Бир қучоқ гул

09:20 30 Январь 2019 Маданият
397 0

Бир куни бир гуруҳ шоира қизлар — шогирдлари йўқлаб Ҳалима Худойбердиеванинг уйига боришган эди.

— Кўча дарвозаси қўнғироқ тугмасини босганим заҳотиёқ унинг эшикчаси дарҳол очила қолди, — дейди улардан бири, ўша воқеани ҳали-ҳануз ҳаяжон билан эслаб. — Шундоқ рўпарамизда жилмайганча опанинг ўзлари турардилар. Қўлларида бир қучоқ гул. Янаям эсанкираб-довдираб қолдик. Бизни атай кутаётгандек эдилар-да! “Келинглар, — дедилар Ҳалима опа дилга таскин берувчи босиқ овозда, — мен ҳам ҳозиргина халқ хўжалиги институтидан, адабий учрашувдан қайтувдим, қаранглар, бирга борсак бўларкан”.

Шундай деб, Ҳалима опа бизни

ичкарига ундаганча қучоқларидаги гуллардан битта-битта гулдаста чиқариб бера бошладилар. Ҳаммага етиб, ортиб ҳам қолди. Ўша куни устоздан ҳаёт, жамият, адабиёт ҳақида, ижодкор виждони ва масъулияти тўғрисида бир умр ёдда қоладиган сўзлар эшитдик. Мактабда ўқиб юрган кезларида вилоят газетасида чоп этилган шеърлари Сирдарёга хизмат сафари билан борган Шароф Рашидовнинг назарига тушиб қолгани, у киши вилоят раҳбарларига, “шу қизчага эътибор беринглар, у ўқишга бориши керак, ота-онаси билан гаплашинглар”, деганларигача эслаб, у маҳалларда қишлоқларда қизларни шаҳарга ўқишга юборавермасликларини айтган эдилар.

Ҳалима Худойбердиева иқтидорли ижодкор эканлигидан ташқари, бир муддат масъулиятли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатиб, муқаддас битикларда қайд этилгани каби одамларни тўғри йўлга бошлаш учун, аввало, фаҳм-фаросатлилик, хушмуомалалик, ҳалоллик, собитқадамлилик ва илмга чанқоқлик кераклигини унутмади. Қаерда бўлмасин, тўғрилик, фидойилик, жасорат сингари фазилатлар шоира табиатининг мағз-мағзига сингиб кетганини адабий давраларда эътироф этишади.

Давлатимиз раҳбарининг адабиётга, китобга ижобий муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидаги кўрсатмалари, бу борада амалга оширила бошланган хайрли саъй-ҳаракатлар Ҳалима Худойбердиевага янгича куч-ғайрат бағишлади. Жамиятимиз ҳаётига кириб кела бошлаган тоза ҳаво, тоза нафас унинг Шахс ва Ижодкор сифатида йиллар давомида чеккан изтиробларини, ранж ва аламларини ортга чекинтирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувда миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашди.

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева бу тадбирда сўз олиб, адабиётнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўлқинланиб сўзлади. Бу нуфузли анжумандан сўнг давлатимиз раҳбари истаган ва кутган, Ўзбекистон хотин-қизлари минбарига айланадиган “Дугоналар” журнали нашр этилишига бош-қош бўлиб, унинг дунё юзини кўриши учун астойдил ҳаракат қилди. Зеро, Президентимизнинг “Аёлни, онани рози қилсак ҳамма ишларимиз яхши бўлади!” деган эзгу ғояси ўзини ҳам тўлқинлантириб юборганини, буни рўёбга чиқариш учун биргаликда ҳаракат лозимлигини Ҳалима опа тез-тез тилга олиб, буни ҳаётга татбиқ этишнинг йўл-йўриқлари ҳақида ўйларди, яқинлари билан машваратлар ўтказарди.

Ўз халқини юрак-юракдан севган, унинг қувончу шодликларига ҳам, қайғу-ғамларига ҳам шу боис парвосиз бўла олмаган ёниқ қалб шоира Ҳалима Худойбердиева мураккаб кечган ҳаётининг ёрқин лаҳзалари яна изига тушиб, шижоату илҳоми жўш ураётганида бу ҳаётни тарк этди. У ўзига ижодий қувват, илҳом бағишловчи шоирлар орасида, -айниқса, Мавлоно Жалолиддин Румийни ўзгача эъзозларди. Мавлононинг камолот касб этганларнинг ҳаёти нафс йўлида хасдек тўзиб кетганлар умрига нисбатан мангу ва унутилмас экани, шу сабабли халқ қалбида абадий яшаши ҳақида илгари сурган қарашлари миллат шоирасининг ҳам қисматига эврилиб бораётгандек туюлади:

Агар ўлсам, мени асло

қаро тупроқдан ахтарманг,

Яшармен аҳли ориф кўнглини

макон айлаб.

Ҳақиқатан ҳам, энди шоира унинг мўъжизавий сатрларидан сув ичган шеър аҳли, шогирдлари, мухлислари кўнгиллари билан вобаста яратувчилик қўшиғини куйлаётганига шубҳа йўқ. У ўзи ҳамиша баркамол кўришни истаган миллатдошларининг тақдири билан пайвандлашиб кетгани айрилиқдан ғамбода дилларга таскин-тасалли бахш эта олади. Бутун ижодида бўлгани каби “Даъват” деб номланган шеърида юрагининг туб-тубидан отилиб чиққан ҳайқириқ шоиранинг Ватан тақдири, элу юрт қисматидан ҳеч қачон узоқлашмаганини, буюк боболаримиз таълимотларида айтилгани каби тил ва дил бирлиги юксакликларидан сергак нигоҳ ташлаб турганини намоён этади.

Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,

Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим.

Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,

Қаламни қонимга ботириб ёздим.

Қон асли ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк,

Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.

Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк,

Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!

— Шу кунларга етиб, шу кунларни кўриб кетганларини ўйлаганимизда, айрилиқнинг аламли тафтига сув сепилгандек бўлади, — дейишади оила аъзолари шоиранинг бир қучоқ гул кўтариб тушган суратига боққанча. — Ахир “бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”...

Ёруғ аъмол, абадиятга дахлдор ижод соҳибасининг курашларга тўла ҳаёти нафақат яқинлари, балки ўзбек халқи учун ибрат намунаси сифатида қалбларда абадий яшайди. У шогирдларига пешвоз чиққани каби ўз халқига ҳақиқий ижодкор сифатида бугун ўз шеърлари, қолдирган бой ижодий мероси билан бир қучоқ сўнмас гулларни тақдим этиб турибди. Бу гулларнинг ифоридан баҳраманд бўлганлар эса саховатли қалб ва юксак истеъдод ҳеч қачон завол билмаслигига, Сўз мангулигига, Эзгулик боқийлигига, Адабиёт ўлмаслигига ишонч ҳосил қилишади.

Азим тоғлар ортидан она юртнинг тиниқ осмонига яна қуёш кўтарилиб келганида, унинг ҳар зарраси ўз шоирининг номини васф этади. Юксак қоялар бағридан тошдан-тошга урилиб оққан тоғ жилғаларининг ҳар қатраси ўз шоирининг номини куйлайди. Яна баҳорлар келади, олча гуллари саррин елларда ўз шоирининг табаррук номини атру ифорларга буркаб, оламга сочади.

Шойим БЎТАЕВ
(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019