Бедор ўй. Ҳамжиҳатлик ҳикмати

12:32 20 Апрель 2020 Lifestyle
611 0

Инсоннинг табиати қизиқ. Озгина салбий ҳиссиётдан таъсирланиб, тушкунликка берилади. Ёки жимитдек ёруғ нуқта пайдо бўлса, бирдан кўнгли ёришиб, ҳаётга ўзгача кайфият, умид ва ишонч туйғулари билан боқа бошлайди.

Айниқса, табиатдаги ўзгаришлар инсон табиатига ҳам таъсир ўтказади. Масалан, эрталаб кўзингизни очишингиз билан деразадан ташқарига қарайсиз. Ҳаво булутлироқ бўлса, кайфиятингиз бироз бузилиб, дилгирлик пайдо бўлади. Агар очиқ бўлса, ўзингиз ҳам билмаган ҳолда, лабингизга табассум югуради, дарров ўрнингиздан туриб, недир бир ҳаракатларга имлаб кетасиз.

Мана, бир-икки кундан бери бобо қуёшнинг мағрур чиқиб, ҳамма ёққа мўл-мўл қилиб, саховат билан нурини тўкаётгани ҳамманинг руҳиятига ижобий таъсир қилмоқда. Нурни кўрганданоқ, танага бир куч-қувват ингандек бўлади. Қони жўшади, ғайрати ошади кишининг. Нималардир ижод қилгимиз, яратгимиз келади.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси сабаб одам балки табиат қўйнига чиқиб, бемалол айлана олмас, лекин ҳар биримиз кичик ҳовлимизда бунёд этиш, меҳнат қилиш шавқини намоён қилишимиз мумкин. Истасак, ҳатто торгина хонамизда ҳам ўша муҳитни ярата оламиз. Кичкинагина бир тувак олиб, унга райҳон ёки бошқа кўнглимизга хуш ёқадиган бирор гул эксак, кайфиятимиз қанақа кўтарилади?! Ана шу кўзимизни яшнатиб, қалбимизни гўзалликка ошуфта этиб турган бир гулда ҳам баҳорнинг бутун таровати, мўъжизаси бўй кўрсатади.

Шу маънода, заррин қуёш нурлари, мусаффо осмон, кўкламнинг илиқ шабадалари дилимизга бир ёруғлик олиб кирмоқда. Кеча хавотир ва хадик билан юрган одамларнинг бугун руҳи тетик, кайфияти кўтаринки экани юз-кўзида, гап-сўзларида, хатти-ҳаракатида намоён бўлмоқда. Энг муҳими, инсон ҳаётни бошқача идрок қилмоқда. Ўзини қайтадан кашф этяпти.

“Ўз вужудингга тафаккур айлагил, Ҳар не истарсан, ўзингдан истагил”, дейди ҳазрат Навоий. Одам ўзини англагани сари юксалаверади. Катта мақсадларни олдига қўйиб қадам ташлайди. Инсон мана шу ҳаётсеварлик туйғулари билан инсон. У шу ҳис билан яратади, бунёд этади, табиатни яшнатади, жамиятни гуллатади.

Аслида, мамлакатимизда бўлаётган охирги йиллардаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳаммамизда ана шундай бунёдкорлик руҳини уйғотди. Одамларнинг онгу дунёқараши ўзгариб, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Бу нимадан? Бу юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончидан, албатта.

Президентимиз коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича бир неча марта халққа мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат ҳамюртларимизга некбинлик бахш этди. Инсонларда бу синовли кунлар ўтади, ҳаёт давом этмоқда, келажак режалар, истиқбол ҳақида ўйлашимиз керак, деган фикр барқарорлашди.

Мана, дала-даштларда ишлар бошланиб кетди. Ҳар куни телевидениеда ҳам кўрсатилмоқда: деҳқонларимиз астойидил зироат ишларига киришган, мевали дарахтлар, озиқ-овқат маҳсулотлари экилмоқда, эртанги дастурхонимизни тўлдирадиган неъматлар ҳозирланмоқда. Ҳаёт давомийлиги, янгиланиш, яшариш, уйғонишни ифодалайдиган, одамни олдинга бошлайдиган манзаралар...

Карантин юртдошларимизга шундай бир имкониятлар ҳам туҳфа этдики, вақти билан ўқирман, деб бир чеккага суриб қўйилган китобларни яна бугун қўлга олдик. Мутолаа булоғидан қониб-қониб сув ичяпмиз.

Президентимиз фаолиятининг илк кунлариданоқ китобхонлик масаласини илгари суриб, давлат сиёсати даражасига кўтардилар. Энди китобхонлик шундай бир оммавий тус олдики, Аллоҳга минг қатла шукр, биз ҳеч бировнинг тазйиқисиз, бировнинг талабисиз, мажбурлашисиз китобга қайтдик. Китобни ҳаётимизнинг бир таркибий қисми сифатида қабул қиляпмиз. Жуда кўпчиликнинг, айниқса, ёшларнинг қўлида китоб кўрганда яйраб кетасиз. Сир эмас, яқингача китоб деса, фақат дарсликларни тушуниб юришди-да бу ёшлар. Бугун улар бадиий китобларни ҳам ўзларига дўст тутишмоқда. Бадиий китоб қанақа оламларга етаклашини ўқигани сари тушуниб боряпти улар. Шу маънода китобга қайтиш жуда ҳам бир улуғ иш бўлди.

Китоблар, ҳаётимизда кечаётган воқеа-ҳодисалар инсонни катта бир ҳақиқатларга етаклайди, катта мушоҳадаларга ундайди. Одатда, табиат, жамиятдаги мана шундай ўзгаришлар пайтида даҳо санъаткорлар етишади, бебаҳо асарлар пайдо бўлади. Бугунги воқеликлар — бизнинг адабиёт, санъатимиз учун ҳам ниҳоятда катта илҳом манбаи. Қаерга қараманг, ижодкорларимиз учун ёниб ёзадиган мавзулар. Ёки кино учун, спектакллар учун асос бўладиган воқеа-ҳодисалар. Қаҳрамонларни ҳаётнинг ўзи тарих саҳнасига чиқармоқда. Масалан, бугун шифокорлар ўз касбига содиқлик, жасорат ва матонат намуналарини кўрсатмоқда. Хўш, уларда бундай куч, шижоат, ғайрат қандай уйғонди?

Назаримда, бу жараён бундан уч ярим йил аввал бошланганди. Президентимиз мамлакат раҳбари сифатидаги дастлабки йиғилишларини айнан тиббиётга бағишлади. Соҳадаги муаммо ва камчиликлар муҳокама этилди. Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизимида анчагина хунук манзаралар борлигини айтиб, дилдан куюниб, уни тубдан ислоҳ қилишимиз керак, деган фикрни илгари сурдилар ва ўнлаб Фармон ҳамда қарорлар, ҳужжатлар қабул қилинди. Мана — натижаси! Соҳада изчиллик билан амалга оширилган ишлар бесамар кетмади. Аввало, тиббиёт ходимларининг онгу тафаккури ўзгаришига хизмат қилди. Бугун айнан шифокорлар ҳаммамизнинг кўз тиккан бир паноҳимиздай бўлиб қолди. Бу ўринда, уларнинг фидойилигини фақатгана ўз касбига содиқлик қасамёди билан боғламаган бўлардим. Инсонда Ватан, миллат, инсонпарварлик, ачиниш, ҳамрозлик, хайрихоҳлик туйғулари бўлмаса, неча марта қасам ичса ҳам ундан наф бўлмайди. Айнан миллатдошлик, ватандошлик, хайрихоҳлик туйғулари бугун шифокорларимизни юзага олиб чиқди.

Чет мамлакатларда кузатяпмиз, оммавий ахборот воситалари орқали кўряпмиз: тиббиёт ходимлари “Мен оиламни, бола-чақамни хавфга қўя олмайман”, деб ишдан бўшаб кетмоқда. Ўзига бошқа касб тутмоқда. Бундайлар бизда ҳам учраши мумкин. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Лекин аксарият шифокорларимиз — эркагу аёллар бола-чақасини қўйиб, оиласини қўйиб, биринчи навбатда, беморларга ёрдам бериш керак, одамларни соғу омон сақласак, менинг оиламга ҳам, фарзандларимга ҳам  шунинг яхшилиги, баракаси, маънавий бир ёлқинлари келади-ку, деган ўй, мақсад, туйғу билан кўринмас ёв — хавфли инфекцияга қарши курашга отланмоқдалар. Уларни қалб бошқармоқда, Ватан, миллат туйғуси олдинга ундамоқда. Мана шу туйғуларнинг ҳаммаси бугун адабиёт, санъатнинг мулкида. Бугунги қаҳрамонликлар шеъру қўшиқларга солинса, қиссаю ҳикояларга кўчса, театр саҳналари, киноэрканларга чиқса, бу туйғулар дилдан дилга, тилдан тилга, авлоддан авлодга ўтиб, халқнинг маънавий қиёфасига айланади.

Ана шу кайфият, ана шу туйғулар ҳаётга, она табиатга муҳаббатимизни тобламоқда, десак янглишмаймиз. Авваллари борлиқ чирой очган мана шундай гўзал паллаларда дам олиш баҳонасида табиат қўйнига чиқардигу маза-бемаза ўтиришимиз билан лолазорларни, қид-адирларни пайхон қилиб келардик. Бугун, айниқса, уйда ўтирган одам битта гиёҳнинг ҳам ҳидига маҳтал бўлганда ўзининг аввал қилган ишларига озгина бўлса-да хижолатлик сезиши аниқ. Бугунимиз ҳар лаҳзанинг, жонли, жонсиз нарсаларнинг қадрига етишимиз лозимлигини англатмоқда.

Инсон дунёга фариштадек бўлиб келади. Лекин яхши инсон бўлиб қолиш учун у доим курашиб яшаши, изланиши, илмга ошно бўлиши керак. Мана шундай синовли кунлар қайсидир маънода инсонни ўзлигига қайтармоқда. Эзгулик истаб, яхшилик соғиниб яшашга даъват этмоқда. Масалан, ёшларимизни олайлик. Яқинда бир талабанинг “ақлли” юз ниқоби ихтиро қилгани кўплаб оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Бу улар уйда ўтирса-да, онлайн тарзда билим ўрганаётгани, китоб ўқиётгани, илмдан узилиб қолмаганидан далолат. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ишларида кўнгилли равишда фаол иштирок этаётган йигит-қизларни ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бу одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини мустаҳкамлашда ниҳоятда катта ўрин тутади.

Аслида, инсонликнинг моҳияти ва белгилари, биринчи навбатда, ўз яқинингга кўрсатадиган оқибатинг, меҳринг, хайрихоҳлигинг. Ўша туйғулар юксалиб, бутун одамларга, жамиятга нисбатан меҳр-муҳаббатга айланади. Бугунги синовли дамлар шунга ўргатяптики, инсон деб аталган ҳар битта одам ҳурматга лойиқ. Аллоҳки тил, тафаккур, қалб неъматларини берибдими, шунча ҳиммат кўрсатибдими, нега банда бўлиб биз ўша инсонга мурувватли, марҳаматли бўлмаслигимиз керак?!

Айни кунларда ёшларимизнинг бошқа кишиларга кўрсатаётган ёрдами, ҳомийларнинг хайр-эҳсонлари халқимизда мана шундай улуғ тушунчалар тобора қадриятга айланиб бораётганини кўрсатади.

Бугун бутунлай янги замонда яшаяпмиз. Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистоннинг янги қиёфаси бунёд этилмоқда. Қанчалик қийин ва оғир бўлмасин, бугунги мураккаб даврда ҳам мамлакатимиз ўз танлаган йўлидан собитқадамлик билан дадил олдинга интилмоқда. Халқимизнинг яна нурли манзилларга чиқиб олиши, жаҳон айвонида ёруғ юз билан мардонавор одимлашимиз бугун ҳар биримизнинг қилаётган ишларимизга, меҳр-оқибатимизга, сабр-бардош ва матонатимизга боғлиқ.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрлари фикрларимизни лўнда ифодалайди:

Янги аср, янги давронда,

Низоларга тўла жаҳонда,

Зўрлар тўқнаш келган маконда,

Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Бу идроку фаросат асри,

Кураш асри, жасорат асри,

Сабру бардош, матонат асри,

Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Ватанида янги бир ватан,

Қураётир ўзбек қайтадан.

Осон эмас, такрор айтаман,

Ўзбек бўлиш осон эмасдир.

Шуҳрат РИЗАЕВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?