Бир-бирини соғинган икки қардош эл

11:04 11 Апрель 2018 Жамият
1193 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев минтақада яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик муҳитини чуқур қарор топтириш, узоқ-яқин давлатлар билан тинчлик, дўстлик, ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга юксак эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон юритаётган мана шундай прагматик ташқи сиёсат бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаяпти, қўллаб-қувватланаётир. Буни энг нуфузли халқаро анжуманларда, машҳур нашрлар, интернет порталларида, теле ва радиоканалларда таниқли экспертларнинг юртимиз дунёга очилиб бораётгани, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим кўприк вазифасини ўтаётгани ҳақидаги эътирофларидан ҳам билиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Хитой, Туркия, Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифлари, ушбу мамлакатлар раҳбарлари билан турли нуфузли анжуманлар доирасида ўтказган учрашувлари, мунтазамлик касб этаётган ўзаро мулоқотлар ҳамкорлик алоқалари кучайишига катта туртки бермоқда.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар, хусусан, ташқи сиёсатимиздаги ёндашув қондошу жондош қўшниларимиз, қардош ва ҳамкор давлатларда қандай кутиб олинаётгани ҳақида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” йўлланмаси билан” рукни остида газеталаримизда туркум мақола ҳамда репортажлар бериб борилаётганидан яхши хабардорсиз. Ана шундай материалларнинг дастлабкилари Тожикистон, Қирғизистонда ижодий сафарда бўлиб қайтган ҳамкасбларимиз томонидан тақдим қилинди. Куни кеча Россия пойтахти Москва шаҳридан махсус мухбиримиз юборган материал ҳам эътиборингизга ҳавола этилди.

Шу кунларда “Халқ сўзи” махсус мухбири Шавкат Ортиқов Туркия Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди. Ушбу мақола унинг илк таассуротлари, қардош халқ вакилларининг фикр-мулоҳазаларига асосланган.
****

Сўзимиздан эмас, кўзимиздан тушунамиз
Туркияга йўл олишдан аввал Юртбошимизнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви ёзилган видеотасвирларни қайта-қайта диққат билан томоша қилиб, очиғи, икки етакчининг ўзаро ҳурмат-эҳтироми, бир-бирларига “дўстим, қардошим” дея мурожаат қилганликларидан кўнгил янада чексиз ҳаяжонга тўлди. Айниқса, ОАВ ходимлари билан учрашувда билдирилган самимий фикрлар алоҳида эътиборга лойиқ:
“Биз қардош ўлка сифатида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожланишини қўллаб-қувватлаймиз, — деди Режеп Таййип Эрдўғон. — Фикрларимни ўзбек шоири Абдулла Ориповга тегишли қуйидаги сатрлар билан ифодаламоқчиман:
...Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг”

Анжумандаги ушбу илиқ тафт давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларидан сўнг янада ҳарорат олди:
“Кўзларимиздан кўриниб турибдики, 20 йиллик мана шу танаффус... биз бир-биримизни жуда соғинганмиз. Туркия Президенти билан шундай суҳбат қилишимиз, бир-биримизни ярим сўздан эмас, гапирмасдан, кўзимиз билан тушунишимиз — бу кўп нарсани англатади”.
Дарҳақиқат, икки халқ вакиллари қувонч билан эътироф этаётганидек, Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти туфайли Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида янги бир давр бошланди. Барча соҳада ҳамкорлик кенгайиши учун замин яратилиб, ўзаро борди-келдилар кўпайди, қатор лойиҳаларни биргаликда ҳаётга татбиқ этишга киришилди.

Дастлабки таассуротлар

...Режалаштирган материалларимизнинг аксарият қисми Туркиянинг расмий идоралари жойлашган Анқара шаҳридан тайёрланиши боис “Turkish Airlines” авиакомпаниясининг замонавий ҳаво лайнерида аввал шу томонга йўл олдик. Самолётда мазкур мамлакат пойтахтигача парвоз вақти Истанбул шаҳри орқали қарийб олти соатни ташкил этди. Бу унчалик кўп бўлмаса-да, барибир одам зерикиши мумкин. Лекин туризм соҳасида катта тажрибага эга давлат авиакомпанияси йўловчиларга манзилга зерикмай етиб олишлари учун қулайлик яратиш асносида мамлакат тарғиботини ҳам ўринли йўлга қўйгани диққатни тортди. Гап шундаки, ҳаво лайнерида ҳар бир йўловчи ўзи учун алоҳида қўйилган монитор орқали Туркиянинг энг диққатга сазовор шаҳарлари, зиёрат, гастрономик, спорт ва туризмнинг бошқа йўналишлари ҳақида 5-10 дақиқалик видеолавҳаларни томоша қилиш имкониятига эга. Бу билан меҳмон ушбу давлат тўғрисида дастлабки тасаввурга эга бўлади. Қолаверса, йўловчилар энг сўнгги янгиликларни матн шаклида ўқишлари ёки дунёга машҳур ахборот узатувчи телеканалларни онлайн режимида томоша қилиб кетишлари мумкин. Фильмлар, мусиқий альбомлар, парвоз билан боғлиқ маълумотлар ҳам, табиийки, монитор дастуридан жой олган. Тўғри, ҳозир интернет анча ривожланган даврда бирор-бир мамлакат ҳақида хабардор бўлиш қийин эмас. Лекин айнан парвоз вақтидан унумли фойдаланиб, хорижий йўловчиларга давлатингизни таништириш, видеолавҳалар тақдим этиш орқали уларнинг қизиқишини орттириш — бу ўзига хос усул ва ёндашувдир. Айтиш жоизки, бундай тажриба айни пайтда кўплаб илғор давлатлар қатори мамлакатимиз Миллий авиакомпанияси самолётларида ҳам йўлга қўйилиб, такомиллаштириб борилаётгани қувонарли ҳолдир.

...Ҳаво лайнери учувчиси ҳадемай Анқара шаҳрига қўнишимизни, у ерда ҳарорат 22-23 даража илиқ атрофида эканини эълон қилгач, ойнадан беихтиёр ташқарига қарайман. Туркия пойтахтининг атрофи унчалик катта бўлмаган тоғлар билан ўралган, яъни водийни эслатади. Йўлда ҳамсуҳбат бўлган маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бу ернинг ёзи бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ, қуруқ иссиқ, қиши эса анча совуқ кечаркан. Тез-тез кучли шамол эсиб туради. Шаҳарнинг кўп қисми пасту баландликлардан иборат.

Самолётдан тушиб, шуни ҳис қилиш мумкинки, об-ҳаво Ўзбекистон иқлимига жуда яқин. Белгиланган манзилга етиб бориб, шаҳар марказидаги меҳмонхоналардан бирига жойлашгач, каминага берилган “Бепул сервис хизматлари”га оид маълумот ҳам диққатни тортди. Туркия дунё бўйича туристлар энг кўп ташриф буюрадиган давлатлардан бири саналади. Маълумотларга кўра, 2017 йилда 32 миллиондан зиёд кишилар ушбу мамлакатга турист сифатида келган. Шунинг учун ҳам уларда йўлга қўйилган сервис хизмати қизиқишга сабаб бўлади. Балки бу кимгадир майда тафсилотлар сифатида туюлиши мумкин. Аммо сайёҳлар бирор-бир мамлакатга боришда меҳмонхона хизматига алоҳида аҳамият қаратишларини инобатга олсак, мазкур масала бўйича халқаро тажрибаларга эътибор қилиш ҳам фойдадан холи эмас. Бепул таклиф этиладиган хизматлар сифатида автотураргоҳ, симли ва симсиз интернет, кунлик газеталар, бой менюга эга нонушта, ҳар куни сув ва қаҳва етказиб бериш, либосларни дазмоллаш, 24 соат мобайнида компьютер ва принтердан фойдаланиш, фитнес марказ, ҳаммом, ҳатто табиатан ёстиқ танлайдиган инжиқроқ мижозлар учун кенг ассортиментдаги ёстиқлар ҳам таклиф қилиниши кўрсатилган. Бундан ташқари, меҳмоннинг қўлига келгуси беш кун учун шаҳарда кутилаётган об-ҳаво ҳақида маълумот ҳам тақдим этилади. “Ҳозир смартфонлар анча оммалашган, об-ҳавони кўрсатадиган илова дастурлари кўпайган бир пайтда шу керакми?” дерсиз. Лекин телефони ёнида йўқ киши учун бундай маълумот олиш айни муддао. Қолаверса, буни тақдим этиш меҳмонхона учун ҳам қийинчилик туғдирмайди. Мақсад — мижозга ҳар томонлама намунали хизмат кўрсатишга интилишдир.

Аксарият меҳмонхоналарда ушбу турдаги хизматларни учратар экансиз. Гоҳ-гоҳида ходимлар хонангизга телефон қилиб, мулойим оҳангда “Жиҳозларимиздан фойдаланишда қийналмаяпсизми?”, “Бирор нарса керак эмасми?”, “Соғлиғингизда муаммо туғилса дарҳол хабар қилинг”, дея илтифот кўрсатишади, аҳволингиздан хабардор бўлиб туришади. Бу ҳам эътиборнинг бир кўриниши, албатта.

Ҳурмат-эҳтиром ва дўстлик ифодаси
Туркияга келган кунимиз ҳафта сўнгига тўғри келгани учун Анқаранинг диққатга сазовор жойларини кўриш, одамлари билан мулоқот қилиш, Ўзбекистонга боғлиқ жиҳатларни кузатиш имкони бўлди.
Мамлакат пойтахтига ташриф буюрган киши борки, албатта, Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк мангу қўним топган Аниткабир ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилади. Такси ёллаб, ўша манзил томон йўл олдик. Меҳмонхонадан тахминан 10 дақиқалик жой. Бу орада ҳайдовчи билан танишиб, қисқача суҳбатлашдик. Ўзини Ҳайдар Кутлужу деб таништирган такси бошқарувчисидан “Ўзбекистон ҳақида нималарни биласиз?” дея сўрадим.
— Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларини кўп эшитганман, — дейди у. — Ўзим асли Карс шаҳриданман. Ўша ерда яшайдиган яқин бир дўстим юртингизга сайёҳ сифатида борибди. Асосан, ўша гапириб берган. Ҳозир ҳам Ўзбекистонни эслатсангиз, соатлаб мақтайди. Очиғи, шунинг учун жуда қизиқиб қолганман. Лекин ҳали имконим бўлмади боришга. Ниятим бор, бир кун барибир кўриб келаман. Эшитгандан кўра, ўзинг кўрганинг бошқача-да. Айтганча, бу ерда ўзбек ошхоналари кўп. Биз, турклар сизнинг таомларингизни жуда яхши кўрамиз. Ўша томонларга тез-тез мижоз олиб бориб тураман. Вақтингиз бўлса, сиз ҳам бир боринг.
Бир зумда манзилга етиб келдик. Машинадан тушаётганимда, Ҳайдар “Саёҳатингиз мазмунли ўтсин”, деди. “Раҳмат. Ўзбекистонга, албатта, боринг!” дея унга оқ йўл тиладим. Шу қисқа суҳбатимиз самимий кечганидан, такси ҳайдовчисининг маданиятидан кўнгилга илиқлик югурди.

Аниткабир ёдгорлик мажмуаси 750 минг квадрат метр ҳудудни эгаллаган бўлиб, мақбара, анжуманлар майдони, музей, боғ ва бошқа объектлардан таркиб топган. Бу ерга дунёнинг турли минтақаларидан зиёратчилар ташриф буюради. Мажмуанинг ҳовлисидаги майдон 15 минг кишилик сиғимга эга. Унинг шундоққина ёнида 262 метрлик “Арслонли йўл” деб номланувчи йўлак қурилган. Бу ерда 24 та шер иккитадан ёнма-ён қилиб, ётган ҳолатдаги кўринишда жойлаштирилган. Таъкидлашларича, ҳайкалларнинг ёнма-ён қўйилиши бирлик, ҳамжиҳатлик рамзи, унинг ётган ҳолатда жойлаштирилгани эса мазкур мамлакатнинг тинчликсеварлигини ифодалайди. Мажмуа музейида Отатурк фойдаланган ашёлар, китоблар, автомобиллар, шунингдек, ўша даврга оид жиҳозлар, қурол-аслаҳалар намуналари бор.

Туркияга келган юксак мартабали меҳмонлар ҳам ушбу мажмуани зиёрат қилишади. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили давлат ташрифи доирасида Аниткабир мажмуасида ҳам бўлиб, Мустафо Камол Отатурк хотирасига ҳурмат бажо келтирганди.

Бу ердан чиқиб, шаҳарни, бир оз бўлса-да, яёв айланиш истаги туғилди. Сайр чоғида маҳаллий аҳолини яқиндан ўрганасиз, кўча-кўй, манзиллар ҳақида тасаввур ҳосил қиласиз. Дам олиш куни бўлгани учун ташқарида одам камроқ. Баъзи кўп қаватли уйлар ҳовлисидаги сўлим дам олиш масканларида китоб, газета ўқиётган, суҳбатлашаётган, жисмоний машқ қилаётган, фарзанди билан ўйнаётган, қисқаси, мазмунли ҳордиқ чиқараётган одамларга кўзингиз тушади. Пойтахт бўлгани боис ҳар тарафда вазирлик ва идоралар бинолари жойлашган. Йўлларнинг аксарияти тор. Қарангки, Чанкая туманининг Бахчелиэвлер маҳалласидаги бир кўчадан ўтаётиб “Taskent caddesi”, яъни “Тошкент кўчаси” деган ёзув эътиборимни тортди. Бундай пайтда киши кўнглидан ўзгача ҳаяжон кечаркан. Кўча жуда чиройли, тоза ва озода. Кейинроқ билишимча, айнан Ўзбекистонга бўлган ҳурмат-эҳтиром, дўстлик ифодаси сифатида кўчага пойтахтимиз номи берилган экан. Туркиянинг яна бир машҳур шаҳри — Кўниёда ҳам Тошкент тумани мавжуд.

“Ўғлимнинг ҳужжатларида туғилган жойи Тошкент, Ўзбекистон деб ёзилган”
Дарвоқе, ушбу мамлакатга сафар олдидан Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси ходими Режеп Карагўзлу биз билан боғланиб, бу ердаги учрашувларни ташкиллаштириш, манзилларга боришда амалий ёрдам кўрсатишларини айтганди. Анқарада ўша инсон билан кўришдик. Пойтахт сайрини у билан давом эттирдик. Ўз навбатида, меҳмон ўзбек ошхоналарини кўрсатиш таклифини ҳам билдирди. Йўл-йўлакай ҳамроҳим билан суҳбатимиз қўр олди.
— Ўзбекистон мен учун жудаям қадрли мамлакат, — дея гап бошлади у. — Юртингиздан кимдир Туркияга келишини эшитсам, худди яқин бир инсоним ташриф буюраётгандек беҳад қувонаман. Биласизми нимага? Мен 2000 — 2005 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида матбуот котиби вазифасида фаолият юритганман. Беш йилим ўша ерда кечди. Шунинг учун Ўзбекистон мен учун Ватанимдек азиз. Қаердадир Ўзбекистоннинг номини эшитсам, у ҳақда қандайдир янгиликдан хабар топсам, ҳамма вақт қизиқаман. Нотўғри талқинларга кўзим тушса, дилим оғрийди. Одамни ғурурлантирадиган янгиликдан воқиф бўлсам, ўзбеклардек фахрланаман.
Ўтган йилнинг октябрь ойида мамлакатингизга бориш насиб қилди. Жудаям севиндим. Чунки яна Тошкентни, қадрдон чеҳраларни кўриш — таърифлаб бўлмас ҳис-туйғу бағишларкан одамга. Пойтахтингиз жуда тез суръатда ўзгарганига гувоҳ бўлдим. Қарийб 12 йилдан кейин кўрганим учун янгиликлар менга дарров сезилди. Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистонни салоҳияти юксак мамлакат сифатида биламиз. Табиий захираларга бой, маданияти юксак, туризм имкониятлари кенг, Самарқанд, Бухоро, Хива каби гўзал шаҳарлари бор давлат. Масалан, Бухорони олсак, бу тарихий масканда бўлиш кишига ўзгача таассуротлар бағишлайди. У ерни шунчаки кўриб қайтиш тўғри келмайди. Бухорони билиш, ҳис қилиш, яқиндан ўрганиш учун бир-икки кун қолиб, обдан кезиш, бошқача айтганда, ҳавосига тўйиш керак. Хива ҳам шундай. Ушбу шаҳарни бир марта бориб саёҳат қилдим. Қанийди, яна борсам, дейман. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳақида доимо тўлиб-тошиб, тўлқинланиб гапираман.
Сизга айтсам, юртингиз билан боғлаб турадиган яна муҳим жиҳатлар кўп. Мамлакатингизга боришдан аввал фарзандимиз битта эди. Ўша ерда боғчага, мактабга қатнади. 2001 йили Тошкентда иккинчи ўғлим дунёга келди. Турмуш ўртоғим ҳомиладор вақтида қариндошларимиз телефон қилиб: “Туркияга қайт, фарзандинг шу ерда туғилсин”, дейишди. Лекин унинг ўзи бунга кўнмади. “Ўғлимиз Ўзбекистонда туғилишини хоҳлайман”, деди. Шифокорларга раҳмат. Жуда катта эътибор билан қарашди. Ўзбекистон билан бизни доимо боғлаб турадиган жиҳат бўлсин, деб фарзандимизга Жайхун, дея исм қўйдик. Унинг ҳужжатларида туғилган жойи Тошкент, Ўзбекистон деб ёзилган.
Ҳозир ўғлим юртингизни, ўзи дунёга келган Тошкентни бориб кўришни истайди. Албатта, боради. Бу борада муаммо йўқ. Гап шундаки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Туркия фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинди.
— Айни мана шу енгилликни, умуман, Туркияда қандай қабул қилишди? Матбуот соҳаси вакили сифатида сиз одамларнинг таассуротини яхши биласиз? — сўраймиз Режеп Карагўзлудан.
— Табиийки, жуда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Виза бўлмаса қандоқ яхши. Чиптангни оласан, йўлга чиқасан. Югур-югур, ҳужжат тўғрила, деган ташвиш бўлмайди. Аксинча, расмиятчиликлар одамни бездиради ва бундай ҳолатга тушадиган кўпчилик сафаридан воз кечиб ҳам қўя қолади. Шунинг учун виза борасида енгиллик жуда муҳим. Энди бир ой давомида бемалол юриш мумкин. Туркияда Ўзбекистонга саёҳат қилишни, Самарқанд, Бухоро, Хивани кўришни хоҳловчилар кўп. Борди-келдилар кучайса, ҳамма миннатдор.
Суҳбатимиз қизғин давом этди. Машинада кетиб борарканмиз, ҳамроҳим бу орада шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини таништиришни ҳам унутмасди. “Мана бу муз саройи, анави баскетбол мажмуаси, ҳов юқоридаги иншоотлар тарихий қалъа”... Анқаранинг энг кўркам қисмида Амир Темур боғи ҳам бор экан. Дарвоқе, 9 апрель куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида мазкур жойда улуғ соҳибқирон таваллудига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда юртимиз вакиллари, Туркияда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ходимлари қатнашди. Амир Темурнинг буюк саркарда, давлат арбоби бўлгани ҳақида фикрлар билдирилди.

Биз Анқаранинг Кечиўрен туманига йўл олдик. Шаҳарнинг энг юқори нуқтасида, ёқимли шамол эсадиган, табиати гўзал, ҳамма жой кафтдек кўринадиган манзилда “Эстергон қалъаси” мавжуд бўлиб, унинг ҳудудида музей, дўкон ва эътиборлиси, “Оzbek sofrasi” (“Ўзбек дастурхони”), “Samarkand sofrasi” (“Самарқанд дастурхони”) номи билан юритилувчи иккита миллий ошхонамиз ишлаб турибди.
“Ўзбек дастурхони” дея ёзилган тамаддихонага кирганимизда  ўзбек йигитлари очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Ўзбекча қўшиқ янграб турибди. Заллар миллий услубда безатилган бўлиб, юртимиз қадриятлари, анъаналари, ҳунармандчилиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Чойнак, пиёла, коса... ҳамма-ҳаммаси Ўзбекистондаги каби. Ошпаз билан танишдик — Илҳом Тўхтаев, Жиззахдан. Бу ерда 12-13 йилдан буён овқат тайёрлайди. Айтишича, миллий таомларимиздан ош, манти, сомса, қозонкабоб, лағмон, хоним, деярли ҳамма турлари пишириларкан.
— Асосан, палов билан мантига талаб катта, — дейди ошпаз.
—    Бир кунда тахминан қанча кишига хизмат кўрсатасизлар?
— 100 киши атрофида мижоз келади. Талабдан келиб чиқиб, баъзи таомларимизни қисман ўзгартирганмиз. Масалан, ошни бир оз ёғсизроқ қиламиз. Сомсани тандирда эмас, печда пиширилганини сўрашади. Умуман олганда, таомларимизга эътибор катта. Анча йиллардан бери келаётган мижозларимиз ҳам бор. Ўзингиз фикрларини сўраб кўринг.
Кўрпача солинган каравотда оилавий ўтириб, шўрва ичаётганлар эътиборимизни тортди. Улардан безовта қилганимиз учун узр сўраб, икки оғиз таассуротларини ўргандик.
— Анқараданмиз. Бу ошхонага 10 йилдан бери келамиз, — дейди ўзини Айкут Байгар деб таништирган киши. — Илк бор бу ерга таом ейиш учун кирган вақтларимизда турмуш ўртоғим Гўзде билан ҳали оила қурмаган пайтларимиз эди. Яхши хотираларимизни ёдга солади бу маскан. Мана, кўряпсиз, ҳозир қизимиз бор. Бир ярим ёшда. Исми — Алья. Бизга ўзбек ошхонасидан ош ва шўрва жуда ёқади. Бунақа лаззатни ҳамма жойда ҳам учратмайсиз.
Албатта, бундай илиқ фикрлар одамга хуш ёқади. Ушбу масканга туташ  “Самарқанд дастурхони”даги муҳит ҳам таъсирли. Ўзбекона қўшиқ, идишлар, ерга кўрпача солинган хоналар... Бир ёнда ўтов бор. Бу ердагиларнинг айтишича, кунига 100 — 200 киши атрофида мижозларга хизмат кўрсатишади. Ош, сомса, манти — энг кўп сўраладиган таомлар сирасидан.
— Биз ҳам оиламиз билан ўзбек таомларини соғинганимизда айнан шу ерга келамиз, — дея таъкидлади ҳамроҳим.

“Юртингиздаги жадал ислоҳотларни ёритиш биз учун муҳим”
Сафарнинг навбатдаги кунида “TRT” телерадиокомпаниясининг “TRT Haber” телеканалида бўлдик.
Қисқача айтиб ўтиш керакки, “TRT” телерадиокомпанияси 14 та теле ва шунча радиоканални бирлаштирган йирик медиакомпаниядир. Веб-сайти ва радиоканаллари орқали 41 тилда, жумладан, ўзбек тилида маълумот ва хабарлар тақдим этади.
“TRT Haber” каналининг Хориж хабарлари бўлими бошлиғи Аҳмед Гўрмез юртимиз ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
— Ўзбекистонга сўнгги икки йил ичида икки бор бордим. Дастлабкисида мавжуд ҳолат билан яқиндан танишишга фурсат бўлмаганди. Аммо охирги сафарим давомида уч-тўрт кун қолиб, муайян тасаввур ҳосил қилдим. Ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ташқи дунёга очилиш нуқтаи назаридан ислоҳотлар, ўзгаришлар жуда катта эканини кўрдим. Бошқача айтганда, мамлакатингиз ривожланишнинг янги бир босқичига ўтган.
Юртингиз Туркия учун муҳим аҳамиятга эга давлатлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги тараққиёт жараёнини, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган янгиланишларни бу ердан туриб ҳам доимо катта қизиқиш билан кузатиб, томошабинларимиз, тингловчиларимиз, сайтимиз ўқувчиларига таништириб борамиз.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатни жадал ривожлантириш бўйича кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда. Ташқи сиёсатдаги прагматик ёндашув, ички салоҳиятдан фойдаланиш, аҳолига қулайлик яратиш бўйича эзгу саъй-ҳаракатлар кўзга яққол ташланмоқда. Энг асосийси, ташаббуслар шунчаки айтилиб, қолиб кетаётгани йўқ. Кўраяпмизки, мақсад қилинган ҳар бир иш амалий ижросини ҳам топаётир. Одамлар буни ҳис этмоқда. Энг муҳими, шу аслида.
“TRT” вакиллари Ўзбекистонга тез-тез бориб туришади. Ҳамкасбларимиз ҳам ҳамиша яхши таассуротлар билан қайтишади. Қолаверса, Ўзбекистонда телерадиокомпаниямизнинг бўлими бир неча йилдан бери фаолият кўрсатади. У ердаги журналистларимиз, табиийки, ўзгаришларни биздан кўра яхшироқ ҳис этишади. Шунинг учун Ўзбекистонга борганимда вакилларимиз билан ўтириб, дилдан суҳбатлашдик. Улар ҳам жадал ислоҳотларни ҳайрат билан гапириб беришди. Мисол учун, соҳамиздан келиб чиқиб, янада эркин фаолият юритиш имкони яратилганини мамнуният билан таъкидлашди.
Юқорида қайд этганимдек, Ўзбекистон ҳақида мунтазам хабарлар тайёрлаймиз. Ҳатто ўзбек ошхонасини таништирадиган маълумотлар бериб борамиз.
Яқинда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Ана шу анжумандан сўнг Ўзбекистон бўйича иккита йўналишда хабар тайёрлаб, эфирга узатдик. Биринчиси, анжуман тафсилотлари хусусида бўлса, иккинчиси, “Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?” мазмунидаги репортаж эди. Илиқ кутиб олинди.
Очиғи, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида бир оз танаффус бўлди. Бугун вазият яхши томонга ўзгарди. Муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Энди вақтни бой бермай, биз, журналистлар ҳам қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз, ҳамкорлик ҳақида материаллар тайёрлашда фаоллик кўрсатишимиз лозим.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» махсус мухбири.
Туркия Республикаси, Анқара шаҳри

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019