“Beeline”га садоқатли мижоздан очиқ хат

11:24 15 Октябр 2018 Жамият
1245 0

Мамлакатимизда “Beeline” (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат кўрсатувчи “UNITEL” МЧЖ ва “BUZTON” МЧЖ) абонентлари энг кўп бўлган мобиль алоқа компанияси сифатида эътироф этилади.

Тан олиш керак, бир неча ўн йиллардан буён рақобат майдонида бу ташкилотга тенг келадигани топилиши амримаҳол эди. Бироқ кейинги пайтларда мазкур компания кўрсатаётган алоқа ва интернет хизматининг сифат даражаси кескин тушиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Буни тўқликка шўхликми, бемалол хўжаликка берилишми, ўзига керагидан ортиқ ишонишми (маъқулини танлаб олаверасиз) қандай изоҳлаш ўзингизга ҳавола.

Балки Тошкент, Қўқон, Марғилон каби йирик шаҳарларимизда хизмат кўрсатиш жуда юқори савияда йўлга қўйилгандир. Лекин шаҳардан бир қадам ташқарига чиқишингиз билан “BeelineUZ” ўз “қилиқ”ларини кўрсата бошлайди. Сим қоқасиз — нариги томондаги одамнинг овозлари бўлиниб-бўлиниб кела бошлайди, гоҳида бир неча сониялар давомида на гудок боради, ва на операторнинг бирон бир жўяли баҳонаси эшитилади.

Яқинда атайин бир танишим олдида компанияни синамоқ ниятида телефон қилдим. Биринчи гал операторнинг уни ҳам чиқмади, иккинчи гал “бу телефон рақами тармоқда мавжуд эмас” симфониясини эшитдик, учинчи галда “Сет банд” деган жавобни олдик. Автомат оператор эса оғзига келганини вайсаяпти. Алоқадаги муаммоларни айтдим холос!!! Интернет хизматини баён қилмай қўя қолай. Ишлаш тезлиги ҳақида “гап бўлиши мумкинэмас”.

Одатда туман марказларида интернет тезлиги яхши. Компания буни ҳам кўп кўрди. Бағдод тумани марказида телеграмдан келган зарур 2 мб. тасвирни нақд 20 дақиқада кўчириб олсам бўладими?! Бу нима деган гап?. Ахир бу “BeelineUZ” ку?! Нега бу аҳволга тушиб қолди. Бу ҳам майли, шу Бағдод тумани марказида денг, 13 октябрь куни соат 9:00 дан 16:00 гача (балки бундан кўпроқдир) “Beeline” умуман ишламади. На SMS, на интернет ва на алоқа... Тағин ҳам биз сабр тоқатли, андишали халқмиз бўлмаса менга ўхшаган “йиғлоқи” абонентлар эса бир неча минг кишини ташкил этиши мумкин. Бунга шубҳам йўқ. Хунобим ошиб “Beeline” операторига телефон қилдим, гаплашдим, арзу ҳол қилдим. Биласизми оператор менга нима деди? Ўзингиз сўзма сўз ўқиб кўринг: “Аризангиз рўйхатга олинди. 24 соатдан 48 соатгача бўлган вақт ичида навбат асосида кўриб чиқилгач, натижаси қўнғироқ ёки SMS хабар орқали Сизга етказилади. Самимий тилаклар билан сизнинг Beeline”. Ана холос... Бу нима аҳвол?! Мен бир туман марказида Beeline умуман ишламаётганлигидан дод-вой қилсаму, жавобни қаранг: “навбат асосида кўриб чиқилгач...” Оғзаки аризамнинг навбат асосида навбати келгунча туман марказида алоқасиз ўтирамизми?. Ана сизларга мижозларга, абонентларга ҳурмат, иззат икром. Унинг устига бир зумда SMS келади: “оператор хизматига баҳо қўйинг”. Ҳой, барака топгур, компания хизматига баҳо беринг, деб келмайдими?! Нақд “1” қўйган бўлардим!

Оператор билан суҳбатимиздан сўнг икки кун ўтгач мурожаатимга жавоб келди: “Ҳозирга пайтда компания томонидан бутун уяли алоқани модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда....Модернизация ишлари ҳамон давом этмоқда...” Ҳа , шундай экан, нега компания абонентларни бу ҳақда аввалдан огоҳлантирмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида “Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт”, дейилган. Бунинг устига, худди шу ҳужжатнинг 8-моддасига асосан, истеъмолчилар кўрсатилаётган хизмат сифатини текшириш ҳуқуқига эга. Компания бир оғиз SMS билан “Бугун фалон ҳудудларда модернизация ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, айрим носозликлар учун узр сўрайди” қабилида хабарнома юборса бўладику. Айтиб қўяй, мана шу хабарномасиз олиб бораётган модернизация ишларинг шу қонунни қўпол равишда бузиш дегани.

Юқорида айтиб ўтилган воқеликлар тўқима ҳикоялар эмас, балки ҳаётда прототипи бор айни ҳаётий ҳақиқатлардир.

Бошқа алоқа компаниялар ҳатто Қамчиқ довонидан ўтиб бораётган бир неча йўловчи ва киракашларни ҳам ўз абонентлари сафига қўшиш учун “кураш” олиб бораётган бир пайтда сизлар инновациядан узоқлашиб боряпсизлар, рақобат майдонида энг содиқ абонентларингизни ҳам сифатсиз алоқа ва интернет хизмати билан бирма бир бой беряпсизлар. Тома тома кўл бўлур, дейдилар. Аксинча, бир томчидан йўқотилганда ҳар қандай денгиз ҳам куни келиб қурийди. Биргина кичик мисол: Қамчиқ довонидан муттасил қатновчи хоҳлаган фуқародан сўранг, уларнинг деярли барчаси бошқа компания абонентлари ва ёки иккинчи сим картаси бошқа алоқа компаниясига тегишли. Нега шундай?! Чунки “Beeline” Қамчиқ довонида компания мамлакатимизга кириб келганидан буён умуман ишламайди. Бунга бирор марта уринишлар ҳам бўлмаган. Нима, “Beeline” ни бунга қурби етмайдими, ёки молиявий аҳволи яхши эмасми? Бизнингча бундай эмас, балки янгиликка интилиш, ҳафсала етишмайди сизларда.

Агар менинг сўзларимга, очиқ хатга ишонмасангиз, Beeline абонентлари ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказинг, оммавий тарзда одамларнинг фикр мулоҳазаларини ўрганинг, муаммонинг илдизи қаердалигини топиш бизнингча сизга тегишли масала. Агар адашмасам, ҳозир айтиб ўтилган сўровномалар, компания ҳақидаги кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш ишлари бир неча ўн йиллардан буён умуман олиб борилгани йўқ. Ҳатто абонентларнинг фикри билан умуман қизиқмайсизлар. Компаниянинг Жамоатчилик билан ишлаш бўлими бизнингча ҳали ухлаб ётибди.

Ҳурматли, “Beeline”! Тўғри, бироз қизишиб кетдим. Лекин, пана пастқамлардан туриб шунчаки ғийбат қилгандан кўра, бутун абонентларингиз номидан юзингизга шартта-шартта камчилик ва нуқсонларни айтиб ташлашни лозим кўрдим. Зеро, бу яхшиликка, сизнинг фойдангизга ишласин. Ниятимиз,бундан кейин ҳам ҳаётнинг ёрқин томонида бўлинг! Агар маъқул топсангиз жавоб хатини барча абонентлар қатори интиқлик билан кутаман.

Элёржон ЭҲСОНОВ, 
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019