«Биз бир-биримизга бағримизни, қалбимизни очдик»

11:55 04 Апрель 2018 Жамият
683 0
Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбек халқи билан бир дарёдан сув ичиб, қўни-қўшничиликда яшаб келган қирғиз элининг буюк оқини, Қирғизистон халқ шоири, Қирғизистон Фанлар академияси академиги Аали Тўқумбоев ҳар икки халқнинг шеърият мухлисларига ёд бўлиб кетган “Алишер Навоий” деб номланган шеърида шундай деган эди:
Алишер, сенинг тилинг — менинг тилим,
Алишер, сенинг дилинг — менинг дилим.
Кел, бирга жўр бўлайлик, орзуларинг
Очилди чаман бўлиб мана бугун.

Дарҳақиқат, бундан етмиш йил муқаддам битилган бу мисралар бугунги кунда тилларда янграб, дилларда акс садо берди. Ўзаро самимий муносабат, меҳру муҳаббат, тил ва дил бирлиги икки қондош ҳамда жондош халқнинг оддий турмуш тарзидан тортиб, дунёнинг глобал муаммоларини ҳамжиҳатликда ҳал қилишида ҳам намоён бўла бошлади.

“Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарор “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”, деган ғоятда ҳаққоний сўзлар билан бошланади. Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида олиб борилаётган дўстлик, яхши қўшнилик, стратегик шериклик муносабатларига бу фикр ҳамоҳанглиги билан янада юксак аҳамият касб этди.

Барчаси ортда қолди

Аҳолиси ўзбеклар ва қирғизлардан иборат Чўнғара деган қишлоқ Фарғона вилоятини Қирғизистон Республикаси билан туташтирувчи энг чекка ҳудуд ҳисобланади.
— Мен поликлиника патронаж ҳамширасиман, — дейди чўнғаралик Гулноз Бобораҳимова. — Ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиш учун шаҳарга бориб-келишимга тўғри келарди. Аммо фуқаролигим йўқлиги сабабли на у ёққа, на бу ёққа ўта олардим.

Кўзу қошдек бир-бирига ўхшайдиган, ёнма-ён жойлашган қишлоқларнинг бирида ўзбеклар яшаса, иккинчисида қирғизлар истиқомат қилади. Айримларида эса Чўнғарадаги каби ўзбегу қирғиз биргаликда, бир оиладек ҳаёт кечиради. Тиллари, лаҳжалари ҳам бир-бирига ўтиб, қайси бири ўзбегу қайсиниси қирғиз эканлигини ажратиш қийин. Ўзлари етиштирган девзира гуручнинг донғини етти иқлимга тарата олган чўнғараликлар бошқа давлат чегарасидан ўтишга тўғри келганида бошлари қотиб, айблари нима эканлигини ўзлари ҳам билолмай доғда эдилар.
Энди у кунлар тушдек ўтиб кетди. Чўнғара — Риштон йўли очилди. Риштон — Оқтупроқ, Тарғова йўллари ҳам икки халқнинг яхши кунларига, борди-келдиларига хизмат қилмоқда. Зеро, юз иссиқлиги, яқинлар нигоҳи туфайли кўнгилда уйғонадиган гўзал ҳис-туйғулар ҳақида ўзбеклар қандай фикр юритса, қирғизлар ҳам шундай мулоҳаза қилишади. Ўзбек халқидаги “Қадим дўстлик зангламас” нақлининг маънисини қирғизлардаги “Йўлдошсиз эр йўлдан адашар” деган ҳикматли сўз тўлдириб, мукаммаллаштириб туриши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Дарё тошиши натижасида аҳоли экинларини сув ювиб кетишининг олдини олиш учун дамба қуриш, йўл-чегара билан боғлиқ масалалар биргаликда ҳал этилиши заҳотиёқ аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорларга кредит ажратиш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини очиш сингари муаммолар ҳам ўз-ўзидан ечим топа бошлади. Ҳамма гап ҳамжиҳатликда экани аёнлашди.

Орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас

Жорий йилнинг 15 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви”да сўзлаган нутқида давлатимиз раҳбари қўшни мамлакатлар билан иқтисодий ҳамжиҳатлик мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратди: “Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра, қарийб 3 миллиард долларни ташкил этди, яъни 20 фоиз ортди.
Бу борада ўзаро товар етказиб бериш 2 баробар кўпайди”.
Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги муаммолар давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли ечим топиб бормоқда. Одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар, албатта, ижобий самаралар беради. Автомобиль, қишлоқ хўжалиги техникаси, ўғит, маиший техника, тўқимачилик ва қурилиш материалларининг қирғизларга Ўзбекистон томонидан етказиб берилиши, ўз навбатида, у ердан кўмир, гўшт, сут, мева-сабзавот, трикотаж маҳсулотларининг юртимизга келтирилиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли ҳисобланишидан ташқари, бундай борди-келдилар ижтимоий-гуманитар соҳаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон автомобиль ҳамда темир йўл магистраллари минтақа иқтисодий салоҳияти юксалишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг “Чегараларимиз дўстлик ва яхши қўшничилик кўпригига айланишига астойдил ишонаман”, деган сўзлари замирида халқларимизнинг азалий орзу-умидлари ётади.

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков давлат раҳбари сифатида илк хорижий давлат ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширди.
“Қирғизистон бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас. Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик” — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу самимий сўзлари барчанинг қалбида миннатдорлик туйғуларига йўғрилган акс садо берди. Ҳар икки халқнинг ёшу кексаси дуога қўл очиб, ўзларига яқин, оддий одамларнинг дарду ташвишларини ҳис қилган ҳолда олиб борилаётган сиёсат амалий натижалар бераётганини эътироф этишди. Дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиб бориши барча замонда эзгулик олиб келганини кўпни кўрган юрт кайвонилари, элбошилари, оқсоқоллари элдош-қавмдошларига етказишди.

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековнинг “Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз”, деган олижаноб фикри эса дилларни ҳаяжонга солди. Негаки, буюк бобомиз Алишер Навоий айтганларидек, “Эл ғами-ю халқ ғами”дан келиб чиқиб, юксак инсонпарварликка йўғрилган ғоялар ҳамиша ўз даврида одамларга хизмат қилиб, шу асно юксак тарихий аҳамият касб этиб келган. Дунёни ёруғ ва эзгу нурларга буркаган. Бунга кўҳна тарих гувоҳ.

Фото: "Халқ сўзи"

“Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви” энди ҳар йили Наврўз байрами арафасида иштирокчи давлатлардан бирининг пойтахтида ўтказиладиган бўлди. Шарқ халқларининг азалий байрами ҳам эзгу ишларга хизмат қила олишидан суюниб, бахтга беланчак ўлка — Марказий Осиёнинг азим тоғларию бепоён дашту далаларига кўклам сепини ёйди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Наврўз табриги жамиятимиз муҳитига байрам кайфиятни бахш этди. “Мана, бир неча йилдирки, — дейилади ушбу табрикда, — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига мувофиқ Наврўз байрами халқаро миқёсда кенг нишонланмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. Шу боис ҳам Наврўзи олам мустақиллик йилларида, миллати, тили ва динидан қатъи назар, диёримизда яшаётган барча юртдошларимизнинг ардоқли ва севимли байрамига айланди”.

Наврўз байрами муносабати билан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековнинг давлатимиз раҳбари номига йўллаган қутловида эса шундай дил сўзларини ўқиймиз: “Наврўзни нишонлаш халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик анъанавий дўстлик, яхши қўшнилик ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишонч ва англашув тамойилларига асосланган муносабатлар халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам ривожланиб боришига ишонч билдиришга ижозат бергайсиз”.
Албатта, бу самимий муносабатларда қардошу жондош икки халқнинг ягона тарихи, умумий келажаги мужассам. Дала-тузларга сочилган гул-чечаклар ифори аждодлар руҳи шодланаётганидан дарак бераётгандек. Олий уйғунлик, муштараклик бу кунларнинг мазмун-моҳиятини асрларнинг мазмунига тенглаштираётгани чин ҳақиқат эканлигини бир дарёдан сув ичиб, бир осмон остида умргузаронлик қилаётган азамат халқларнинг заҳматкаш фарзандлари ҳис этиб туришибди.
Маърифат аҳлига “Қисаси Рабғузий” номли бебаҳо асарни тақдим қилган Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг Наврўз ҳақидаги машҳур байтлари ҳам бугун ўзгача рамзийликка эгадек туюлади:
Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи,
Кечди баҳман замҳарир қиш қолмади қори бузи.
Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,
Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу Ер юзи.

Баҳор фаслининг табиатда мўъжиза яратиши, атрофга байрам безаклари билан файз бағишлаши оламни ўзгартираётган инсон қалби эврилишларига ҳамоҳангдир. “Адабиёт яшаса, миллат яшар”, деган Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ҳам бу кунлар нафасини ҳис этиб тургандек нафосатли сатрлар битган:
Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳиди берсайди,
Дилларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди.

“Биз қуёшнинг сўнишига йўл қўя оламизми?”

Дунё адабиётини ўзининг бетакрор асарлари билан бойитган буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” асари тақдимотида “Биз қуёшнинг сўнишига йўл қўя оламизми?” дея айтган сўзлари башарият аҳлига қаратилган мангу даъват каби янграйди.

Чингиз Айтматов, шубҳасиз, ўзбек халқининг энг яқин дўсти эди. “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” асарида у ўтган асрнинг сўнгги чорагида юз берган, “Ўш фожиалари” номи билан ўзбек-қирғиз халқлари тарихида қайғули из қолдирган мудҳиш ҳодисалар ҳақида шундай ёзади: “Вазият кундай равшан: ҳар икки қардош халқ бир-бирининг ёқасига ёпишиб туришарди. Қарама-қаршиликни қандай қилиб бартараф этиш мумкин? Кутилмаганда аланга олиб кетган низони қандай йўсинда тўхтатиб бўлади? Бизни ана шундай муаммолар қийнар эди. Ҳар бир соатда янги хабар етиб келарди: юрак-бағримиз ўртаниб, амалий ҳаракатга шошилар эдик.
“Фарғона водийсидаги ўн минглаб ўзбеклар Ўш томонга боришяпти!”.
“Кечаги кундан эътиборан Олой қирғизлари отларига миндилар!”.

Шунда мен Ўзбекистондаги ҳар хил жамоат ташкилотларининг раҳбарларига: “Келинглар, оға-инилар, Сизники нотўғри, меники тўғри, деган мунозарани бас қилайлик. Ростини айтсак, ҳаммамиз айбдормиз. Вазиятни мураккаблаштиришдан фойда йўқ”, дедим. Барча менинг фикрларимни бир овоздан қўллаб-қувватлади”.
У мудҳиш воқеалар ортида кимлар туриб, қандай манфаатларни кўзда тутгани вақт ўтган сайин ойдинлашиб, ўз баҳосини олди. Аммо ўшанда ҳиссиётга берилган томонлардаги вазиятни таҳлил этиб, тўғри баҳолай олиш учун Чингиз Айтматовнинг улуғ Шахс эканлиги қўл келган эди. Ўз асарларида ёниқ қалб билан жамиятнинг оғриқли масалаларига мурожаат қилиб, “Инсон нима учун яшайди, ҳаёт йўлимиз эзгуликдан иборатми-ёвузликданми, келгуси авлодлар бизга қандай баҳо беради, инсониятга таҳдид солаётган хатарлардан қандай қутулиш мумкин?!” сингари глобал муаммоларга санъаткор сифатида жавоб излашдан толиқмаган Чингиз Айтматов қондошу жондош оға-инининг бошига таҳликали оғир кунлар тушганида, албатта, бир четда томошабин бўлиб қараб туролмасди. У адиблик қисмати қондош ҳамда жондош халқлар ҳаёти билан чамбарчас боғланиб кетганини теран англаган буюк Санъаткор ва улуғ Шахс эканлигидан ҳаётлик чоғидаёқ абадиятга дахлдор бўла олган эди.

“Ўш вилоятига бориб, шарт-шароитлар билан танишганимдан сўнг, мен республика телевидениеси орқали Ўзбекистон халқига мурожаат қилдим, — дея давом этади Чингиз Айтматов. — Бу ҳодиса нимадан бошлангани, агар низо кучайиб борадиган бўлса, охири жуда ёмон бўлиши мумкинлиги тўғрисида дилимда бор гапларимни очиқ-ойдин айтдим. Ўша пайтда менинг ёнимда Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодиров ҳам ўтирган эдилар. Улар ҳам менинг фикрларимни қувватлашиб, бутун ўзбек халқини босиқликка чақирдилар”.
Бугун бу улуғ адиблар орамизда йўқ. Аммо уларнинг ёзган асарлари, амалга оширган ишлари яна оға-ини бўлиб бирлашган халқларимиз қалбида мангу яшайди. Юртимизда эса Чингиз Айтматовнинг чин маънода иккинчи умри бошланди. Қарорда таъкидланганидек, “Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди”.

Ўзбек шоирининг қирғиз адибига бағишлови

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов Чингиз Айтматов билан ғурурланиб, давраларда бот-бот унинг номини тилга оларди. Шоирнинг Чингиз Айтматовга бағишлаб ёзилган “Қирғиз диёри” деган шеъри ўзбек шеърхонлари орасида ёд бўлиб кетган, қирғиз биродарига кўча-ку, бозор-ўчарда ҳам дуч келиб қолганлар уни дарҳол ёдга олишарди.

Эй, қадим Осиёнинг абадий ёш ўлкаси,
Ялангтўш ва меҳнаткаш ўзбек билан инисан.
Қирғизларда женгедир ўзбекларнинг бекаси,
Шону шараф осмонин чақнаган чақинисан.
Бутун дунё билади ижодкор Чингиз номин,

Азамат халқ, шуҳратинг бундан ҳам бўлсин зиёд.
Ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, такрорланмас шоири сифатида Абдулла Орипов маълум муддат Чингиз Айтматов Президенти бўлган “Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси”да вице-президентлик фаолиятини олиб борди. Минтақадаги давлатларнинг яқинлашуви, халқлар ўртасидаги азалий дўстлик муносабатлари мустаҳкамланиши зарурлигини ҳамиша ҳис этиб келишган бу улкан қалб соҳибларининг асарларида ҳам шу улуғ фазилатлар тараннум қилинган эди. Уларнинг овозлари бугун қулоқларимиз остида янграб, бизни ҳушёрликка даъват этади. Меҳр-муҳаббат, эзгулик, яхшилик ҳар қандай мураккаб муаммонинг ечими бўла олиши муқаррарлиги ҳақида ўз асарлари орқали улар бизга сабоқ бера олишади. Марказий Осиё минтақасида юз бераётган улкан ўзгаришлар, халқларга қувонч бағишлаган яқинлашув бу улуғ зотларнинг руҳларини шод этганига, албатта, ишонамиз.

* * *

Марказий Осиё минтақасига тоза нафас, тоза ҳаво кириб келди. Бу дўсту қадрдонлик, бир-бирини тушуниш ва англаш туфайли юз берди. Бундай ўзгаришларга халқларимизнинг очиқ муносабатлари оммавий ахборот воситалари орқали акс садо бера бошлади. Энди мазкур соҳада тезкорлик, замонга ҳамнафаслик руҳи барқ ураётганини сезиш қийин эмас. “Халқ сўзи” ва “Народное слово” йўлланмаси билан қўшни Тожикистон Республикасига биринчи бўлиб сафарга чиқиб келган ҳамкасбимизнинг “Ери бир, дини бир қондошу жондош дўсту қадрдонлар кўнглида баҳор уйғонди”, деб номланган мақоласи газетамизда чоп этилганида, бу эзгу ишни яна давом эттириш ҳақида кўплаб таклифлар олдик. Қирғизистон Республикасининг пойтахти Бишкек шаҳрида эканимизда, давлатимиз раҳбарининг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори адибнинг ота юртида катта қувонч билан кутиб олинганига гувоҳ бўлдик.

Бишкек шаҳридаги бош майдон санъат музейи ва қишлоқ хўжалик вазирлиги оралиғида барпо этилган.  Майдон ўртасидан автотранспорт қатнови учун йўл ажратилган бўлиб, байрам кунлари ушбу йўлда ҳаракатланиш чекланади. Йўлнинг у томонида Манас, бу томонида Чингиз Айтматов ҳайкали қад ростлаб турибди. Буюк адиб ҳайкали пойида хорижлик сайёҳлар гавжум, унинг асарлари ҳақида баҳс юритишади. Мамлакатимизда унинг таваллудини нишонлаш ҳақида Президент қарори чиққани уларда ёқимли таассурот қолдирди.
Қирғизистонликлар Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар ҳар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари билан мустаҳкамланиб бораётганини эътироф этишмоқда. Улар бир-бирларига “Бир ота-онадан бунёд бўлган туғишганлармиз — Еримиз, осмонимиз, мақсадимиз бир!” дейишмоқда.
— 22 март куни Тошкентдан йўлга чиққан поезд Бишкек орқали Иссиқкўлга йўл олди, — дейди нафақахўр Екатерина Смайлова. — Бу мени ниҳоятда қувонтирди.
— Мен Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларни ўз кўзим билан кўришни орзу қилардим, — дейди касби ҳайдовчи бўлган Айбек Мамбетов. — Орзуим амалга ошадиган бўлди.
— Тошкент, Фарғона ҳамда Андижон шаҳарларига автобус қатнаяпти, — дея қувонч билан сўзлайди тадбиркор Муҳаммадазиз Каримов. — Бу бизнинг қалбимизга офтоб тафтини олиб кирди.
— Асли афғонистонликман, — дея ўз режалари билан ўртоқлашади тадбиркор Беназир Раҳмон. — Қирғизистонда фаолият юритаман. Экспорт ҳаракатларини амалга ошириш борасида тажриба тўплаганлигим боис Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш лойиҳасини ишлаб чиқдим. Шу кунларда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига бориб, ўз режамни тавсия этмоқчиман.
— Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотлари савдосини йўлга қўймоқчиман, — дейди сотувчи Замир Саиткамбар ўғли. — Бизда бундай маҳсулотларга талаб катта.
Бундай самимий тилак ва орзу-умидлар мужассам бўлган сўзлардан ҳаёт нафаси уфуради. Очиқ йўл, қулай имконият, хайрихоҳлик беркилиб қолган булоқлар кўзини очиб юборишга қодир — асрлар давомида ҳаётнинг муҳташам биносини барпо этиб келган халқлар эса бу жараёнда ўзларига муносиб йўл топиб олишларига асло шубҳа йўқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, 
Саидаҳмад ШУКУРОВ, 
Шойим БЎТАЕВ, махсус мухбирларимиз.
Тошкент — Баткен — Бишкек — Тошкент.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар