Бир одам ўзгаларнинг 190 миллион долларини қандай қилиб гўрга олиб кетди? 

17:05 25 Февраль 2019 Дунё
730 0

Иллюстратив фото

Жералд Коттен ўтган йилнинг 9 декабр куни Ҳиндистонда вафот этди, рафиқаси унда Quadriga биржасига кириш учун калит сўз йўқлигини айтмоқда.

Сўнгги йилларда криптовалюта мавзуси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аксар одамлар бу соҳага пул тикишнинг катта таваккалчилик талаб қилиши ва хатарли эканини таъкидлайди. Ана шундай хавотирли ҳолатлардан бири яқинда Канадада юз берди, деб ёзади BBC.

Мамлакатда энг йирик бўлмиш Quadriga криптовалюта биржасига сармоя киритган одамлар бир кечанинг ўзида $190 миллион - жумладан $50 миллион нақд пул - маблағи устидан назоратни қўлдан чиқарди.

Бунга калит сўзни биладиган ягона инсоннинг оламдан кўз юмгани сабаб бўлган.

Компания ихтиёрида мавжуд бўлган “криптотангалар“ ва сармояларни назорат қилиш имконини берувчи “калит” ўтган йилнинг декабрь ойида Ҳиндистонда 30 ёшида вафот этган Жералд Коттеннинг ёлғиз ўзига маълум бўлгани айтилмоқда.

Компания бераётган маълумотга кўра, маблағлар бошқаруви устидан бор масъулият мутлақ Коттенга тегишли бўлган.

Quadriga компанияси 31 январь куни Канада судига рақамли пулларни топа олмай қолганини билдирган.

Маълумки, криптовалюта рақамли ёки виртуал пул бирлигидир.

Коттеннинг беваси Женнифер Робертсон марҳум турмуш ўртоғи бизнес ишларини юритган ноутбукнинг “кодлангани ва калит сўзни билмаслиги”ни иддао қилган.

Орқага кетган бизнес

Бундан беш йил муқаддам ташкил этилган Quadriga компанияси ўтган бир йил давомида катта молиявий муаммоларга ботиб қолган эди.

Канада телевидениеси компанияда ликвидлик билан муаммолар юзага келгани ҳақида хабар тарқатган. Жорий йилнинг бошида эса ушбу биржа платформасига тегишли $20 миллион маблағ музлатиб қўйилган.

Биржага пул тиккан инвесторларнинг ўз пулини қайтариб олишдаги кечикишлардан норозилиги кучайиб борган.

Quadriga компаниясида профессионал инвесторлардан тортиб шунчаки бироз пул ишлаб олиш ниятида бўлган одамлардан иборат, тахминан, 115,000 мижоз мавжуд.

Эндиликда, молиявий мутахассислар фикрича, уларнинг ўз пулини қайтиб олиш имконияти деярли йўқ.

“Одамлар менга мактуб йўллаб ва қўнғироқ қилиб, нафақа учун йиғиб қўйган охирги пулидан ҳам айрилганидан шикоят қилмоқда,” деган ҳуқуқшунос Кристин Дуҳайм CBC телеканалига.

“Менимча Quadriga анча вақт фаолият юритиб, Канададаги энг катта биржа бўлганидан одамлар унга ишонишган.“

Коттеннинг васиятномаси

Хабар қилинишича, ичак яллиғланиши хасталигидан азоб чекиб келган Коттен ўлимидан атиги икки ҳафта олдин ўз васиятномасини расмийлаштирган.

Ҳужжатда у рафиқасини бутун мол-мулкининг бошқарувчиси этиб тайинлаган.

Аммо васиятномада Quadriga платформасидаги рақамли маблағларни қандай қайтариб олиб мумкинлигига тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Чув тушган мижозлар

Шахси ошкор этилмаган манбанинг маълум қилишича, Quadriga, ҳатто, Коттеннинг ўлимидан сўнг ҳам фойдаланувчилардан депозитлар қабул қилишда давом этган. Робертсон хонимнинг ўзи бу иддаони судда тасдиқлаган.

Ҳозирда криптотангаларни тиклашнинг деярли имкони бўлмаяпти.

7 февраль куни компания “рақамли ҳамёнда сақланган криптопулларни топиш ва уларни муҳофазалаш“ масаласи устида иш олиб бораётгани ҳақида хабар тарқатган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги вақтларда криптовалюталар билан тез-тез муаммолар юзага чиқмоқда.

Масалан, эҳтимол, дунёдаги энг машҳур криптовалюта бўлмиш Bitcoinʼнинг нархи 2017 йилнинг декабрь ойида $20,000 эди. Бироқ бу рақамли валютанинг бир “тангаси” ҳозирга келиб, атиги $3,500 га баҳоланмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019