Биржалар ривожи ва иқтисодий юксалиш

11:32 31 Май 2018 Иқтисодиёт
263 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳамда фонд биржасини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижро этилишининг ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда мамлакатимизда биржалар фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Биржалар ҳамда фонд бозорини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунлар халқаро тажриба ҳамда замон талабларидан келиб чиқиб, янги таҳрирда қабул қилинди.

Шунингдек, биржалар фаолиятини такомиллаштириш ва фонд бозорини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар бугунги кунда Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида рўёбга чиқарилмоқда.

Айни пайтда юртимизда 4 та биржа, жумладан, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан фаолияти тартибга солинадиган 3 та биржа — Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси, Республика универсал агросаноат биржаси, “Тошкент” Республика фонд биржаси ишлаб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида фонд бозори, фонд биржасини янада ривожлантириш учун Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ишини тубдан қайта ташкил этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни бажариш юзасидан қўмита ҳузуридаги мазкур марказни Капитал бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш агентлиги сифатида қайта ташкил этиш бўйича тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан келишилмоқда.

Йиғилишда биржаларга оид қонунчилик ва фонд биржасини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, ҳанузгача мамлакат молия бозорини ўрта муддатли ҳамда узоқ муддатли истиқболларда ривожлантириш концепцияси талаб даражасида ишлаб чиқилмаган. Фонд бозори ликвидлилиги нисбатан пастлигича, иккиламчи бозор эса ўта пассивлигича қолмоқда. Натижада аҳоли ва бошқа бозор қатнашчиларининг фонд бозори амалиётларига бўлган ишончи ортмаяпти. Иқтисодиётнинг реал сектори ҳамда фонд бозори ўртасида узилиш мавжуд бўлиб, корхоналар томонидан инвестицион маблағлар жалб этилишида фонд бозори инструментларидан фойдаланиш етарли даражада эмас. Айниқса, давлат иштироки бўлган акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашларининг фаолияти суст. Хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш жараёни етарлича самара бермаяпти, баҳолаш натижаларига кўра кузатув кенгаши ва ижроия органига нисбатан кўрилган чоралар деярли сезиларсиз қолмоқда.

Мажлисда биржалар ҳамда фонд бозорини ривожлантириш, инвесторлар ва фонд бозорининг бошқа иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Биржада фаолият юритаётган ходимларнинг малака ҳамда кўникмасини ошириш, ривожланган чет эл биржаларида тизимли равишда уларнинг амалиёт ўташини ташкил этиш, биржа савдоларида ликвидлиликни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий қилиш, биржа товарларининг икки томонлама узлуксиз котировкасини таъминлаш билан шуғулланувчи профессионал иштирокчилар — маркет-мейкерлар фаолиятини рағбатлантириш юзасидан фикрлар билдирилди.

Сенаторлар “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳамда фонд биржасини ривожлантириш билан боғлиқ дастурлар ижросини сўзсиз бажариш, соҳани замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича барча муҳим чораларни кўриш лозимлигини таъкидладилар. Бу борада зарур таклиф ҳамда тавсиялар берилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

З. АШУРОВА.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар