Бириси обод,бошқаси барбод этилди

17:15 16 Май 2019 Жамият
337 0

Шу боис Термиз тиббиёт коллежи жамоасининг фиғони осмонда

Сурхондарё вилоятида 2018 йилга қадар бор-йўғи битта - Термиз давлат университети фаолият юритган. Собиқ иттифоқ даврида, ундан кейин ҳам вилоятда халқ хўжалиги учун зарур мутахассис кадрларни тайёрлаш учун яна бошқа олий таълим муассасаларини ташкил этиш масаласи шунчаки орзулигича қолаверди. Унинг ечими йўлида от сурганларнинг тарвузи қўлтиғидан тушаверарди. Ва ниҳоят Президентимиз Шавкат Мирзиёев масалани кун тартибига олиб чиқди ва Сурхондарёда бир йўла бир неча олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартдаги 172-сонли қарорига биноан Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилиб,янги таълим муассасасига Термиз тиббиёт коллежининг барча бино ва моддий-техник таъминот базаси топширилди. Қувончли воқеийлик ортидан айнан тегишли мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли Термиз тиббиёт коллежи гўё кўчага “ирғитилди”. Бириси обод, бошқаси барбод этилди. Шу боис мазкур тиббиёт коллежи жамоасининг фиғони осмонда. Масалага ечим сўраб қилинган мурожаатлар бамисли қумга сингиб кетган сувдек – то ҳануз жавобсиз. Бизни бу мавзуда қоғоз қоралашга ундаган жиҳат айни мана шунда.

Мана, қарийб икки йилдирки, Термиз тиббиёт коллежининг 87 нафар педагог-ишчи ходимлари ҳамда 2442 нафар ўқувчилари бир неча коллеж орасида қатнаб, сарсон-саргардон. Хусусан, улар Термиз ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи, Термиз саноат ва транспорт коллежи, Термиз банк коллежи ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали ўқув биноларида 2-сменада таҳсил олишмоқда. Бу албатта ўзига яраша қийинчиликни келтириб чиқармоқда. Талабалар тураржойларининг кескин қисқариши, тайин овқатланиш шароити яратилмагани, турли жойда кўчиб ўқиш каби тартибсиз жараён таълим сифатига, ўқувчилар руҳияти-ю, педагогик жамоа фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунончи, педагогик жамоанинг дарсдан ташқари вақтда ўтириб ишлаши, ҳужжатларни расмийлаштириши ва сақлаши учун хоналар етарли эмас. Махсус фанларни ўқитиш учун эса умуман шароит йўқ.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Вилоятда олий маълумотли шифокорларга эҳтиёж катта. Шифохоналарда аксарият олий маълумотли мутахассисликлар бўйича вакант жойлар ҳамон сақланиб турибди. Бу эҳтиёжни тўлдириш учун ташкил этилган Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали фаолияти қанчалик муҳим бўлса,вилоят маркази ва унга туташ туманлар учун ўрта тиббиёт ходимлари етиштириб берадиган Термиз тиббиёт коллежи фаолияти ҳам шунчалик муҳим. Шундай бўлсада, Термиз тиббиёт коллежининг 55 йиллик фаолияти, юқори педагогик салоҳият эга жамоа тақдирини ўйлаш учун мутасаддиларга ё хоҳиш етишмаяпти, ёки... Акс ҳолда, мазкур тиббиёт коллежи жамоасининг алоҳида ўқув биноси ажратиб беришни сўраб ҳокимлигу, вазирликка кўп бора йўллаган мурожаати инобатга олиниши лозим эмасми?!

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э. И. Баситхонова томонидан 2018 йил 19 январь санасида Сурхондарё вилояти ҳокими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касб-ҳунар таълими Маркази раҳбариятига хат йўлланиб, Термиз тиббиёт коллеж учун ўқув биносини ажратиш, замонавий тиббий асбоб-анжомлар ва жиҳозлар билан таъминлаш борасида амалий ёрдам сўралган. Вазирликнинг ушбу алоқа хати қайси бир амалдорнинг жавонида чанг босиб ётгандир, аммо жавоб йўқ...

Хўш ушбу масаланинг ечими борми? Албатта бор! Вилоят ҳокимлигининг эътибори ва адолатли ёндашуви Термиз тиббиёт коллежи жамоаси ва ўқувчиларининг оворагарчилигига нуқта қўяди. Бунинг учун Сурхондарё вилоят ҳокимлиги бирор бир бўш турган иншоотни аниқлаб, ундан фойдаланиш бўйича тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилиш лозим. Бундай дейишимизга ҳам асос бор. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 февралдаги 122- Ф-сонли фармойишининг 1-бандида ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг мол-мулки, бино ва иншоотлари ҳамда ер майдонларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларисиз ташкилотларга бериш ёки таълим жараёнига тегишли бўлмаган мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман этилган.

Демак, масалага эътибор ва масъулият билан ёндашилса, мазкур муаммо барҳам топади. Аксинча бўлса, узун ичакка ўхшаб чўзилишда давом этаверади.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019