Биологик хилма-хиллик келажак учун қай даражада муҳим?

04:09 23 Май 2020 Сиёсат
71 0

Биохилма-хиллик ўзи нима? – деган саволга кўпчилик мужмал қилиб бу “табиат” ёки “ёввойи ҳайвонлар” деб жавоб беради. Аммо Биохилма-хиллик анча кенг тушунча бўлиб, у ҳаётнинг барча турларини ва сайёрамизда мавжуд табиий тизимларни ўз ичига олади.

Биохилма-хиллик турғун тушунча эмас. У табиат барча биологик қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирини тақозо этишини тан олади. Кўпинча мазкур тушунчанинг уч даражаси фарқланади: турларнинг биологик ранг-баранглиги – барча ўсимликлар ва ҳайвонларнинг, шу жумладан, турли бактериялар ва микроорганизмларнинг ранг-баранглиги; генетик ранг-баранглик – турлардаги генетик материалнинг рангбаранглиги ва уларнинг ўртасидаги биохилма-хиллик; экологик тизимларнинг ранг-баранглиги – экологик тизимларнинг бойлиги (масалан, тоғ ўрмонлари, чўллар ёки саванналар, саҳролар ва денгизлар ва ҳ.к.). Бу уч даража жамулжам ҳолда биохилма-хилликни ташкил этади. Шу сабабли, мазкур даражаларнинг ҳар бирини асраш умуман биохилма-хилликни асраш учун муҳимдир.

Биохилма-хилликка бошқача кўз билан қараш ҳам мумкин. Чунончи, биз “биосфера”да, яъни сайёрамизнинг жонли қисмида яшаймиз, деб айтиш мумкин. Биосфера – жуда фаол субстанция, лекин ўзининг турли биологик қисмларининг бойлиги туфайли, у ҳаётни асраш нуқтаи назаридан жуда барқарордир. Биосфера фақат биологик ҳаётнинг бойлиги туфайли сиртдан кўрсатилган таъсирлар (шоклар, қўзғатишлар)га дош беради.

Бунда аралашувлар табиий (масалан, қуёш фаоллигидаги тафовут) ёки одамлар қўли билан амалга оширилган (ўрмонларни кесиш, қурилиш йўли билан вайрон қилиш ва ҳ.к.) бўлиши мумкин. Ерда ҳаётнинг ранг-баранглиги қанча камайса, биосферанинг сиртдан аралашувларга таъсирчанлиги шунча ортади. Биохилма-хиллик қанча кам бўлса, сайёрамизнинг узоқ муддатли истиқболда яшаб қолиш имкониятлари шунча оз бўлади.

Биохилма-хиллик мамлакатимизда халқнинг иқтисодий, эстетик, соғлиқни сақлашга оид ва маданий фаровонлигининг муҳим манбаи ҳисобланади. Аммо бутун дунёда биохилма-хиллик камайиб бораётгани, чунончи, ноёб генлар, турлар ва экологик тизимлар йўқ бўлиб кетаётгани юртимизга ҳам таҳдид солмоқда.

Бунинг сабаби битта – одамлар. Одамлар шундай бир шароитларни яратдиларки, уларда йўқ бўлиб кетган турлар миқдори 65 миллион йил олдинги динозаврлар давридан бошлаб бутун тарих мобайнида йўқ бўлиб кетган турлар миқдоридан ҳам кўпроқдир.

Агар биохилма-хиллик йўқолишининг ҳозирги тезлиги сақланиб қолса, одамларнинг табиий яшаш жойларини бузиш, ифлослаш, иқлимни ўзгартириш борасидаги ҳаракатлари натижасида сайёрамиздаги турларнинг ярми 100 йилдан ҳам камроқ вақт ичида йўқ бўлиб кетади.

Масалан, сўнгги 40 йил давомида балиқ овлаш йилига 20 млн. тоннадан 135 млн. тоннага ошди. Балиқ захираларининг 75 фоизи йўқолиб кетди. Шунга қарамасдан Ер юзида яшовчи инсонларнинг ҳар бешинчисининг овқатланиш рационига балиқ киради.

Биохилма-хилликка одамлар таъсирининг бош омиллари биологик ресурслар истеъмолининг ўсиб бораётгани, инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти, қишлоқ хўжалиги ҳамда одамлар яшайдиган жойлар кенгайиб бораётганидир.

Бу одамлар ривожланиш жараёнларини, ўз истеъмоли, савдо-сотиқ ва ҳоказоларни бутунлай тўхтатиши керак, деган маънони англатадими?

Йўқ, англатмайди. Аммо, инсоннинг ҳаёт фаолияти ва мавжудлиги учун неъматлар ишлаб чиқариш жараёнида Биохилмахилликка зиён-заҳмат етказмаслик ва уни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш йўлларини топиш устида барча одамлар бош қотиришлари лозим.

Биохилма-хилликнинг аҳамияти нима?

Биохилмахиллик – одамлар ҳаёти учун муҳим ресурслар манбаи. Биохилмахилликнинг ёввойи ва хонаки (маданийлаштирилган) компонентларидан биз озиқ-овқат, кийим-кечак, овқат пишириш ва уй қуриш, мебель ясаш учун ёғоч, тиббиёт, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун материаллар оламиз.

Биохилмахилликдан олинадиган фойдани икки қисмга ажратиш мумкин.

Биологик хизматлар: Ўзбекистон асосан қишлоқ хўжалик мамлакати. Аммо қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш тўлалигича табиат сифатига боғлиқ. Биохилма-хиллик мақбул сифатни қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатади. Биологик турлар ранг-баранглиги қанча кам бўлса, улар шунча кам хизматлар кўрсатади ва қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши ҳамда қишлоқлардаги ҳаёт учун табиий ресурслар сифати шунча паст бўлади.

Маҳсулотлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш: Мамлакатимизда Биохилма-хиллик маҳсулотларидан фойдаланиш ёнилғи сифатида ишлатиш учун ёғоч йиғиш, овчилик, озиқ-овқат сифатида ишлатиладиган ўсимликларни, доривор гиёҳларни териш ва ҳоказолар орқали амалга оширилади. Биохилма-хиллик маҳсулотларидан фойдаланиш кўпинча нооқилона амалга оширилади. Яъни, табиат тиклашга қодир бўлган даражадан кўпроқ йиғилади.

Юртимизда ҳам йилдан-йилга биохилма-хиллик йўқолиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби биохилма-хиллик мавжуд табиий жойлар асосан қишлоқ хўжалигининг кенгайиши ҳисобига бузилиб кетяпти.

Бундай муаммоларнинг олдини олиш, аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, ёшларда табиатга эҳтиром туйғусини кучайтириш, биологик хилма-хилликни асрашга йўналтирилган лойиҳаларда жамоатчиликнинг фаоллигини янада ошириш долзарб вазифадир.

Носиржон АМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?