Бизнес учун давлат хизматлари қанчалик кўп бўлса, рейтингдаги ўрин ҳам шунчалик юқорилайди

05:44 28 Февраль 2019 Жамият
527 0

Иллюстратив фото

Маълумки, 2019 йил юртимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди. Бу, аввало, мамлакат раҳбарияти томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини тўла-тўкис бажариш, иқтисодиёт, шунингдек, аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифатини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестициялар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини англатади.

Бинобарин, ушбу масала ўта муҳим ва долзарб эканлигидан келиб чиқиб, республикамизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича комплекс ҳамда кенг миқёсли ишлар олиб бориляпти. Зеро, бундай муҳит сармоядорлар, хусусан, хорижлик инвесторлар учун ҳам жозибадор бўлиши лозим.

Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган ишлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам муносиб эътироф этилаётгани барчамизни бирдек қувонтиряпти. Жаҳон банки томонидан мамлакатдаги инвестициявий муҳит сифатини баҳолаш бўйича ҳар йили тузиладиган “Doing business” (“Бизнес юритиш”) рейтинги ушбу йўналишдаги энг машҳуридир.

Ишбилармонлик муҳити яхшиланиб боряпти

Мана, 16 йилдирки, мазкур ташкилот энг қулай ишбилармонлик муҳитига эга давлатлар рейтингини аниқлаб келаётир.

Жумладан, Ўзбекистон бизнес учун енгилликлар бериш кўрсаткичлари бўйича 2018 йилда 190 та мамлакат ичида 74-ўринни эгаллади. Ваҳолонки, 2013 йилда 185 та давлат орасида 154-поғонадан жой олганди. Европа ва Марказий Осиёнинг 24 мамлакати ўртасида Ўзбекистон охирги ўриндан 19-ўринга кўтарилди. Бу юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвестициявий салоҳиятни ошириш йўлида жадал қадам ташланаётганидан дарак бериб турибди.

Ушбу натижани қўлга киритиш учун мамлакатда ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ва уларнинг сонини қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар қилинди. Уларни олиш учун харажатлар ҳам камайтириляпти.

Бундай эзгу юмушларга янги ташкил этилган идора — Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳам муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ишонч билан айтиш мумкинки, давлат хизматлари марказлари фуқароларнинг ҳокимият билан мулоқот қилишида самарали таянч нуқтага айланиб улгурди. Юртимизда ҳар бир туман ва шаҳар аҳоли пунктларида ана шундай жами 201 марказ фаолият олиб боряпти. Уларда барчага, жумладан, жисмоний шахсларга ҳам юзга яқин давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган.

Аҳамиятлиси, 30 дан ортиқ хизматлар бизнеснинг турли тармоқларидаги салоҳиятли инвесторлар учун мўлжалланган. Ишбилармонлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, кадастр хизматлари кўрсатиш, лицензия ва рухсатнома ҳужжатларини тақдим этиш шулар жумласидандир.

Биринчи қадам — энг муҳими

Мамлакатимизнинг “Бизнес юритиш” рейтингидаги позициясини яхшилаш бўйича долзарб вазифалар давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида белгилаб берилди.

“Бизнес юритиш” рейтингининг ўзи ўнта кўрсаткич бўйича баҳоланади. Бизнесни рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи улар ичида энг биринчисидир.

Барчага аёнки, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган ҳар бир шахс учун уни тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш биринчи қадам ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказувчи орган эса давлат хизматлари марказларидир. Шундай экан, айнан ушбу кўрсаткич бўйича позицияни яхшилаш вазифаси Адлия вазирлиги зиммасига катта масъулият юклайди.

2018 йилда эълон қилинган рейтингга кўра, тадбиркорларни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича республикамиз 190 та давлат ичида 12-ўринни эгаллади. Бу, албатта, яхши натижа.

Гап шундаки, юртимизда тадбиркорларни рўйхатга олиш бўйича махсус автоматлаштирилган тизим яратилган. Бунинг шарофати билан давлат хизматлари марказларида бизнесни бор-йўғи 15 — 20 дақиқада рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилди.

Ўз навбатида, тадбиркорлик субъектини масофадан туриб, онлайн режимда рўйхатдан ўтказиш ҳам йўлга қўйилди. Бу усул қўлланилганда айнан электрон давлат хизматларидан фойдаланишларини қўллаб-қувватлаш учун давлат божи ҳажмининг ярми тўланмоқда.

Бироқ мавжуд амалиёт таҳлили шуни кўрсатяптики, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича яратилган қулайликларга қарамай, ҳаётда ишбилармонлар бизнес билан тўлақонли шуғулланиш имкониятига эга эмас. Масалан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорлар рўйхатдан ўтганидан сўнг белгиланган тартибда ўз муҳри ва штамплари (нишонлари)ни тайёрлаши, тижорат банкида ҳисоб рақамини рўйхатдан ўтказиши, бу ҳақда солиқ ва бошқа органларни хабардор қилиши керак. Шунинг учун Президент қарори билан Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги олдига ушбу жараёнларни оптималлаштириш (такомиллаштириш) бўйича қатор вазифалар қўйилди.

2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб тадбиркорлар банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиши мумкин. Қолаверса, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларга муҳр босилиши ёки ҳужжатларнинг муҳр билан тасдиқланишини талаб этиш тартибини бекор қилиш ҳам режалаштириляпти.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижлик инвесторлар ҳам ўзларининг бизнес шериклари ҳақидаги маълумотларни махсус электрон тизим орқали текшириб олиш имкониятига эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Рўйхатга олинган мажбуриятлар, қамоққа олиш ёки бошқа чекловлар, лизинг мажбуриятлари ҳақидаги маълумотлар очиқ фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилади.

Инвесторларга алоҳида эътибор қаратилади

Буюк Британиянинг “Компанис хаус” компанияси илғор тажрибасига асосланган ҳолда, ишбилармонлар учун синов тариқасида (тест режимида) очиқ платформа ишга туширилди. Пировардида сармоядорлар ва бошқа тадбиркорлар бўлажак бизнес ҳамкорига оид, масалан, рўйхатдан ўтган вақти, устав жамғармаси миқдори, муассислар ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда олиш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, давлат хизматлари марказларида инвесторлар учун махсус хоналар ташкил этиляпти. Уларда инвесторларга ўз бизнесини бошлаб олиши учун зарур маслаҳатлар ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёни йўлга қўйилмоқда.

Марказларда, шунингдек, салоҳиятли сармоядорлар учун махсус зоналар очиляпти. Бу ерда тадбиркорлар юридик шахсларга тақдим этилаётган хизматлар, имтиёз ва преференциялар, Ўзбекистонда бизнес ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги керакли маълумотларни олишади. Яқинда Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида очилган Давлат хизматлари марказида ушбу мақсадлар учун алоҳида хона жиҳозлаб берилди.

Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари портали фаолият юритмоқда. Шу орқали эркин ҳамда кичик саноат зоналари, инвесторларга кўрсатилаётган хизматлар, имтиёзлар, инвестиция киритишнинг афзалликлари, инфратузилмалар, географик жойлашув, қолаверса, ушбу зоналар ҳудудида жойлашган давлат мулки объектлари ҳақидаги батафсил маълумотлар бир нечта тилда тақдим этилаётир.

Ишбилармонларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу саноат зоналари дирекциялари қошида давлат хизматлари марказлари филиаллари пайдо бўлмоқда. Уларда ҳам маслаҳат ва ҳуқуқий ёрдам бериляпти.

Умуман олганда, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда унинг халқаро ҳамжамиятдаги ижобий имиджини шакллантириш учун кучли туртки бўлиб хизмат қилади.

Нўъмон Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019