни қийнаётган “муаммолар”

13:56 28 Октябр 2019 Жамият
572 0

Луқма

Бугун ҳам эрта тонгда бешга яқин уйғониб, соқолимни наридан-бери қиртишладим, сўнг шошиб кийиндим-да, кўчага чопдим: икки жойга ошга боришим керак. Уйим олдида машинаси билан дўстим кутиб турганди.

Икковлон биринчи тўйхонага шошилдик. Машина радиосининг қулоғи буралган, ундан бир йигитнинг шаррос овози келарди. Йигит дунёда замонавий технологиялар кўз илғамас даражада тез ривожланиб бораётгани ҳақида бир нималарни гапираётган эди. Радионинг мурватини баландроқ қилиб бурадим.

Япония олимлари дунёдаги энг митти уяли телефонни яратишибди, катталиги пальтонинг тугмасича экан. Яна-тағин японлар одамга ўхшаб ҳис-туйғуси бор ажабтовур роботни синовдан муваффақиятли ўтказишибди.

Германия ва Америка автомобилсоз олимлари такомиллашган, тезлиги соатига 100 километр бўлган электромобилни яратишга муваффақ бўлишибди. Олдингиларининг тезлиги 60 км/соатдан ошмаган экан.

Швецарияда жаҳон олимлари йиғилиб, дунёнинг қандай яралганини, Буюк портлашни исботлаш учун каттта коллайдерни ишга тушириш бўйича маслаҳат қилишаётганмиш.

Англия олимлари коинотда қандайдир номаълум объектни аниқлашибди, шуни ўрганишаётганмиш.

Ҳиндистон эса замонавий компьютерларни ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринларга чиқиб олиб, энди улар ҳам онгли робот ясашга тушиб кетишибди. Инсон юрагини алмаштириш бўйича юқори натижалардан бири ҳам Ҳиндистонда экан.

Тиниб-тинчимас дунё олимлари энди коинотдаги айрим сайёралар, масалан, Марс, Юпитер ва Ойда мавжуд бўлган табиий бойликларни Ерга ташиб келиш чорасини излашаётганмиш...

Дўстим кутилмаганда радио қулоғини бураб, пасайтирди.

– Тўёнага пул топдингми, – деб сўради мендан.

– Топдим, – дедим.

– Қанчадан?

– Элликтадан.

– Элликдан кам эмасми? Мен юздан ажратяпман. Улар қизингни тўйига юзтадан қилишувди, чоғи.

– Тўғри... Роса изладим, тополмадим, қарз сўрамаган танишим қолмади.

– Ҳа, тўёна деганиям ғирт бошоғриқ. Аммо қанча оғир бўлсаям, олганни қайтариш керак. Тўй мавсумиям бошланиб кетди. Тўхтасин ҳам қизини чиқаряпти, келгуси шанба эрталаб ош.

– Уф-ф-ф... Майли, келаси шанбагача бир чораси топилар. Тезроқ ҳайда, иккала ошгаям улгуриш керак. Биринчисига 6 да бориб, 40 минутларда қутулиб олсак, еттигача иккинчисига улгурармиз. Яхшиям, эрталаб машиналар тиқилинч эмас, бўлмаса, иккита ошга улгуришнинг ўзи бўлмайди.

Худди гапимиз тугагандек, иккаламиз ҳам жим қолдик. Бу пайтда қизиқарли ахборот тугаб, мумтоз қўшиқлар дастури бошланган эди. Радио қулоғини бураб, ўриндиқ суянчиғига ўзимни ташладим-да, бир хўрсиниб кўзимни юмдим. Тўйхонагача мазза қилиб, “жонон-бўламан деб”ни эшитиб кетдик.

Ажойиб қўшиқ, дилни яйратади. Шундай буюк санъат асарларини яратган ота-боболаримизга тасанно айтмай иложинг йўқ. Эшитинг: “Жонон бўламан де-е-еб, ҳаммани куйдирасан-му, куйган бу фақи-и-ир-р-ларни яна ёндирасан-му!?”.

Бўрон

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?