Бир гуруҳ жамоат арбоблари унутилган номни тиклаш йўлида давлат раҳбарига мурожаат қилишди

12:54 28 Май 2018 Маданият
647 0
Фото: podrobno.uz

Мамлакатимиздаги бир гуруҳ жамоат арбоблари, хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари Наим Каримов, Аҳмадали Асқаров, Хабибулла Акбаров, Турсунбой Рашидов, профессор Юсуф Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Санжар Ёқубов, журналистлар Ильмира Раҳматуллаева, Аъло ва Эльпарид Хўжаевлар, Раҳимжон Султонов, сиёсатшунос Носир Тоиров, ҳаммаси бўлиб йигирмага яқин киши республика ҳукуматига Тошкент шаҳридаги кўча ёки метро станциясида академик Ҳ. М. Абдуллаевнинг номини тиклаш таклифи билан мурожаат қилди.

Хатда геология фанининг миллий ва халқаро миқёсдаги таниқли вакилларини Ҳ. М. Абдуллаев номидаги академик медаллар билан тақдирлашни ҳам қайта йўлга қўйиш бўйича фикрлар билдирилган. 

Бундай мулоҳазалар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 1956-62-йилларда Ўзбекистон ФА президенти бўлган таниқли геолог олим, кўплаб нуфузли миллий ва халқаро мукофотлар эгаси Ҳ. М. Абдуллаевнинг ҳаётию фаолиятига бағишланган “Буюкликка йўл” китоби тақдимоти маросимида ҳам бир неча бор таъкидланди, дейилади рodrobno.uz хабарида.

Унда иштирок этганлар Ўзбекистон фани ва техникасининг таниқли вакилига бағишланган китоб бугун жамиятимизда амалга оширилаётган чуқур ўзгаришлар шарофати билан нашр этилганини эътироф этишди. Зеро, айни пайтда бой тарихимиз кенг эъзозланиб, ўз вақтида иқтисодиётимизга мустаҳкам пойдевор яратган ватандошларимиз меҳнати муносиб баҳоланмоқда.

Маълум қилинишича, 1992 йилда Ўзбекистонда кўплаб хорижлик меҳмонлар иштирокида академик Ҳабиб Абдуллаевнинг 80 йиллиги кенг нишонланган. 

Ўшанда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг Фармонига мувофиқ, академик Ҳабиб Абдуллаев номидаги диплом ва олтин медаль таъсис этилган. Бир неча йиллар давомида олим илмий меросини ўрганган ва олий ўқув юртлари геология факультетлари аълочи талабаларни тақдирлаш учун жамғарма ҳам ташкил этилган. 

Мазкур ҳужжатга кўра, Тошкент метрополитенининг Юнусобод метро линияси бекатларидан бирига Ҳабиб Абдуллаев номи берилади, Мирзо Улуғбек туманидаги кўчалардан бири унинг номи билан аталади.

Кейинчалик жамғарма фаолияти тугатилиб, диплом ва академик медаллар бериш ҳам тўхтатилди. Ҳабиб Абдуллаев кўчаси Мирзо Улуғбек дея, метро номи эса “Шаҳристон” дея ўзгартирилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар