«Бажарамиз»,«хў​п бў​лади»дан қ​ачон қ​утуламиз?

10:13 18 Январь 2019 Жамият
516 0

Иллюстратив фото

Айни пайтда Чирчиқ шаҳрида 78 мингга яқин иқтисодий фаол аҳолининг 91,8 фоизи иш билан банд. Бу яхши кўрсаткич. Аммо масала синчиклаб ўрганилса, бошқа муаммолар борлиги ойдинлашади. Иш билан банд бўлганларнинг 50 фоиздан ортиғи норасмий фаолият юритмоқда. Демак, улар ҳам рўзғор тебратяпти. Лекин солиқ тўламайди, эртанги пенсия таъминотидан тўлиқ умидвор бўла олмайди.

Шаҳарда бу муаммоларни ҳал этишнинг имконияти мавжуд. Энг аввало, ташкилий, ҳисоб-китоб, иш жойларини расмийлаштириш каби тадбирларни йўлга қўйиш ­лозим. Ишсизларни қайта тайёрлаш ­масалаларини мувофиқлаштириш ­талаб этилади.

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши сессиясида ҳудуднинг шу ва шунга ўхшаган ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид масалалар муҳокама этилди. Хусусан, инвестиция жалб қилиш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, бўш турган бино ва ерлардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Бугунги кунда шаҳарда 273 та бўш турган бино мавжуд, уларнинг 198 таси ху­сусийлаштирилган. 8 та мактаб ва болалар боғчасининг келгуси тақдири ҳақида ҳанузгача аниқ хулосага келинмаган. Умуман, бу борадаги муаммолар мутасаддилар эътиборидан четда қолиб кетган.

Маҳаллалар кесимида ишсизлар ҳақидаги тўлиқ хатловнинг йўқлиги ва бошқа сабаблар бир пайтда икки хил хулосага келишга асос бўлади: иш ўрни бор — ишчи кучи йўқ ёки ишчи кучи бор — иш ўрни йўқ. Шу боис мазкур масала юзасидан ҳисобот берганларнинг айримлари “бажарамиз”, “қойил қиламиз”, “режалаштирганмиз”, “хўп бўлади” каби баҳоналардан нарига ўтишолмади. Ваҳолонки, бундай номутаносибликка бар­ҳам бериш вақти аллақачон етиб келганини депутатлар алоҳида таъкид­лашди.

Сессияда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва аҳолини ­қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.

Ўрганиш давомида жами 20 минг­дан ортиқ ечим талаб қиладиган масалалар аниқланди. Соҳалар кесимида таҳлил этилганида, энг кўп муаммолар аҳолини электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш, йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ. Уларни бартараф этиш юзасидан Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан бир қатор хайр­ли ишлар амалга оширилди. ­Лекин ечимини ­кутиб турганлари ҳам ­талайгина.

Аниқроқ айтганда, ўрнатилганига узоқ вақт бўлган 78 та ёғоч таянч устуни яроқсиз ҳолатда бўлиб, хавфсизлик талабларига умуман жавоб бермайди. Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида 11 трансформатор пунктини алмаштириш, 6 та маҳаллада умумий узунлиги 11,3 км. бўлган электр кабель тармоқларини мукаммал таъмирлаш зарур. Умумий узунлиги 255,8 км. ичимлик суви тармоқларининг 54 фоизи яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Натижада тизимда кўплаб авария ҳолатлари содир бўлиши, ичимлик сувининг исрофгарчилиги ҳолатлари аниқланган.

Сессияда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам суст амалга оширилгани танқид қилинди. 86 та уйнинг том, 24 тасининг ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникация тизимларини таъмирлаш ниҳоясига етмаган. 13 та қозонхона, 40 та қозон, 92,4 км. иссиқлик тармоғидаги қатор носозликлар сабабли истеъмолчиларга меъёридагидан анча кам миқдорда иссиқлик етказиб бериляпти.

Шу билан бирга, 7 ва 29-мактабгача таълим муассасасини қайта қуриш, 4 та умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш, айниқса, 3 ва 4-умумий ўрта таълим мактабларидаги аҳволни қисқа фурсатда ўнглаш лозимлиги қайд этилди.

Сессияда шаҳар ҳаёти билан боғлиқ бошқа камчиликлар ҳам муҳокама қилиниб, уларни ҳал этишнинг аниқ йўллари белгиланди. Қабул қилинган “Йўл харитаси”дан республика, вилоят ва шаҳар кесимида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ўрин олди. Топшириқлар ижроси бўйича сектор раҳбарлари масъул этиб белгиланди.

Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашининг сессиясида Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди.

Худди шундай сессиялар Тошкент вилоятининг Паркент ва Юқори Чирчиқ туманларида ҳам ўтказилди. Туманлардаги иқтисодий-ижтимоий аҳвол ўрганилди. Тегишли хулосалар чиқарилди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019