Бизни қандай келажак кутмоқда?

12:48 16 Июль 2019 Жамият
492 0

Мамлакатимиз жадал олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли дунё сиёсий харитасидан муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Бугун кўплаб ахборот порталларининг “нигоҳи” Ўзбекистонга қаратилган. Интернетдаги “қидирув” орқали юборилган миллионлаб сўровларга кўзингиз тушса, жаҳондаги энг илғор давлатлар қаторига кириш мақсадида туб ўзгаришларни амалга ошираётган Ўзбекистонга қизиқиш нақадар кучаяётганига амин бўласиз.

Нигоҳ

Учта сценарийдан қайси бири?

Келажакни олдиндан кўра билиш қобилияти азалдан қадрланган. Чуқур билим ҳамда унга асосланиб таҳлил ва башорат қилиш салоҳияти зулматни ёритувчи ёғду сифатида қабул қилинган.

Алломалар айтганидек, келажакка нисбатан чинакам сахийлик, бу — бутун боримизни бугунги кунга бағишлаш демакдир. Мазкур сўзлар айни дамда Ўзбекистонда кечаётган жараёнларни аниқ ва тўлиқ ифода этади. Худдики, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар метин пойдевор ва унда саховат ҳамда келгуси авлодларга меҳр-оқибат устун бўлгани сингари...

Хўш, бизни қандай келажак кутмоқда? Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экспертлари томонидан демографик прогнозлар ҳақидаги маъруза эълон қилинди. Унда олимлар 2100 йилгача Ер юзида аҳоли сони борасидаги ўзгаришларни башорат қилишди.

Бунда воқеалар бир нечта сценарий асосида ривожланиши мумкин экан. Тахминларга кўра, нохуш сценарий бўйича Ўзбекистон аҳолисининг энг кўпайган вақти XXI аср ўрталарига тўғри келиб, 39 миллион нафарни ташкил этаркан, сўнгра аста-секин пасайиш кузатилиб, 2100 йилга бориб 26-27 миллион нафар, яъни ҳозиргидан етти миллион кам инсон қолар экан. Навбатдаги сценарийга кўра, аср охирида ўзбекистонликлар 37 миллион нафарга етади. Ва ниҳоят, воқеалар ривожининг ижобий вариантига биноан, 2057-2058 йилларда Ўзбекистонда 50 миллионга яқин аҳоли яшайди, XXII аср бошида эса кўрсаткич 65 миллион нафарга етади.

Мазкур тадқиқот хулосалари фикрлаш учун қизиқарли маълумотларни беради. Кўринадики, айни вақтда олиб борилаётган сиёсат натижалари, ҳатто бундан бир неча ўн йиллар ўтиб туғиладиган авлодлар учун ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар, ижтимоий соҳанинг тараққиёт даражаси миллионлаб янги инсонлар дунёга келиши ёки келмаслигини белгилаб беради.

Шуларни ўйлар эканмиз, мамлакатимизда айнан ҳозир, шу паллада юз бераётган воқеаларнинг қадр-қиммати кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шу билан бирга, барча ислоҳотларнинг ташаббускори — давлат раҳбари зиммасига тушаётган улкан масъулият, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг ана шу тарихий жараёндаги дахлдорлиги нечоғли зарур эканини англаб етамиз.

Лоқайдликка қарши “эмлаш”

Бугунги инқилобий технологиялар бундан ўн, йигирма йиллар ўтиб ёки XXI аср охирига бориб ҳаётимизни қанчалик ўзгартириб юборади — буни тасаввур қилишга ожизмиз. Илм-фан тараққиёти шу қадар тезлашдики, воқеликни буткул ўзгартириб юборди. Келажакда нафақат меҳнат қуроллари ва усуллари, бино, иншоот ҳамда транспорт, турмуш тарзи, балки одамларнинг ўзи, қиёфаси, мулоқот шакли, тафаккури умуман ўзгаради.

Хўш, янги тамаддун вакиллари орасида ўзбекистонликлар нимаси билан ажралиб туриши мумкин? Улар йиллар оша қайси анъаналарни келажакка олиб ўтадилар? Роботлар ва космик саёҳатлар оламида уларни қайси қадриятлар бирлаштиришга қодир?

Давр ўзгаришлариаро синчков назар ташласак, юқоридаги саволларга жавоб топа оламиз. Яъни булар — халқимизга хос инсонпарварлик, саховат ва мурувват, ўзаро ҳурмат! Ушбу фазилатларга ҳатто глобаллашув, янги технологиялар ҳам салбий таъсир кўрсата олмаслигига шубҳа йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари азалий қадриятларни унутиш эмас, аксинча, мустаҳкамлаш, ҳар бир инсон қалбига, ёшларга сингдиришни ўргатмоқда. Айниқса, муаммоли, мураккаб вазиятга тушиб қолганларга давлат томонидан кўмак кўрсатилаётган шароитда бу жуда зарур.

Масалан, эҳтиёжманд инсонларни уй-жой билан таъминлаш тизимли равишда давом этяпти. Ногиронлиги бор шахслар, ота-онаси йўқлар, ёлғиз оналарга давлат бу масалада ёрдам бермоқда. Шундай экан, улар қалбида пайдо бўлган умид учқуни ўша азалий қадриятларимиз, меҳр-мурувват ва саховатни янада кучайтиришга олиб келади.

“Меҳр” деган сўз яқинда давлатимиз томонидан амалга оширилган янги хайрли тадбирнинг рамзий номига айланди. Муборак Рамазон ойида Президентимиз топшириғига кўра, 156 нафар ўзбекистонлик аёл ва бола Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ўчоғидан махсус авиарейс билан Ватанга қайтарилди. Ёт ғояларга ишониб юртини тарк этган ва тақдирнинг оғир синовларини бошидан кечирган юртдошларимизга тиббий, руҳий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч-осойишта ҳаётга қайтиши, жамиятга мослашиб кетиши, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этиши учун шароит яратилди. Уй-жой, иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Буларнинг барчаси халқаро ташкилотлар эътирофига сабаб бўлди.

— ЮНИСЕФ Ўзбекистон раҳбариятининг шу мамлакат фуқаролари ва уларнинг фарзандлари бўлган болалар учун жавобгарликни зиммасига олиш ҳақидаги қарорини, улар фуқаролиги йўқ шахс бўлиб қолмаслиги чораларини кўрганлигини олқишлайди, — деди ушбу халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.

Бу — бир марталик акция эмас. Ўзбекистон ўз фуқароларини ташлаб қўймайди. Давлат адашганларни жазолаш эмас, аксинча, уларга кўмак беришини бошқа инсонпарварлик тадбирлари ҳам тасдиқлайди.

Мана, яқинда хориждан тўрт нафар етим қолган бола қайтариб келинди. Уларни экстремистик таъсирга тушиб қолган ота-оналари олиб чиқиб кетишган. Қанчалик мураккаб бўлмасин, ана шу болалар Ватанига қайтарилди. Энди эса давлат ғамхўрлиги остида бўлишади.

Тан олиш керак, айрим кишилар чет элга чиқиб кетганларни қайтариш учун нега шунча маблағ ва куч сарф қилиш керак, ахир мамлакат ичкарисида ҳам муҳтожлар кўп-ку, деган фикрга ҳам боришди. Бу эса, юксак инсонпарварлик намунасининг чуқур мазмунини англамаслик натижасидир. Одамни хатоси учун кечириш, унга таъна қилмасдан, яхшиликка ундашнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти жуда катта. Бу — гўзал анъаналаримизни яна бир бор эслатиш, образли қилиб айтадиган бўлсак, лоқайдликка, инсон тақдирига нисбатан бепарволикка қарши “эмлаш” деганидир. Халқимизда кечиримлилик фазилатлари шаклланган ва у, албатта, кейинги авлодларга ҳам ўтади.

Миллиондан 18 нафар

Даврлар ўтаверади, лекин “Жаҳолатга қарши маърифат” иборасида мужассам бўлган жиддий ташаббус ўз аҳамиятини йўқотмайди. У икки йил аввал БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан янграган эди. Қисқа вақт ичидаёқ уни ҳаётга татбиқ этиш ўз мевасини бера бошлади. Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, шундай ёндашув нафақат республикамиз, балки бутун жаҳон учун фойдали.

Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида маъруза қилар экан, динлараро ҳамжиҳатлик, маърифат ва ўзаро маданий алмашинув масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш таклифини киритди. Бунда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази самарали пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Пойтахтимиздаги ана шу маънавият масканида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишар экан, давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси маркази мазкур мавзуда тадқиқот юритувчи муассасалар учун фундаментал база бўлиши, у орқали биз халқимизнинг фан, маърифат ва маданият ривожига қўшган ҳиссасини акс эттирмоқчи эканимизни айтди.

Маънавият, дин ва уни ўрганишнинг нақадар муҳимлигига батафсилроқ тўхталиш жоиз. Айрим файласуфлар маърифатни ўз фикридан кимнингдир кўрсатмасисиз фойдалана олмасликка қарши восита, яъни мустақил, бирор ғояга қарам бўлмаган тафаккур, деб таърифлашади. Шундай экан, маърифат жоҳилият ва радикализмга, таркидунёчилик ва бир томонлама фикрлашга қарши тура олади.

Бундай ёндашув қанчалик таъсирчан? Ундан кенг фойдаланиш катта ижобий натижа беради ва баъзи ОАВ ҳамда сохта таҳлилчиларнинг Марказий Осиёни аҳолиси радикалликка, зўравон экстремизмга берилган ҳудуд сифатида баҳолашларини рад эта олади. Аслида вазият бутунлай бошқача-ку.

Интернет-сиёсат фуқаролик ташаббуси ташкилоти Европа Иттифоқи лойиҳаси доирасида аҳолиси радикализмга энг ружу қўйган мамлакатни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказди. Натижалар шуни кўрсатдики, Бельгияда ҳар миллион нафар аҳолидан 689 нафарида экстремистлар таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли кучли экан. Бундай кўрсаткич Буюк Британияда 204 нафарни ташкил этса, Ўзбекистонда ҳар миллиондан фақат 18 киши ўта радикаллар “тўри”га илиниши мумкин экан.

Бундан келиб чиқадики, ўрта ҳисобда диний таълимот масаласида Антверпен ёки Брюггеда яшовчи одамларга нисбатан ўзбекистонлик 25 марта кўпроқ билимга эга экан. Ёки қайси таълимот тўғри-ю, қаерда экстремистик қарашлар мавжудлигини ажрата олиш қобилияти бизда Британия фуқароларидан кўра 8 баробар ортиқ экан.

Ушбу кўрсаткичлар АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг яқинда берган баёнотида янада яққол акс этди. Яъни у Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги вазиятни яхшилади ва алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан чиқарилди, деб айтди.

Қўшма Штатлар ташқи сиёсат идорасининг раҳбари Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларини санар экан, ўтган йили мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани, шунингдек, бир ярим минг диний маҳбуслар озод қилингани ва диний қарашлари сабабли “қора рўйхат”да турган 16 минг киши мамлакат ташқарисига чиқиш учун рухсат олгани каби далилларни келтирди.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида кейинги вақтда инсон ҳуқуқлари соҳасида сезиларли ривожланишга эришгани тўғрисида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини ҳам айтиб ўтди.

Кўриб турганимиздек, тақиқлар воситасида эмас, балки билимларни кенгайтириш, ўз устида ишлаш учун имкониятлар яратиш орқали кўпроқ натижага эришиш мумкин экан.

Тараққиёт учун тинчлик зарур

Айни вақтда ҳам, XXI аср охирида ҳам Ўзбекистон тақдири қўшни мамлакатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Ривожланиш тинчликни талаб қилади. Шу боис республикамиз атрофда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суришидан манфаатдор.

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг июнь ойидаги мажлисида ҳудуд барқарорлиги кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият билан белгиланади, деб таъкидлади. Яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Дохада бўлиб ўтган анжуманда Афғонистондаги осойишталик бўйича қабул қилинган Тинчлик ҳақидаги қўшма резолюцияни қўллаб-қувватлашини билдирди. Бунда мамлакатда узоқ кутилган тинчлик ўрнатилиши фақат афғонистонликлар томонидан, Афғонистон халқи раҳбарлиги остида амалга оширилиши лозим, деб эътироф этилди.

Ўзи ва минтақа келажаги ҳақида қайғураётган Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси — Афғонистонда вазият ўнгланиши, тинчлик жараёни бўйича ташаббуслари, шунингдек, минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда.

Минтақамиз тобора барқарор, иқтисодий жиҳатдан ишончли ва келажакни башорат қилиш имконияти бўлган ҳудудга айланиб бормоқда. Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, бу ҳолат кенг доирадаги ҳамкорлик учун, энг муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай ва ноёб имкониятларни очиб беради. Британиянинг “The Economist” нашри мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисидаги мақолада Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётидаги ижобий силжишларни эътироф этиб, уларнинг ҳар бири аҳоли фаровонлигига эришиш учун йўналтирилганлигини қайд этди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, иқтисодиёт соҳасида бозор механизмларини тобора чуқур жорий қилиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш, замонавий ишлаб чиқариш объектлари ва инфратузилмани ташкил этишга устувор аҳамият қаратилади. Янги иш ўринлари яратиш, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, болалар боғчалари, мактаб ҳамда олий таълим муассасалари қуриш, шифохоналар, маданият, санъат ва спорт иншоотларини бунёд этиш — хуллас, халқимиз фаровонлиги, ҳаёт тарзини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимлар фаолиятининг бош мезонига айланди.

Американинг сиёсий журналистикага йўналтирилган “The Daily Signal” янгиликлар веб-сайтининг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг жамоаси қонун устуворлигини ўрнатган ҳолда ўзгаришларни амалга ошириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ижтимоий ривожланиш, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш мақсадида “Йўл харитаси”ни рўёбга чиқармоқда. Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси республиканинг гуллаб-яшнаши учун пойдевор бўлиб хизмат қилувчи ислоҳотларни амалга ошираяпти.

Юртимизда ҳукм сураётган бунёдкорлик шиддатига эътибор берилса, тараққиёт муқаррарлигини яққол тасаввур қилиш мумкин. Мамлакатдаги тинчлик муҳити, барқарорликка эришиш учун интилиш, дунёга очиқлик сиёсати, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада уч йилдан камроқ муддат ичида қўлга киритилган ютуқлар замонавий Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланди. Ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз келажаги ҳақидаги энг дадил ва оптимистик сценарийлар бир кун келиб реал воқеликка айланади.

Ўткир РАҲМАТ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019