Берлинда коронавирус сабаб ўрнатилган чекловларга қарши намойиш бўлиб ўтди

18:03 02 Август 2020 Дунё
236 0

1 август шанба куни Германия пойтахти Берлинда минглаб одамлар коронавирус туфайли жорий қилинган чекловларга қаршилик кўрсатиш учун намойишларга чиқишди. Намойишчилар чекловлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётганини таъкидлашмоқда.

Тахминан 17 минг киши қатнашган ушбу намойишчилар орасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, конституцияни қўллаб-қувватловчилар ва анти-вакцинация фаоллари ҳам бор эди.

Намойишчилар рақсга тушиб ва қўшиқ куйлаб «Биз эркин одамлармиз» деган шиорларни олға суришди. Уларнинг баъзиларида «Биз шовқин соляпмиз, чунки сиз бизнинг эркинлигимизни ўғирлаяпсизлар» деб ёзилган плакатлар бор эди.

«Бизнинг талабимиз демократияга қайтиш. Бизни қулга айлантираётган ниқоб тақиш режими бекор қилиниши шарт», дейди намойишчилардан бири.

Полиция намойишда қатнашганлар ниқоб тақмаганликлари ва оралиқ масофани сақламаганлари учун намойиш ташкилотчиларига шикоят қилди. Сиёсатчиларнинг кўпчилиги ушбу намойишларни қоралади.

«Уларнинг қилаётган ишлари нафақат соғлиқни хавфга солади, балки бизнинг пандемияга қарши курашда муваффақиятимизга ҳам путур етказади» дейди Социал Демократик партия аъзоси Саскиа Эскен.

Германия коронавирус пандемиясининг тарқалишини тўхтатишда дастлаб муваффақиятга эришаётганди, лекин ҳозирга келиб янги касалланганлар сони яна кўпаймоқда.

Бу мамлакатда ҳозиргача 200 мингдан ортиқ одам CОVID-19 га чалинган ва 1000 га яқин одам ушбу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?