Ўрта Осиёдаги энг катта қадимий ҳаммом қаердалигини биласизми?

10:02 16 Октябр 2019 Маданият
281 0

Ўрта Осиёдаги энг катта қадимий ҳаммом қаердалигини биласизми?

-“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 4 октябрь сонида эълон қилинган “100 билан юзлашишнинг яна бир сири” сарлавҳали мақолани ўқиб, ота – боболаримизнинг ақл – заковатига  тасаннолар айтдим,-дейди бухоролик кекса педагог Ҳаким Ражабов.- Мақолада тўғри таъкидланганидек, аждодларимиз ҳаммомнинг шифобахш хусусиятларини яхши англаганлар.Қадимий усулда барпо қилинган бундай масканларнинг киши саломатлигини мустаҳкамлашда, иш қобилиятини оширишдаги аҳамияти бениҳоя катта.Кўҳна Бухоро шаҳрида шундай  ҳаммомлар жуда кўп бўлган.Ҳозиргача уларнинг йигирмага яқини сақланиб қолган.

  Тарихимиз, адабиётимиз ихлосманди бўлган муаллимнинг бу гаплари  ўтган асрда Бухоронинг ўтмишини чуқур ўрганган олима, профессор О.В.Сухареванинг “Мен дунё кезиб, биргина Бухорода жуда кўркам, соғлом чолларни кўрдим ва лол қолдим” деган сўзларини ёдга солди.Гап шундаки,  қадим – қадимдан Бухорода ёшу қари ҳаммомни хуш кўрган.Унга одамлар нафақат тозалик, балки умрга умр қўшадиган маскан сифатида қарашган.Ўрта Осиёдаги энг катта ҳаммом ҳам Бухорода эканлиги бежиз эмас.Биз Тоқи Саррафон ҳаммомини назарда тутаяпмиз.500 метр квадратдан зиёд жойни эгаллаган бу маскан 1568 йилда Абдуллахон ҳукмронлиги даврида қурилган.Давлат муҳофазасида бўлган  меъморий обида  юксак дид билан барпо этилган.Ундаги катта – кичик хоналарга кираркансиз,бу ерда ота – боболаримиз  одамнинг  ҳар қандай дарддан фориғ бўлиб кетиши учун зарур барча шарт – шароитларни яратишган экан, деган хулосага келишингиз тайин.У ўтган асрнинг 70 – йилларига қадар фойдаланишда бўлган.Кейин эса айрим сабабларга кўра фаолияти тўхтатилди.Айни пайтда маскан “Шергирон” хусусий  фирмасига ижарага берилган.Шу обида ёнида фирманинг ўзида миллий анъаналарни мужассам этган ресторани фаолият кўрсатаяпти.

-Турмуш ўртоғим, раҳматли Рашид ака Бухоро тарихининг ихлосмандларидан эди,-дейди фирма раҳбари Фируза Абдуллаева.-Умрининг 20 йилини шу тарихий обидани асраб – авайлашга, уни экспонатлар билан бойитишга сарфлади.Ўғлим Абдурасулжон билан бирга у кишининг руҳларини шод этишни ният қилганмиз. Ҳозир тарихий маълумотларни тўплаяпмиз.Экспозиция ташкил этиш мақсадидамиз.Бу ерда аудиогит фаолиятини  ҳам йўлга қўймоқчимиз.

 Фируза опанинг бу ҳақда алоҳида тўхталиши бежиз эмас.Гарчи, ижара ҳақи ва бошқа харажатларни қўшганда йилига 40 миллион сўм атрофида маблағ сарфлашаётган бўлишса – да улар “Тоқи саррафон”дан даромад кўришаётгани йўқ.Аниқроғи, бу ерга кириш текин.Агар мутасадди ташкилотлар шу масала ечимида ёрдам қўлини чўзишса айни муддао бўларди.Негаки, бошқа ёдгорликлар қатори қадимий ҳаммомни ҳам томоша қилиш ниятидаги сайёҳлар жуда кўп.Шундай йирик ва муҳташам обидани сақлаш, асрашнинг ўзи бўлмайди.Хорижий тадқиқотчилар Галина Асанова билан Мартин Дав Эронда “Тоқи Саррафон” ҳаммоми ҳақида илмий  иш ёқлашганининг ўзи ҳам бу обиданинг умумбашарий аҳамиятидан дарак бериб турибди.

-Масканимизга хорижий сайёҳлар  тез – тез келишади,- дейди кўҳна шаҳарнинг қадимий  “Бозори корд” ҳаммоми масъул ходими Акбар Содиқов.- Қизиғи, меҳмонхоналарда ювиниш учун барча шарт – шароитлар ва ҳатто сауналар бор.Аммо улар бундан беш юз йилча муқаддам қурилган ҳаммомизда чўмилишни афзал кўришади. Яқинда уларнинг бир гуруҳи “Францияда Бухоро тўғрисида тайёрланган видеороликни томоша қилдик.“Бозори корд” ҳаммоми ҳам тасвирга олинган экан.Шу қадимий ҳаммомни кўриш, унинг хизматидан фойдаланиш ниятида атайлаб юртингизга келдик”, дейишди.

Айтмоқчи, Бухорода фойдаланишда бўлган иккита қадимий ҳаммомнинг бири “Бозори корд”дир.Акбар шу қадимий масканда ишлаётган сулоланинг учинчи авлоди саналади.Унинг айтишича, узоқ ўтмишда ҳаммом махсус тайёрланган шамлар воситасида иситилган.Аммо  бу чуқур тадқиқотни талаб қиладиган масаладир.“Шергирон” фирмаси ходими Абдурасул Абдуллаевнинг фикрича, қадимда аждодларимиз  ҳаммомга мўлжалланган сувни иситиш йўлини билишган.Тазар яъни  канализация қувурларидан биогаз олишган ва уни махсус мослама воситасида ёқиш орқали сувни иситишган.Биламизки, тазарлар қадимда сополдан тайёрланган.Мана шу далиллар ҳам ҳаммомнинг мўъжиза эканини, унинг ўзи тугул, қурилиши-ю ишлатилиши ҳам сир – асрорга тўла эканини кўрсатади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019