Биринчи Халқаро зиёрат туризми форуми жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда

17:04 20 Февраль 2019 Welcome to uzbekistan
621 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 21 — 23 февраль кунлари Бухоро ва Самарқандда I Халқаро зиёрат туризми форуми бўлиб ўтади.

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш, айниқса, уни ислом дунёсидаги зиёрат туризми марказларидан бирига айлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур тадбир жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда ислом дунёсидаги муҳим халқаро ташкилотлар, етакчи дин уламолари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик компаниялари иштирок этиш истагини билдиргани бунинг яққол тасдиғидир.

Бинобарин, зиёрат туризми, яъни муқаддас жойларни зиёрат қилиш икки асосий, яъни маърифий саёҳатларга йўналтирилган ҳаж ва диний туризмдан иборатдир. Шу маънода, юртимизнинг сайёҳликнинг айнан ушбу йўналиши бўйича салоҳияти ғоятда юксак. Ислом дунёсидаги энг қимматбаҳо Қуръони Карим намуналаридан бири — Ҳазрати Усмон Мусҳафи Ўзбекистонда экани, муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларининг устози Муҳаммад ал-Бухорий, Нақшбандия тариқатининг кўплаб етук издошлари бизнинг заминимизда камол топгани ва сўнгги манзиллари шу ерда эканлиги, қолаверса, бир қанча диний марказларнинг мавжудлиги шундан далолат беради.

Ушбу тарихий ва муқаддас қадамжоларга зиёрат ҳамда саёҳат қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюришмоқда.

— Илк бор ташкил этилаётган Халқаро зиёрат туризми форуми ҳақидаги хабар жаҳон ҳамжамиятида катта шов-шувларга сабаб бўлди, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати етакчи мутахассиси Шерзод Султонов. — Шу боис тадбирни ёритиш учун Европа ва Осиёнинг кўплаб ОАВ вакиллари юртимизга келишмоқда. Улар орасида “EuroNews” (Франция) ва “Al Jazeera” (Қатар) телеканаллари, “Аl-Аhram al-Iqtisadi” (Миср) журнали, “Diplomatic News” (Покистон), “Коммерсант” Россия), “Al-Vajxat” (Ўмон) va “Al Hayat” (Саудия Арабистони) газеталари вакиллари борлиги эътиборга моликдир.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 5 январидан Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний маънавий мероси ҳамда анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хорижий фуқароларга 2 ойгача бўлган муддатга зиёрат визаси жорий этилди. Бу эса мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш, айниқса, зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

I Халқаро зиёрат туризми форуми иштирокчилари уч кун давомида юртимиздаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш баробарида, бу ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишадилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми марказига айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар ҳақида қимматли маълумотларга эга бўладилар.

Саид РАҲМОНОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019