Биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаганлик учун маъмурий жазо белгиланмоқда

17:52 19 Июль 2018 Сиёсат
492 0
Иллюстратив фото

...Кутилмаганда йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Оғир жароҳат олган йўловчининг ҳаёти хавф остида қолди. Уни зудлик билан энг яқин тиббиёт муассасасига, дейлик, кўз касалликлари шифохонасига етказишди. Бироқ у ерда бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатилмаслигини айтиб, бошқа шифохона манзилини беришди...

Беморни айтилган шифохонага етказилгунга қадар унинг аҳволи оғирлашиб, жони узилди... 

Бундай ҳолларда қандай йўл тутиш керак? Жараённинг ҳуқуқий асослари борми? Беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаган шифокор учун қонуний жазо белгиланганми?

Парламент қуйи палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан барча партия фракциялари аъзолари иштирокида ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишда айни масала хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилиши, ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда шошилинч тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахсларга малакали ёрдам кўрсатишни рад этиш тақиқланиши белгиланган эди.

Ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳаси киритилди. Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш орқали тиббиёт муассасалари раҳбар ва масъул ходимларининг мазкур муассасалар томонидан шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этилгани учун маъмурий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган.

Йиғилишда қўмита аъзолари ва барча сиёсий партиялар фракциялари вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасини таҳрирдан ўтказиб, сўнг парламент қуйи палатаси мажлисига биринчи ўқишга тайёрлаш ҳақида келишиб олинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар