Бирига “Трекер”, иккинчисига “Жентра”​

17:36 21 Июнь 2019 Иқтисодиёт
406 0

Йўқ, бу сафар бу машиналар телеўйинда ютиб олинмади.

Хонадонда учта фарзанд туғилгани сабабли Президент совғаси ҳам эмас!

Лекин... Президент Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалигида амалга ошираётган ислоҳотлари сабаб бўлди бунга.

Сиз суратда кўриб турган мазкур 61 ёшли йигитча биратўла иккита автомобил олган ака-укаларнинг отаси – Холбой Шукуров. У Жиззах вилояти Зарбдор тумани “Юксалиш” СИУ маҳалласида яшайди. Шу ҳудудда туғилди, вояга етди, уйланди, уч нафар ўғил кўрди, уларни вояга етказди. Совет даврида шу ҳудуддаги “Ударник” совхозида техника инженери, бош инженери эди. Кейин фермерлаштириш бошланиб, мавжуд техника тарқатилди. Холбой ҳам эл қатори шу ҳудуддаги фермерлардан бирига айланди. Имкон қадар ўзига олиб қолган техникаларни ишлатиб, қаддини тиклашга уринди. Аммо... бу жараён узоқ давом этди.

...жудаям узоқ давом этди.

То 2019 йил 18 июнга қадар...

Аввалига уч ўғилни ҳам далачиликка ўргатди. Улар отасининг фермер хўжалигида ишлаб, вояга етишди. Кейин ҳар бири ўзига биттадан фермер хўжалик очиб олди. Кейин... 2019 йил январида фермер хўжаликларни оптимизация қилиш бошланганда ота болалар тўртта фермер хўжаликни катталаштириб, иккитага айлантиришди. Харитада Шароф Шукуровга тегишли “Юксалиш завқи” ва Бобур Шукуровга тегишли “Соҳибкор гулшани” фермер хўжаликлари қолди.

Холбой асли техника инженери эмасми, ҳамиша фермер хўжаликларнинг техник базасини яратишга интилди.Ҳар бир ўғлига фермер хўжалик очилганда уни биринчи навбатда культивация трактори билан таъминлаш  пайида бўлди. Банк кредитига, лизингга сотиб олди.Эски “Ударник” совхозидан меросга эса битта эски “Беларус” ва гўнг сепишга мослаштирилган тележка ва бир қанча тақир-туқур қолган эди. Улар фақат ёмон кунга яров вазифасини ўтаб берди.

Хуллас...2015 йили банк кредитига биратўла иккита “КЛААС” немис ғалла ўриш комбайни олди. Ўша йили Шароф ўғлига намунали коттеж ҳам олинган эди. 2016 йили комбайнлар учун берилган банк кредитини тўлай олмай, намунали коттежни сотиб юборишга мажбур бўлишди. Шунинг эвазига комбайнларнинг бири ўзларида қолди. Иккинчисини эса... банк барибир тортиб олди.

2018 йил январида Холбой маҳаллий МТП дан эскирган, - 1997 йили Зарбдорга АҚШдан келтирилган улкан “МАГНУМ” ҳайдов тракторларидан биратўла иккитасини сотиб олди. Биттасини олти ой давомида таъмирлаб, янги эҳтиёт қисмлар учун 50 млн. Сўм сарфлаб, кузда оёққа турғизди. Мана, саккиз ойки ушбу трактор хўжаликка, оилага даромад келтиряпти. Ҳар куни 10 га ер ҳайдаса ҳам ўрта ҳисобда ҳар куни бир миллион сўм фойда келтиради. Энг асосийси, ўз ерларига зарур пайтда, ҳеч кимга ялинмай, зарур даражада ишлов бера оладилар.

Холбой Шукуров 2017 йили ҳам ғалла режасидан 50 тонна ошириб ҳосил топширгани учун “Нексия” автоси билан мукофотланган эди. Аммо ўша “Нексия” ҳам кейинчалик “МАГНУМ” трактори харажатларига “едирилди”. Оила ихтиёрида 2018 йили ғаллани ошириб бажаргани учун олинган мукофот “Кобальт” қолган эди холос. Мана энди...

2019 йили ғалла ўрими олдидан ҳукумат қарори эълон қилинди. Унда айтилдики, бу йил ғалла ҳосили учун табақалаштирилган тарзда тўлов амалга оширилади. Гектарига 25 центнер топширганнинг ҳар тоннасига 700 000 сўмдан, 30, 40.., ва ниҳоят 50 центнер топширганга эса 1500 000 сўмдан ва пули тўлиқ ҳолда, бир ҳафта ичида фермернинг ҳисоб рақамига туширилади. Ва... фермернинг хоҳиши ва имкониятига қараб, “Спарк”дан “Малибу”га қадар мукофот берилади.

Ўзи ишлаб топган пулга, албатта!

Текинга эмас!

Хуллас, “Юксалиш завқи” фермер хўжалиги 22 га буғдойзордан жами 56 тонна ҳосил топшириши режалаштирилган эди.

118 тонна топширди!!!

Ҳар бир тоннасини 1500 000 сўмдан ҳисобланг. Бу Молия вазирлиги берадиган маблағ. Бундан ташқари “Ўздонмаҳсулот” ҳам бунинг устига мукофот тарзида ҳар бир тоннага 250 000 сўмдан қўшимча тўлов қилар экан.

Харажатлар-чи?! – дерсиз.

Ерни ўз тракторларида ҳайдашди.

Ўз тракторларида турли ишловлар беришди.

Ўз комбайнларида ғалла ўришди!

Ўз тракторларида теварак атрофдаги товуқхоналардан 100 тележка атрофида гўнг ташиб келишди.

Минерал ўғит сотиб олинган албатта!

Нефт маҳсулотлари олинган, албатта!

Солиқлар тўланади, албатта!

Иш ҳақига эса... буғдой берилади. Фермер хўжаликнинг ўз ихтиёрида бу каби харажатлар учун яна 25 гектар ўрилмаган ғалла қолди.

225 000 000 сўмлик “Трекер”ни эса ғалла бажарилган куни Холбой Шукуровнинг уйига келтириб беришди. Негаки, унинг ва уч нафар ўғлининг ҳали бош қашишга, бирон жойга боришга вақтлари йўқ. Негаки, тўхтовсиз “Соҳибкор гулшани”даги ғалла ўримига киришиб кетдилар. Бу ерда 130 га ғалладан 305 тонна ҳосил топширилиши керак эди. 18 июн куни кечгача Зарбдор элеваторига 400 тонна буғдой киритилди ва... фермер хўжалик эгаси Бобур Шукуров янги “Жентра”ни элеватордан миниб чиқиб, тўғри далага, отаси – Холбойнинг ҳузурига борди. Ва... маза қилиб, янги автомобилга даланинг чангларидан, тупроқларидан суришди. – Аниқроғи тавоф қилдиришди...

Хуллас, шунақа гаплар...

Шу гапларни ёзяпману, ўзим ғалати бўлиб кетяпман. Негаки, шунча йилдан бери фидойи меҳнат қилиб, болаларини дала меҳнатига ўргатиб, далани техника билан таъминлаб, ҳар йили юзлаб тонна гўнгни далага ташиб, Холбой Шукуровнинг косаси оқармаётган, топган-тутганини яна қайта дала харажатларига сарфлаб юбораётган эди.

Мана, ниҳоят... айтиш жоизки, илгарилари фермерлар ғаллани элеваторга топширишдан кўра уйига кўтаришни афзал билишарди. Негаки, ўтган йили ҳам элеватор буғдойни 700 000 сўмдан олаётган бўлса, бозорда 2 000 000 сўм эди. Бу йил сиёсат ўзгартирилди. Эгилувчан нарх жорий қилинди.Қарангки, ким 50 центнерлик ҳосил топширса, у қўшимчалари билан 1750 000 сўм оляпти. Бозорда ҳам худди шу нарх. Шу сабабли , бошқа фермерлар ҳам Холбой Шукуров эришаётган натижаларни кўриб, ғимирлаб қолишди. Топган-тутганларини йиғиб-териб, элеваторга топшириш пайидалар. Менинг кўз ўнгимда қўшни фермер келиб, 5 тонна буғдой қарз бериб туришни илтимос қилди. Пулини сомон сотгандан сўнг қайтариб тўлаш шарти билан. Қўшимча беш тонна топширса, у ҳам машинали бўлиб қолар экан.

Холбой Шукуров рози бўлди.

Ҳолбуки, мазкур қўшни фермер аввалги йиллари имкон қадар ғаллани элеваторга топширмай, режани бажармасдан у ёқ-бу ёққа олиб қочиш пайида юрарди.

Бу ҳам ғаллани нархлашнинг янгича сиёсати натижаси!

Яна бир гап:

Холбой Шукуровни суратга олмоқчи бўлганимда, иккиланди,”бир ҳафтадан бери югур-югурдамиз, соқол ололмадим, бўлаверадими?!”, деб сўради ва кулиб юбориб, ўз саволига ўзи жавоб берди: “Шунча йил меҳнат қилиб, энди косамиз оқаряпти. Косаси оқарганга ҳар қанақа соқол ярашаверади. Бўпти, тушираверинг!!!”

Холбой Шукуровнинг кўзларида ғилтиллаган ёшлар ҳам бор эди.

Бу ёшлар севинч ёшлари эди, албатта!!!

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019