Бир ойда қанча пенсия ва нафақалар тарқатилади?

15:20 13 Февраль 2019 Жамият
823 0

Иллюстратив фото

Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Халқ банки республикада пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банк сифатида белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, пенсия ва нафақалар 2017 йилнинг 1июлдан бошлаб мазкур молия муассасасининг республикамизнинг барча туман ва шаҳарларидаги 189 та филиали орқали махсус ташкил этилган 2 мингга яқин сайёр кассалар томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинган. Сайёр кассаларга нақд пулларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб бериш учун 590 та “Дамас” русумли автомашина ҳамда тоғ, олис чўл ҳудудлар учун 11 та “УАЗХантер” русумли автомашиналари сотиб олинди. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сайёр кассаларга берилган 2000 та планшет ускуналари эса тўловларнинг “онлайн” режимида ҳисобини юритиш, тўлов қайдномаларидан пенсионерларни тезроқ излаб топиш имконини бермоқда.

Ҳозирги кунда Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан республикамизнинг туман ва шаҳарларида жойлашган 9 мингга яқин маҳалла, овул фуқаролар йиғинларида белгиланган жадвалга мувофиқ, 3 млн. нафардан ортиқ пенсионер ва нафақахўрларга ҳар ойнинг 4-санасидан 27 санасига қадар 1,8 трлн. сўм маблағлар ўз вақтида тарқатиб келинмоқда.

Банк томонидан I-II гурух ногиронлари, мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсия ва нафақа тўловларини сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган 750 мингдан ортиқ фуқароларга эса улар яшайдиган жойларига етказиб берилмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йилнинг 1 октябрдан бошлаб 1 млн.га яқин аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига 20,0 млрд. сўмдан ортиқ ун ва қолипли нон маҳсулотлари учун компенсация маблағлари тарқатилиши йўлга қўйилган.

Айтиш жоизки, пенсия ва нафақа тарқатиш жараёнида айрим камчиликлар ҳам учраб турибди. Жумладан, айрим пенсия ва нафақа олувчиларга лотерея билетларини қўшиб бериш, пенсия пулларидан кам бериш, ўзлаштириш,тўлов графиги келмаган маҳалла фуқаролари тўлов амалга оширилаётган қўшни маҳаллага навбатдан ташқари келиши ҳисобига узун навбатлар пайдо бўлиши, ўзга фуқарога ишончномасиз пенсия тўланиши ва бошқа хатолар кузатилмоқда. Бундай камчиликлар эътибордан чет қолмаяпти, албатта. Пенсия пулини ўзлаштирган ходимлар тегишли чоралар кўрилмоқда.

Халқ банки келгусида бу борада юзага келаётган барча муаммоларни тўлиқ бартараф этган ҳолда ишончли тизим асосида фаолият юритишда давом этишини маълум қилган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, пенсия маблағларини тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва тушунмовчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича “11-06” қисқа рақамли “Ишонч телефони” ташкил этилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019