Беларусь Ўзбекистонга электромобиллар етказиб бермоқчи

15:26 03 Июль 2018 Жамият
500 0

Беларусь яқин икки-уч йил ичида Хитой билан ҳамкорликда электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.

Бу ҳақда ушбу давлат ҳукумат раиси ўринбосари Владимир Семашко маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, янги корхона Минск вилоятидаги “БелДжи” заводи базасида ташкил этилади.

“Беларусда ушбу ғоя аллақачон мавжуд. Хитойлик шериклар билан у амалга оширилади. Ички талаб ҳам бор – Беларусь АЭС ишга туширилиши билан, энергия керагидан ортиб кетади. Ҳукумат эса электротранспорт воситалари ишлаб чиқариш бўйича режаларга эга”, - деди Владимир Семашко.

Манбада айтилишича, Беларусь Ўзбекистонни келажакда электромобилларни етказиб бериш бўйича асосий бозорлардан бири сифатида белгилаб олган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам худди шундай лойиҳани амалга ошириш борасида иш олиб борилмоқда. Жумладан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлигида Хитойнинг Changan Automobile Group компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш масаласи муҳокама қилинди.

Унга кўра, Changan Automobile Group Фарғона водийсида узоқ истиқболда маҳаллийлаштириш тамойили остида электромобиллар йиғиш цехини очиш режаси борлигини билдиришди. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида йилига мингта йирик узатмали электромобиллар тайёрланади. Бунинг учун 15-20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтириш назарда тутиляпти. Иккинчи босқичда республикадаги тегишли корхоналар қувватларини жалб этган ҳолда маҳсулотни маҳаллийлаштириш мақсад қилинган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар