Бировнинг ковушини кийганлар мулзам тортиб қолишди

09:35 08 Апрель 2019 Жамият
491 0

Иллюстратив фото

Мурод Атоев Бухоро шаҳридаги Намозгоҳ кўчаси ёқасидаги бинода сомса сотиб турганди. Давлат солиқ назорати ходимларини кўрди-ю ранги ўзгарди. Нега дейсизми? Шоввоз тадбиркорлик гувоҳномасини I- гуруҳ ногирони Ихтиёр Авезовнинг номига расмийлаштириб олганди-да.

Шохида эмас, баргида юрмоқни кўзлаган “ишбилармон” шу йўл билан бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан фарқли тарзда 750 минг сўм ўрнига атиги 101 минг 350 сўм тўлаб келаётганди. Аммо бу ҳол узоққа бормади. Солиқ тизими ходимларининг тушунтириш ишларидан сўнг М. Атоев ер чизиб қолди.

— Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ,2018 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун бир ойда энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрнатилган, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Б. Файзиев. — Яъни I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятлари учун фаолият туридан қатъий назар энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида (101 минг 350 сўм) қатъий белгиланган солиқ тўловини тўлайдилар.

Аммо берилган шу имтиёз ва енгилликлардан ногиронлиги бўлган фуқаролар эмас, баъзи тўрт мучаси соғ одамларнинг фойдаланиб қолишга уринишаётгани афсусланарлидир.Масалан, фуқаро Лола Ярашева “Карвон” буюм бозорида I-гуруҳ ногирони Фания Мавляеванинг номига ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо фаолиятини йўлга қўйгани маълум бўлди. Давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркорнинг ўзи қаердалигини суриштирганларидан сўнг у даромад топиш учун хато йўлни танлаганини тан олди.

Афсуски, ўз манфаатини барча нарсадан устун қўяётган айрим “тадбиркор”лар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган имтиёзларга ҳам кўз олайтиришяпти.Гап шундаки, Солиқ кодексининг 375-моддасига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўқишни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан, қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилишган. Айрим кимсаларга бу солиқ тўловидан қочишнинг қулай усули бўлиб туюлмоқда.

Шу ўринда бир далил. 2017 йил охирида “Марказий” деҳқон бозорида фаолият юритиш учун тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган коллеж собиқ талабаси Зарина Нажмиддинова ҳозир Бухоро давлат университетида таълим олмоқда. Табиийки, айни дамда тадбиркорлик қилишга вақти ҳам, имконияти ҳам йўқ, Аммо унга берилган енгилликдан Феруза Пўлатова фойдаланиб қолди.”Уддабурон” Заринанинг номига тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштириб, солиқ имтиёзидан фойдаланди.Ҳар иккаласи билан ўтказилган суҳбатдан сўнг улар ўз хатоларини англаб етишди.

Жондор тумани Пўлоти қишлоғида яшовчи Ҳасан Солиев коллеж битирувчиси бўлган йили ҳамқишлоғи Раъно Бурхонова унинг ҳақ-ҳуқуқларидан ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиб қолиш пайига тушди. Марказий деҳқон бозорида савдо фаолиятини бошлади.Бу ерда Ҳасан Солиевни бирор марта ҳам кўрмаган солиқчиларни эса турли баҳоналар билан алдаб келди.Шу ўринда йигитчанинг яқинларига ҳам қойил қолмадик.Ахир, мазкур тадбиркорлик субъектидаги ноқонуний хатти – ҳаракатлар ва солиқ қонунчилиги бузилишлари учун ким жавобгар бўлади?! Ҳасан Солиев, албатта.

— Тушунтириш ишларидан кейин Раъно Бурхонова тадбиркорлик гувоҳномасини ўз номига расмийлаштиришга киришди, — дейди Б. Файзиев. — Аммо айрим ёшларимиз ва улар ота – оналарининг бу масалага енгил – елпи қарашлари ачинарлидир.

Биров маъракадан ўзиники қолиб ўзганинг яп–янги ковушини кийиб кетса шарманда бўлиши ҳеч гап эмас. Бинобарин, кимларгадир берилган имтиёзга кўз олайтирган, давлатни, демакки, сизу бизни алдашга уринганлар ҳам эл – юрт олдида мулзам тортиб қолишлари тайин.

Истам ИБРОҲИМОВ, (“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019