Биринчи Тошкент халқаро яриммарафони — “International Navruz Half Marathon” тадбири 24 март куни бўлиб ўтади

18:03 22 Март 2019 Жамият
503 0

Иллюстратив фото

24 март куни пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро яриммарафони бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида уюштирилаётган мазкур йирик анжуман Тошкент ва умуман, мамлакатимиз учун янгиликка айланиши кутилмоқда.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, спорт тадбирида иштирокчилар иккита масофага югуришлари мумкин бўлади: 21,097 километрли яриммарафон ва 5 километрли йўлдош югуриш. Ўзбекистондаги энг йирик югуриш трассаси Енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси (IAAF) ҳамда Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (AIMS) томонидан сертификатланган. Мазкур тадбирни ташкиллаштиришда таркибига сертификатланган мутахассислар ҳамда халқаро даражадаги ҳакамлар кирган халқаро компания консультатив кўмак бермоқда.

Яриммарафон 24 март куни соат 9:00 да бошланади ва марказий кўчалар бўйлаб бўлиб ўтади. Бу эса, ўз навбатида, пойтахтимизнинг асосий диққатга сазовор жойларини кўриш имконини яратади. Старт ҳамда марра чизиқлари Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишмасида (“Ҳумо арена” муз саройи яқинида) жойлашади.

Югуришнинг барча иштирокчиси (белгиланган 3 соат ичида улгурганлар) марра чизиғида финишга етиб келганлар учун мўлжалланган эсдалик совғаларни қўлга киритишади. Ғолиблар учун эса алоҳида совға жамғармаси таъсис этилган. Хусусан, яриммарафон масофасида мутлақ ҳисобда 1 — 8-ўринни эгаллаган аёллар ва эркаклар 3 миллион сўмдан 12 миллион сўмгача бўлган пул совринлари билан тақдирланади. 5 километрга югуришнинг 1 — 6-ўринлар соҳиблари эса 500 минг сўмдан 2 миллион сўмгача бўлган пул мукофоти билан тақдирланади.

Ушбу спорт байрамида ёши 15 дан ошган (йўлдош югуриш учун) ҳамда ёши 18 дан ошган (яриммарафон масофасида) барча хоҳловчилар қатнашишлари мумкин. Иштирок этиш қиймати — 50 000 сўм. Бутун дунёда бу каби тадбирларда қатнашиш пулли бўлиб, ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга футболка, кепка, рюкзак ва шахсий югуриб ўтган вақтини аниқловчи чип ўрнатилган махсус рақам тақдим этилади.

Яриммарафон ташкилотчилар, ҳомийлар ва хайрия ташкилотларининг маблағлари, шунингдек, қатнашчилардан тушадиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Тадбир бош ҳамкори — “Лукойл Узбекистан оперейтинг компани” компанияси. Расмий ҳамкорлар: “Ўзэлектроаппарат”, “Haytera”, “LADA”, “Adrenaline Rush” савдо белгилари.

Халқаро Яриммарафонни ўтказишдан кўзланган мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва пойтахтимиз аҳли ҳамда меҳмонлари ўртасида югуришни оммалаштириш, халқаро дўстлик алоқаларини ва спорт туризмини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг кучли марафончиларини аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳрини тузилиши оммавий спорт тадбирларини ўтказишга имкон берадиган замонавий шаҳар сифатида танитиш, яқин ҳамда узоқ мамлакатлардан спортчилар ва сайёҳларни жалб этишдан иборатдир.

Мамлакатимиздаги қулай иқлим шароитлари бундай мусобақаларни тез-тез ўтказиб туриш учун имкон беради. Хусусан, бизда бошқа давлатлардан олдинроқ югуриш мавсумини бошлаш ва кечроқ ёпиш учун шароитлар мавжуд.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019