Бензин нархи халқаро даражагача оширилади

14:11 14 Август 2018 Жамият
2193 0
Иллюстратив фото

Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатда бензин нархи халқаро даражагача кўтарилишини тасдиқлади.

У мамлакатда фуқаролар учун ёқилғига тўғридан-тўғри давлат субсидиялари киритиш асосида бензиннинг бозор қиймати ўрнатилишини маълум қилди. Бу ҳақида El Universal нашри хабар берди.

Мадуро Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларига бензин контрабандасининг олдини олиш учун ана шундай қарорга келинганини таъкидлади.

“Бензин контрабандасини тўхтатишнинг ягона йўли ўз нархларимизни халқаро нархлаш даражасига олиб чиқиш ва бизнинг маҳсулотларни Колумбия ҳамда Кариб ҳавзасига ташиб кетаётган мафия устидан ғалаба қозонишдир. Шунинг учун мен венесуэлаликлар учун тўғридан-тўғри субсидиялар жорий этишни маъқуллайман”, - деди у.

Илгари Венесуэлада бензин ишлаб чиқарувчилари ва сотувчилари учун субсидия тизими амал қиларди. Пировардида бу ердаги ёқилғи нархи дунёдаги энг арзон кўрсаткичлардан бирига айланганди. Ўз навбатида ҳукумат бензин қиймати “сакраб кетиши”га йўл қўймаганлиги уни йиллар давомида ўзгармаслигини таъминлаб келаётган эди.

GlobalPetrolPrices портали ҳисоб-китобига кўра, давом этаётган ижтимоий-иқтисодий инқирозга қарамасдан ушбу давлат дунёдаги энг арзон бензин сотиладиган мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринда турибди.

Мазкур манба маълумотида келтирилишича, 2018 йилнинг 13 август ҳолатига кўра Венесуэлада 1 литр бензин нархи 1 центр атрофида бўлган. Reuters бу борада қуйидагича таққослашни келтириб ўтади: Венесуэлада 1 чашка сутли қаҳва нархи ўртача 2,2 млн. боливар (тахминан 0,5 доллар)га тенг.

Шундай қилиб 1 финжон кофенинг пулига автомобил бакини бензин билан 9 минг бор тўлдириш мумкин.

Илгаридагидан фарқли равишда мамлакат ҳукумати ёқилғи қуйиш шохобчаларида кафолатланган паст нархлардан воз кечиб, бунинг ўрнига аҳоли учун ёқилғи харажатларини компенсация қилиш йўлига ўтмоқчи.

Бензин учун тўғридан-тўғри субсидиялардан миллий карта – идентификация ҳужжатига эга бўлган барча фойдаланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, онлайн нашримизда бундан олдин Халқаро валюта фонди Венесуэлада инфляция йил охирига келиб 1 000 000 фоиз бўлишини прогноз қилгани, мамлакат ўз миллий валютасини деноминациялаши ҳақида хабар бергандик


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар