Бир нечта жиноятларда айбланган Фарғонадаги мактаб директорига чиқарилган суд ҳукми бекор қилинди

15:35 13 Февраль 2019 Жамият
244 0

Иллюстратив фото

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 49-умумтаълим мактаби директори Рустам Ҳакимовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми бекор қилинди. У бутунлай оқланди, деб хабар қилади ЎзА.

Директор Р. Ҳакимов 500 минг сўм ижара пулини фойдаланувчидан нақд пул тарзида олиб, давлат манфаатига жиддий зиён етказган деб Жиноят Кодексининг 205-моддаси билан, 2005-2012 йилларда 1 миллион 579 минг сўм ижара пулидан 789 минг 900 сўмини маҳаллий бюджетга ўтказмасдан мактаб манфаати учун сарфлаб, давлат манфаатига жиддий зиён етказган деб 206-моддаси билан, расмий ҳужжатларни такроран сохталаштирган деб 209-моддаси билан, гуруҳ бўлиб, такроран 5 та эпизодда давлатнинг жами 4 миллион 185 минг сўмлик мулкини талон-торож қилган деб, 167-моддаси билан судланган эди.

Жиноят иши кассация судида директор Р. Ҳакимов ва ҳимоячининг шикояти асосида кўриб чиқилиб, суд ҳукми бекор қилинди. Иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермагани ва ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли мактаб директори айбсиз деб топилди.

Аниқланишича, мактаб маъмурияти 2011 йил 1 сентябрда мактаб буфетини ойига 62 минг 920 сўм эвазига ижарага берган. Мактаб педагогик кенгаши томонидан 2011 йил 11 ноябрдан бошлаб, ижара пули 650 минг сўм қилиб белгиланган. Ижарачи ва мактаб маъмуриятида шартнома тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш юзасидан етарли ҳуқуқий билим бўлмагани оқибатида низо келиб чиққан. Ижарачи мазкур низо юзасидан тегишли судга мурожаат қилиш ўрнига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилиб, директор 62 минг 920 сўм ўрнига 650 минг сўм ижара тўлашни талаб қилаётгани учун унга нисбатан чора кўришни сўраган. Аризага асосан тезкор-тадбир ўтказилиб, директор Р. Ҳакимов С. Маражабовдан 650 минг сўм ижара тўлови ҳисобидан 500 минг сўм олган вақтда (пора олган деб) ушланган.

Қуйи суд, ижарачи ижара пулини мактаб ҳисобчиси, хўжалик ишлари мудири, директор ўринбосари ёки директорига ҳар ой нақд пул тарзида бериб квитанцияларни тўлиқ олиб келгани ва педагогик кенгашда ижара пули 650 минг сўм қилиб белгиланганидан хабардорлиги, тезкор тадбирда директор олган 500 минг сўм ҳам ижара тўлови экани, директор 500 минг сўм ижара пулини нақд олиб бухгалтерияга кирим қилдириш орқали давлат ёки ижарачи манфаатига жиддий зиён етказилмагани аниқланган бўлса-да, директорнинг ушбу ҳаракатини Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан оқлаш ўрнига, мансабини суиистеъмол қилган деб 205-моддаси (мансабини суиистеъмол қилиш) билан асоссиз айблаган.

Яна директор ихтисослаштирилган қўшимча синф ўқувчиларининг озиқ-овқати учун ота-оналардан 21 миллион 37 минг сўм нақд пул йиғиб, асоссиз сарфлаб, уларни манфаатига жуда кўп миқдорда зиён етказган деб айбланган эди.

Юқори судда, ушбу пулларни ота-оналар йиғилишининг қарорига асосан ота-оналар ихтиёрий йиғиб ўзлари сарфлашгани, унга директорнинг дахли бўлмагани, ота-оналарнинг озиқ-овқат учун пул йиғиши натижасида на давлат ва на ота-оналар манфаатига кўп миқдорда зарар етказилмагани аниқланди. Бундан ташқари, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, бюджет маблағларини ўзлаштирган деб, Жиноят Кодексининг 167 ва 209-моддалари билан ҳам айбланган эди.

Юқори судда, талон-торож жиноятига дахлдор ёки гувоҳ деб топилган барча шахслар сўроқ қилинди. Жиноят иши юзасидан тўпланган барча ҳужжатлар синчковлик билан холисона ўрганиб чиқилди. Аммо директорнинг давлат мулкини талон-тарож қилгани аниқланмади.

Шу сабабли мактаб директорига суд муҳокамаси ўтказилган мазкур ишнинг айрим эпизодлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган (у томонидан қоида бузилган бўлсада, жиноят эмас) ва айрим эпизодлари бўйича директорнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ (у томонидан қонунга зид ҳаракатлар қилинмаган) деб топилиб, оқланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019