Бишкек саммити: ШҲТ доирасидаги манфаатли ҳамкорликнинг беш устувор мезони

22:35 17 Июнь 2019 Сиёсат
269 0

“ШҲТ роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш бизнинг “Шанхай руҳи” ҳамда ташкилот тамойил ва қадриятларига нечоғли амал қилишимизга боғлиқ бўлади”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисида сўзлаган нутқида шундай деб таъкидлади.

Ушбу муҳим минтақавий тадбир доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил топганининг 18 йиллиги нишонланди. Маълумки, Хитой, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари ШҲТнинг илк олти аъзоси ҳисобланади. Кейинги босқичда, 2017 йили яна икки мамлакат – Ҳиндистон ва Покистон ушбу ташкилот сафига қўшилди.

Ҳозирги вақтда ШҲТда 8 та аъзо-давлат, 4 та кузатувчи-давлат ва 6 та мулоқот учун ҳамкор-давлат фаолият юритмоқда. Бошқача айтганда, у Евроосиёнинг бешдан уч қисмини ва дунё аҳолисининг қарийб ярмини қамраб олган.

Буни рақамларда ифода этадиган бўлсак, ШҲТ таркибидаги мамлакатларнинг умумий майдони 34 млн. квадрат километрдан иборат. Бу улкан маконда 3,2 миллиард аҳоли яшайди.

Шу тариқа ушбу ташкилот жуғрофий жиҳатдан ва аҳоли сони борасида жаҳоннинг энг йирик тузилмаларидан бирига айланди. Ўтган даврда ШҲТга аъзо давлатлар турли цивилизациялар тўқнашуви, “совуқ уруш” ва бошқа ҳар хил салбий ёндашувлардан воз кечди. Ташкилотнинг барча аъзолари ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, адолат ва манфаатли амалий ҳамкорлик тарафдоридир.

Энг муҳими, мазкур минтақавий ташкилот барқарор ва соғлом руҳда ривожланмоқда. Бугунги кунда Хитой билан ШХТга аъзо бошқа давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси 20 баробар ортган. Бу кўрсаткич 2018 йил якунлари бўйича 12 миллиард АҚШ долларидан 255 миллиард долларга етди. Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 20 фоиздан зиёди ШҲТга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида дунёдаги геосиёсий вазиятга баҳо берар экан, замонавий халқаро муносабатлар туб ўзгаришлар даврини бошдан кечираётган ҳозирги пайтда “Шанхай руҳи” тушунчаси қанчалик аҳамиятли эканига эътибор қаратгани бежиз эмас. Бинобарин, айнан ушбу ташкилотга асос солиниши халқаро муносабатлар тизимига “Шанхай руҳи”ни олиб кирди.

Мазкур тушунча ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ривожида ўзига хос ўрин тутади. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин таъбири билан айтганда, “Шанхай руҳи”: ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, маслаҳат, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш, умумий ривожланиш истаги – ана шулар ШҲТнинг асосий ғоясидир”.

Бугунги кунда ШҲТ кўп томонлама изчил ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш орқали жаҳон иқтисодиёти тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Шу муносабат билан яқинда Пекинда “Бир макон, бир йўл” форуми муваффақиятли ўтказилганини таъкидлаш лозим. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларининг денгиз портларига бевосита чиқишини ҳал қилиш ва минтақамизни Шарқдан Ғарбга, Шимолдан Жанубга қадар боғловчи қитъалараро магистраль чорраҳага айлантиришда улкан аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, Бишкек саммити – ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик жараёнларида яна бир муҳим маррани забт этиш нуқтаси сифатида эътироф этилди. Бундай амалий мулоқотлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “минтақамизда замонавий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ёндашувларни мослаштиришга хизмат қилади”.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида, шунингдек, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар учун, бир томондан, хавфсизликни таъминлашда келишилган сиёсатни юритиш, иккинчи томондан, давлатларимиз барқарор тараққиёти ва равнақи учун қулай шароитларни шакллантириш муҳим эканига тўхталди.

Чиндан ҳам, ўтган даврда ШҲТга аъзо давлатлар қарийб 1 минг 400 та ҳужжат имзолаган. Шундан 46 фоизи – бевосита хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, атиги 7 фоизи кўп томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантириш масалаларига тааллуқлидир.

Ушбу иккита рақамни ўзаро таққосланг: хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларида ШҲТ доирасида амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари ўртасида муайян номутаносиблик мавжудлиги шундоқ кўриниб турибди.

Энг муҳим вазифа: ШҲТнинг турли йўналишлардаги фаолияти мезонларини ўзаро мувофиқлаштириш, уйғунлаштириш лозим.

Шу маънода, саммит якунлари бўйича ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги шерикликни ривожлантиришга доир 22 та ҳужжат имзолангани жуда муҳим. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг таклифи асосида Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун ШҲТ ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Илк босқичда асосий эътибор чегара муаммоларини ҳал қилишга қаратилган бўлса, эндиликда ўзаро ҳамкорликнинг кўламлари ва миқёслари тубдан кенгайди.

Бишкек саммитида ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритилганини худди шу тарихий воқелик билан изоҳлаш ўринлидир.

Ўзбекистон Президенти “ШҲТни ривожлантириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди. Бунда, бешта устувор мезонга таянган ҳолда, ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш мақсадга мувофиқ эканига эътибор қаратилди.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг биринчи мезони – иқтисодиёт. Бу ўринда аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга доир қўшма лойиҳаларни ҳаётга чуқур татбиқ этиш ҳақида сўз бормоқда.

Бунинг натижасида мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатбардошлиги ошади. Аҳоли, авваламбор, ёшлар учун янада кўпроқ янги иш жойлари ташкил этиш мумкин бўлади.

Айниқса, Президентимиз Марказий Осиё бундан кейин ҳам ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши зарурлигини таъкидлагани ғоят аҳамиятлидир.

Чунки бугунги кунда минтақамиз нисбатан барқарор, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, кенг миқёсли ҳамкорликни ривожлантириш, муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай шароит ва ноёб имкониятлар яратади.

Ўзаро алоқалар, самарали иқтисодий ва транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ШҲТ Ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг фикрича, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши ўзаро савдони ривожлантириш ва ШҲТ доирасидаги ҳамкор мамлакатларга инвестициялар оқимини оширишга кучли туртки беради.

Давлатимиз раҳбарининг Бишкек саммитидаги ушбу ташаббуси нафақат юртимиз, балки минтақа ва дунё жамоатчилиги томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди. ШҲТ доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келаётган Ўзбекистоннинг янги ташаббусларига бундай кенг қизиқиш ва катта эътибор замирида, албатта, муайян омиллар ўз мужассамини топган.

Биринчидан, мамлакатимиз раҳбарининг кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлари, хусусан, ШҲТнинг 2017 йили Остонада ва 2018 йили Циндаода бўлиб ўтган саммитларида илгари сурган ташаббуслари тўла қўллаб-қувватланди ҳамда изчил амалга оширилмоқда.

Иккинчидан, ШҲТ доирасида ташкил этиладиган турли мақомдаги учрашувларга, асосли равишда, ўз стратегик мақсадларини рўёбга чиқариш учун қулай майдон сифатида ёндашадиган Ўзбекистон учун ШҲТ минтақасидаги транспорт коммуникациялари мамлакатимизнинг жаҳон бозорига чиқишида муҳим омил ҳисобланади.

Учинчидан, Бишкек анжумани кун тартибидаги долзарб аҳамиятга молик мавзулар қаторида транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, ШҲТ маконидаги мавжуд транспорт йўлакларидан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш ва янги транспорт йўлакларини барпо этиш истиқболлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Агар ШҲТ маконидаги автомобиль йўлларининг узунлиги 13 млн. километрдан иборат бўлиб, бу бутун дунёдаги автомобиль йўлларининг 20 фоизини ташкил этиши, қолаверса, ушбу макон 244 минг километрлик темир йўлларга эга экани инобатга олинса, транспорт йўлаклари бўйича мавжуд умумий салоҳиятимиз ниҳоятда улканлиги ойдинлашади.

Аммо, ҳозирги вақтда жаҳон миқёсида ташиладиган товарлар миқдорининг атиги 2-3 фоизигина ШҲТ маконидаги ана шу темир йўллар орқали ўтмоқда, холос. Бу кўрсаткич, албатта, айни соҳадаги ҳамкорлигимиз ҳозирча мақтангулик даражада эмаслигини кўрсатади.

Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш – давр талабидир. Шу мақсадда ШҲТнинг Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиш тарафдоримиз, деди Президентимиз. Шундай анжуманларнинг дастлабкисини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг иккинчи мезони – экология. “Яшил” технологиялар ва агроинновацияларни татбиқ этиш масалаларини ҳам худди шу мезон ўзида қамрайди.

Давлатимиз раҳбарининг “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологиялари ва агроинновацияларни жорий этиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш ташаббуси ана шу эзгу ниятлар рўёбига қаратилган.

Мамлакатларимизда замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг “Яшил белбоғ” дастурини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Президенти.

Афсуски, бугун ер юзида сув захираларининг тақчиллиги, сифатли ичимлик суф манбаларининг камайиши, ерлар деградацияси, биохилма-хилликка путур етиши, жиддий иқлим ўзгаришлари каби салбий омиллар глобал тус олган. Бу эса миллионлаб инсонлар ҳаётига хавф ва таҳдид солмоқда.

Бундай ачиқ мисоллардан бири минтақамиздаги Орол фожеаси бўлиб, қуриган денгиз тубидан ҳар йили 100 миллион тонналаб чанг ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу зарарли ғуборлар минглаб километр масофага тарқалмоқда.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, “биз Марказий Осиё мамлакатларининг экологик фаровонлиги ва иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тарафдоримиз”.

Айни пайтда мазкур муаммони ҳал этиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик Траст фонди ташкил этилган. Ўзбекистон бу ерда Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди яратиш бўйича яқин ҳамкорлик қилишни истайди.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг учинчи мезони – ахборот соҳаси. Давлатимиз раҳбари ШҲТ маконидаги барча мамлакатларнинг ахборот технологиялари ривожланишига масъул идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари механизмини жорий этиш таклифи билан чиқди.

Киберхавфсизлик масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ғояси ҳам диққатга лойиқдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг тўртинчи мезони – гуманитар ҳамкорлик. Сайёҳлик ва маданият соҳаларида ранг-баранг ва серқамров дастурларни амалга ошириш, “халқ дипломатияси” имкониятларидан янада кенг фойдаланиш ҳам шу жумлага киради.

Ўзбекистон ШҲТ доирасида парламентлараро мулоқотни тиклашга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Ушбу янги механизм ташкилот имкониятларини кенгайтириб, ШҲТ фаолиятига парламентарийлар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш имконини беради.

Ўзбекистон Президенти яна бир яхши анъанага асос солиш таклифи билан чиқди. Бу – ҳар йили ташкилотда раислик қилувчи мамлакатдаги шаҳарлардан бирини “ШҲТнинг сайёҳлик ва маданият пойтахти”, деб эълон қилиш ташаббусидир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, “ШҲТ шаҳар ва минтақаларининг тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва туристик салоҳиятини янада тўлиқ намоён этиш муҳим”.

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ёшлар кенгаши йиғилишида илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиққан ҳолда, ШҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига доир 2019-2020 йилларга мўлжалланган дастурнинг 5 та лойиҳаси Ўзбекистонда амалга ошириладиган бўлди.

Хусусан, “Стартаплар форуми”, “PROlogue” V халқаро кинофестивали, “Дўстлик учун!” веломарафони, ШҲТ ёшларининг қишки оромгоҳи, ҳаваскор ёшларнинг футбол бўйича биринчи чемпионати ва волейбол бўйича турнири Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилади.

ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бешинчи мезони – хавфсизлик. Минтақамиз, умуман, ШҲТ маконидаги барқарорлик кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият билан узвий боғлиқдир.

Ҳозирги вақтда ШҲТга аъзо давлатлар Афғонистон билан асосан икки томонлама битимлар негизида ҳамкорлик қилмоқда. Бир қанча лойиҳалар бўйича ушбу мамлакатнинг энергетика ва инфратузилмалар тизимларини тиклаш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашилмоқда. Келгусида Афғонистон билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда кўп томонлама шартномаларга таяниш муҳим самаралар бериши тайин.

Шу нуқтаи назардан, Бишкек саммити якунида қабул қилинган “ШҲТ – Афғонистон” Мулоқот гуруҳининг ҳаракатларига доир “Йўл харитаси” алоҳида диққатни тортади. Ушбу мамлакат билан яқин ҳамкорликда устувор инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш орқали Афғонистонни минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш режаси ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди”.

Хулоса қилиб айтганда, Бишкек саммитида ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, тараққиёт ва фаровонликни оширишга йўналтирилган янги ҳамда юксак марралар белгилаб олинди. Бу марраларга эришиш, бир томондан, ташкилотнинг узлуксиз ривожланиши ва мустаҳкамланишига кўмаклашса, иккинчи томондан, ШҲТ маконида истиқомот қиладиган кўпсонли аҳолининг тинч ва тўқ, соғлом ва обод яшашига хизмат қилади.

Акмал Саидов, академик


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019