Биронта ҳам бола қайд этилмай қолмаслиги керак

09:58 20 Июнь 2018 Сиёсат
603 0

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш давлатнинг муҳим вазифасидир. Бу аҳоли табиий ҳаракатланиши статистикасини юритишнинг энг яхши манбаси бўлиб, ўз навбатида, давлат хизматларини самарали кўрсатиш устуворликлари юзасидан қарорлар қабул қилишда пойдевор вазифасини ўтайди.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизими давлат бошқаруви ва инсон ҳуқуқларини изчил амалга ошириш соҳасида муҳим роль ўйнайди. Ишониш қийин, бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ўлим ҳолатининг учдан икки қисми ва туғилишнинг 40 фоизи қайд этилмаяпти, бу эса, жиддий ижтимоий муаммоларнинг энг биринчи сабабига айланмоқда.

ФҲДЁ органларида қайд этиладиган туғилиш, никоҳ тузиш, уни бекор қилиш, оталикни белгилаш, исм ўзгартириш каби воқеалар ҳар бир инсоннинг қалбида из қолдиради. Кишининг фуқаролик ҳолатига қараб давлат уни ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни белгилаб олади. Шу муносабат билан шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси, ижтимоий ва бошқа соҳалар самарали фаолият кўрсатиши фуқаролик ҳолати далолатномаларининг узлуксиз ва сифатли қайд этилишига тўғридан-тўғри боғлиқ.

Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари тузилмаси яратилгани туфайли туғилиш, ўлим, никоҳ қуриш, никоҳни бекор қилиш каби энг муҳим воқеа ва фактларни қайд этиш имконини берадиган яхлит тизим яратилди. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бугун мамлакатимизда 231 та ФҲДЁ бўлими фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йил мобайнида улар томонидан 1 миллион 200 дан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатномаси қайд этилди.

Айни вақтда бир қатор жиддий камчиликлар тизимга бугунги кун талабларига мувофиқ келиш имконини бермаяпти. Бу махсус ҳуқуқий базанинг йўқлиги, АКТни жорий этишнинг паст даражаси, идоралараро ҳамкорликнинг сустлиги, самарали назорат механизмининг йўқлиги ва бошқа сабаблар билан изоҳланади.

Мазкур соҳани тубдан такомиллаштириш Ҳаракатлар стратегиясида устуворликлардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади. Ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, услубий таъминлаш, “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ архивларини бошқариш вазифалари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юкланган.

2018 йил 12 июнь куни давлатимиз раҳбари мазкур соҳани тубдан модернизация қилишга доир галдаги чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаган қарорни имзолади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 январдан бошлаб ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, шунингдек, туғилиш ва ўлим ҳақида ягона ноёб кодли унификацияланган электрон маълумотнома тақдим этишнинг ягона тартибини жорий қилиш топширилди.

2019 йил 1 январга қадар фертиль ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизими яратилиб, у “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими билан интеграция қилинади.

Жойларда туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар тузилиб, улар 2019 йил 1 июлга қадар қайд этилмаган туғилганлик, ўлим ҳолатларини аниқлаш учун тўлиқ хатловдан ўтказади, унинг натижалари бўйича туғилганлик, ўлим ҳолатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқ мақсадда қайд этилиши таъминланади. “Биронта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас” ва “Туғилганликнинг қайд этилиши — бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигини олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир”, деган ғоялар комиссиялар фаолиятининг принципларига айланиши керак.

Давлат хизматлари агентлиги 2022 йил 1 январга қадар “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига бирлаштириш учун ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказишни якунлаши, ФҲДЁнинг ягона электрон архив фондини шакллантириши лозим. 2019 йил 1 январдан бошлаб бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома қайд этилишида чақалоқларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами берилиши амалиётга жорий этилади.

Тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг аниқ амалга оширилиши мамлакатни илдамлик билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларига жавоб берадиган фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг замонавий ва энг самарали моделини яратиш имконини беради.
Комила КАВЛАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар