Бировнинг бели оғримасдан машина, музлаткич,кондиционер ё бир неча миллион сўм ютиб олишини кўз-кўзлаб намойиш этишдан муддао нима?

16:42 03 Июнь 2019 Жамият
540 0

— Хоҳласангиз, мана, йигирма миллионни олиб, ўйинни тарк этасиз, лекин ўйлаб кўринг, бу ёқда автомобиль қоп кетяпти-ку?

“Омадли” иштирокчининг кўзлари олазарак. У икки ўт орасида қолган. Залдагилар қий-чув солишади:

— Ўйин, ўйин!

Бошловчи бақирганича яна нафснинг қўлтиғидан қитиқлайди:

— Ўйлаб кўринг яхшилаб, дедим-ку?! Мана, қаранг, агар ўйнаганингизда нималарни ютишингиз мумкин эди?

Шунда телевизорга қадалиб ўтирган ўсмир тўсатдан хаёли чалғиб, отасидан сўрайди:

— Ота, бу қимор эмасми?

Ота ҳайрон. Қиморда ошиқ ташланарди, шекилли. Аммо ўхшайди. Ота боёқиш нима деярини билмай,бошқа каналга олади.

Бу каналда ҳам ўша аҳвол: қандайдир шоу. “Борига барака!”Иккита кап-катта эркак бир-бировини қувгандек саҳнанинг у ёғидан-бу ёғига, бу ёғидан-у ёғига жонсарак югуриб юришибди.

— Бор барака, бор барака! — деб жон ҳолатда қичқиришади.

Ўсмир яна сўрайди:

— Ота, мол бозорида ҳам шунақа даллол бор эди-я?

Ота ҳайрон. Мол бозорида мол билан савдо қилишади, даллолнинг яхшиси олувчининг ҳам, сотувчининг ҳам кўнглини оғритмай савдони дарҳол пишириб беради. Бу ёқда эса...буларнинг қандайдир савдоси ҳеч пишай демайди, йиллар давомида жонсарак ҳолда қичқиришгани қичқиришган, уят йўқ. Ота боёқиш нима қиларини билмай,бошқа каналга олади.

Бу ёқда ҳам аҳвол шу. Шоу! Экрандагилар Оловиддиннинг жинчироғини кўтариб олишгандек. Унинг ичидан“амрингизга мунтазирман, тиланг тилагингизни”, дея жин чиқиб келади-да, бу ҳаётда ушалмаган, ҳеч қачон ушалмайдиган орзу-умидларингизни бир нафасда рўёбга чиқариб беради гуё.

Ота пультни босади.. Дунёни шоу босиб кетибдими, дея минғирлайди. Экранда яна ўша гап:“фалон” ичинг — машина ютинг, “писмадон” енг — миллионер бўлинг...”. Ўл, дейдиган одам йўқ!Ҳатто болаларнинг таглигидан ҳам ютуқ чиқармиш.Бунақа асаб эговини ҳеч қайси заводда топиб бўлмайди.

Бола эса ўзи ўқиётган мактабда синфдоши қопқоқ йиғаётганини,велосипед ютишига сал қолганини, лекин бу “сал” ҳеч адоғига етмаганини, ахийри ютуқ ютаман деб бир кунда ўнлаб шиша энергетик ичимлик ичиб, соғлиғини хавф остига қўяётганини айта бошлайди.

Нафс ўпқонининг қопқоғи қаноат эмасми?Аммо у қаёққа кетди?

Тавба дейсиз. Ишдан келиб, эл қатори телевизор кўриб, ҳордиқ чиқаргингиз келади. Ахборот дастурларини кўриб бўлиб, кўнгилочар кўрсатувларни излайсиз. Аммо… Гўёкўнгил очиш деганлари “омади чопган” қопқоқпарастнинг пулларни хазондай супуриб олишига ҳарислик билан тикилиш деганидай...

Бировнинг бели оғримасдан машина, музлаткич,кондиционер ё бир неча миллион сўм ютиб олишини кўз-кўзлаб намойиш этишдан муддао нима? Бошқаларга бунинг нимаси қизиқ? Қайсидир корчалоннинг компанияси манфаатлари деб ҳар куни миллионлаб одамларнинг нафсини ётқизволиб қитиқлаш шартми? Ёшларимизга шунақа-шунақа, меҳнат қилмасдан, тер тўкмасдан ҳам “соққа қилса” бўлади, демоқчимизми? Реклама ортидан келадиган даромадни деб қаноатга тиғ уриб, нафсга пишанг берамизми? Тинимсиз гиж-гижланган нафс бориб-бориб кишини тамагирлик, манфаатпарастлик, очкўзлик, бахиллик, худбинлик... сингари иллатларнинг боши берк кўчасига етакламайдими?

Бу энди “шоу” эмас, бу энди жирканч қутқу!

“Интеллектуал” деб аталадиган шоуларда эса иштирокчиларга берилаётган саволлар “икки карра икки неччи, вариантлар беш, тўрт, ўн олти...” каби паст даражада бўлгани учун энди “интеллект” соҳиблари“отинг нима?” деганда “вариантлар борми?” деб сўрайдиган даражага етиб бўлди.

Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”да шундай ўгит беради: “Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур. Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар... Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдирки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоққа қўймас, фикр эгалари, инсоф соҳиблари ҳар вақт нафс ўлчовидан ташқари ҳаракат қилмас”..

Танингизга ва руҳиятингизга битмас-туганмас энергия, завқ-шавқ, роҳату фароғат, ҳузур ва ҳаловат бахш этадиган, бир қопқоқнинг ўзидаёқ бутун умрингизга татийдиган минглаб “суперютуқ”лар чиқадиган, сизни ҳақиқий бойваччага айлантирадиган, дунёдаги барча омаднинг калити ва хазиналарнинг харитаси бўлган, қўйин-қўнжингизни дуру жавоҳирларга тўлдирадиган, фаровон ҳаётингизга, мунаввар истиқболингизга, бахту саодатингизга ишончли кафил бўла оладиган, қалбингизга қувонч, хонадонингизга асл баракани олиб кирадиган, тийиқсиз нафсни жиловлашни ўргатадиган, ҳаётда энг тўғри йўлни кўрсатадиган беназиру бетакрору беминнат мўъжиза кўзбўямачи қаллобларнинг жинчироғи эмас, китобдир.

Уни очинг. Ва... варақланг...

Нуриддин ЭГАМОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019