Батат картошка ўрнини босади...ми?

18:45 11 Июнь 2019 Жамият
410 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Гулистон давлат университетининг “Экспериментал биология” лабораториясида олиб борилган биотехнологик тадқиқотлар асосида бататнинг Сирдарё вилояти тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган “Хазина-2”, “Хазина-3”, “Хазина-4”, “ГулДУ-1” ва “ГулДУ-2” навлари яратилди ва улар давлат нав синаш комиссиясига тақдим этилди. Шу билан бирга бататнинг маҳаллий шароитда ўсиш-ривожланиш хусусиятлари бир неча йиллар давомидаги биотехнологик, физиологик ва биокимёвий тадқиқотлар асосида ўрганилди.

Айтиш лозимки, батат (ширин картошка) Сирдарё вилояти тупроқ-иқлим шароити учун тавсия этилаётган янги ноанъанавий қишлоқ хўжалиги ўсимлиги ҳисобланиб, Ватани Жанубий Америкадир. У асосан, тропик минтақаларда,100 дан ортиқ давлатда экилади.

Батат гектарига 800-1200 центнер ҳосил беради. Батат картошкаси қаламчаларидан кўпайтирилади.

Юқорида кўрсатилган батат навлари Гулистон Давлат университетининг “Экспериментал биология лабораторияси”да in vitro шароитида биотехнологик усуллар ёрдамидаги тажрибалар асосида Сирдарё вилояти тупроқ шароитига мослаштирилди. Натижада шўрланган тупроқ шароитида ҳосил олишга эришилди.

Озуқавий қиймати бўйича бататнинг картошкадан устунлик жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди. Батат оддий картошкага нисбатан 1,5 баравар калорияга эга. Таркибида крахмал, оқсил, минерал тузлар, углеводлар, турли дармондорилар(В, РР, А), минераллар, органик кислоталар ва дисахаридлар мавжуд.

Туганаги (картошкаси) йирик (0,2-1,5 килограмм,айримлари 3-5 килограммгача тош босади), чўзиқроқ, таркибида 24-2 фоиз азотли моддалар ва 42 фоизгача қуруқ модда бор. Озиқ-овқат сифатида, консерва, крахмал, спирт олишда бирламчи хомашё сифатида ишлатилади.

Кўк ҳолида қуритилган пояси, силос қилинган кўк массаси чорва молларига тўйимли озуқа ҳисобланади. Ушбу ўсимликнинг қуритилган мевасидан тайёрланган ун қўшилган ем билан боқилган паррандаларнинг тухуми катталашиши кузатилган.

Шунингдек бататнинг шифобахш хусусиятлари ҳам анчагина. Яъни у юрак ва қон-томир касалликларини даволашда жуда ҳам фойдали.Таркибидаги С дармондориси эса организмни узоқ вақт ёш бўлишини таъминлайди ва иммун тизимни мувофиқлаштиради. Шунингдек,ортиқча вазндан халос бўлишга ёрдам беради,асаб тизимига (уйқусизлик, невроз ва сурункали чарчоқда) яхши таъсир кўрсатади,яна ёш билан боғлиқ кўриш қобилиятини яхшилаш хусусиятига эга.

Батат қанчалар фойдали бўлмасин уни қўллаш тавсия этилмайдиган айрим ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам мавжуд. Батат мазасига кўра десерт(ўта ширин ва мазали), ширинмас(хўраки) ва сабзавотли (ширин ва ширин таъмли) навларга ажратилади. Ширин навлари юмшоқ ва серсув, хўракиси қуруқ ва қаттиқ бўлади.

Бататнинг таркибида минерал моддалар, хусусан натрий, калий, кальций, магний, фосфор, темир ҳамда йод моддалари кўплигидан одатдаги картошкадан ажралиб туради. Батат картошкага нисбатан мазали, ширин, тўйимли ва таркибидаги крахмал миқдори 1,7 баробар кўп. Десерт сифатида фойдаланиладиган навлари таркибида глюкоза миқдори юқори. Унидан тайёрланган вафли, печенье, пряниклар шакар солинмаса ҳам жуда ширин ва тўйимли бўлади. Батат унидан 50 дан ортиқ таом тайёрлаш мумкин.

Яна бир жиҳат, олимлар томонидан бататнинг мазкур лабораторияда яратилган “Яшил технология” инновацион ишланмасининг битта кластерли йўналиши сифатида ишлаб чиқаришда ўз ўрнини топиши бўйича тегишли илмий хулосалар ҳам қилинди.Ўйлаймизки,Гулистон Давлат университетининг Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси йўналиши бўйича PhD ёш докторантлари Нозима Исмоилова ва Бахром Алмаматовнинг профессор,биология фанлари доктори, “Экспериментал биология” лабораторияси мудири Ҳабиб Қўшиев раҳбарлигида амалга оширган ушбу илмий иши юртимиз қишлоқ хўжалигида, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва тайёрлаш соҳасида муҳим янгилик бўлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019